Hujjat nomi
Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Ta’lim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-06-21 16:16:22
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-07-06 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом хорижий давлатларда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олганлик тўғрисидаги 1992 йил 1 январдан сўнг берилган ҳужжатларни тан олиш ҳамда уларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартибини белгилайди.

Низом хорижий давлатларда клиник ординатура бўйича таълим олган ҳужжатларга ҳам тегишлидир.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш - ҳужжатларни ваколатли давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қонуний кучга эга эканлигига розилиги;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) - Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартларига мослигини аниқлаш, ваколатли давлат органлари томонидан ушбу ҳужжатлар эгалари тайёргарлиги даражаси мувофиқлигини белгилаш ва уларга Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига эга бўлган шахсларга берилгани каби академик ва (ёки) касбий ҳуқуқлар берилиши;

талабгор – хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун ариза билан мурожаат қилган шахс;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими – таълим олувчиларнинг ихтисосликка доир касбий компетенцияларини шакллантиришга йўналтирилган узлуксиз таълим тури;

олий таълим – аниқ таълим йўналиши ва мутахассисликлар бўйича таълим олувчиларни касбий фаолиятга тайёрлашга йўналтирилган узлуксиз таълим тури;

давлат таълим стандартлари – таълим мазмуни ва сифатига қўйиладиган мажбурий талаблар мажмуи;

давлат талаблари – таълим мазмунига, тузилмасига ва амалга ошириш шарт-шароитларига ҳамда таълим олувчиларнинг жисмоний, шахсий, интеллектуал, илмий, касбий сифатларига қўйиладиган меъёр ва талаблар мажмуи;

ўқув режа – ўқув фаолияти турлари, ўқув фанлари ва курсларининг таркиби, уларни ўрганишнинг изчиллиги ва соатлардаги ҳажмини белгилайдиган ҳужжат;

ўқув дастури – таълим мазмуни, унинг таълим олувчилар томонидан ўзлаштирилишининг энг мақбул усуллари, ахборот манбалари кўрсатилган норматив ҳужжат;

ўқитишнинг меъёрий муддати – таълим олувчилар томонидан ўқув режалари ва фанлар дастури ўзлаштирилиши учун белгиланган муддат.

3. Хорижий давлатларда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олганлик тўғрисидаги, шунингдек, клиник ординатурани ўтаганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)ни ташкил этиш ҳамда тегишли гувоҳнома бериш бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб аталади) томонидан амалга оширилади.

4. Давлат инспекцияси талабгорлардан хорижий давлатларда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олганлик тўғрисидаги, шунингдек, клиник ординатурани ўтаганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини аниқлаш) учун зарур бўлган ҳужжатларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиб олади, таълим тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) жараёни учун барча зарур ҳужжатлар мавжудлигини аниқлайди ва материалларни Эксперт комиссиясига юборишни ташкил этади, Эксперт комиссияси томонидан нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун тақдим этилган таълим тўғрисидаги ҳужжатни экспертизадан ўтказиш натижасига кўра хулоса тайёрланишини ташкил этади ҳамда Эксперт комиссиясининг хулосаси ҳақида талабгорга маълум қилади, Эксперт комиссияси томонидан белгиланган махсус синовларни ташкил этади ва ўтказади.

2-боб. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун ариза қабул қилишга қўйиладиган талаблар

5. Талабгорлар хорижий давлатларда касб-ҳунар ва олий таълим, шунингдек клиник ординатура бўйича таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини нострификациялаш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХП дан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими нострификация талабгори номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса нострификация талабгори мустақил равишда белгиланган Регламентга мувофиқ сўровномани тўлдиради.

6. Хорижий давлатларда касб-ҳунар ва олий таълим, шунингдек клиник ординатура бўйича таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисидаги сўровномада талабгорнинг электрон манзили кўрсатилгани унинг мурожаати бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилиги ҳисобланади.

7. Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асл нусхаси (ўтилган ўқув курслари ва уларнинг ҳажми, якуний баҳолар, амалиёт, курс ва битирув малака ишлари рўйхати, ўқув жараёнининг бошқа бажарилган талаблари кўрсатилиши лозим);

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси;

ҳужжат эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Ариза давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинганда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асли ариза қабул қилингандан кейин ҳужжат эгасига қайтарилади.

Талабгордан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни
ва ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

8. Ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги учун талабгор қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Ҳар қандай босқичда маълумотлар қалбакилаштирилганлиги маълум бўлса, нострификация жараёни тўхтатилади, топширилган ҳужжатлар ва йиғим қайтарилмайди.

9. Зарур маълумотлар расмийлаштирилгандан ва сўровномага киритилгандан сўнг талабгор уни ўз электрон рақамли имзоси (кейинги ўринларда ЭРИ деб юритилади) билан тасдиқлайди.

Давлат хизматлари маркази ходими ва ЯИДХП талабгорни давлат хизматларидан фойдаланиш учун ЭРИ мажбурий тартибда бўлиши шарт эканлиги тўғрисида олдиндан хабардор қилади.

Давлат хизматлари марказлари талабгорлар ЭРИни жойнинг ўзида олишлари учун барча зарур шароитларни таъминлашга мажбурдир.

10. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) бўйича давлат хизматини кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

Давлат хизматлари маркази орқали амалга оширилганда йиғимнинг 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

ЯИДХП орқали амалга оширилганда йиғимнинг 10 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳисоб рақамига ўтказилади.

11. Талабгорларда ЭРИ мавжуд эмаслиги ёки уни олишнинг рад этилганлиги, сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, мазкур давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.

12. Талабгор ушбу давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.

Нострификация талабгори давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

13. Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига юборади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига юборилади.

14. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси сўровнома тушган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) жараёни учун барча зарур ҳужжатлар мавжудлигини аниқлайди ва ушбу материалларни тегишли Эксперт комиссиясига юборади.

15. Ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги сўровномани кўриб чиқишни рад этиш учун асос бўлади ва шу куннинг ўзида ҳужжатларни Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки нострификация талабгорига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.

16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси аризани қабул қилгандан сўнг 15 кун ичида ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) бўйича махсус экспертизадан ўтказади, Эксперт комиссияси томонидан берилган хулосани (ижобий ёки салбий) давлат инспекциясининг масъул ходими электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали талабгорга тақдим этади.

17. Талабгор, шунингдек ўз тайёргарлиги ҳақида бошқа ҳужжатларни, жумладан, таълим олишнинг кейинги даражалари, касбий фаолият билан шуғулланиш мумкинлиги, амалий тажриба ҳақида ҳужжатларни ҳам тақдим этишга ҳақлидир. Тан олиш ва эквивалентлигини қайд қилиш учун зарур бўлган материаллар Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржималари билан тақдим этилади.

18. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойиш ва баённомалари асосида хорижий давлатларда таълим олган;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритишига рухсат этилган хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида таълим олган;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритишига рухсат этилган (таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолияти лицензияланган) ва Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда таъсис этилган хорижий давлатларнинг нодавлат олий таълим муассасаларида таълим олган;

1992 йил 1 январга қадар хорижий давлатларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган ва мустақиллик йилларида тамомлаган;

мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар)га мувофиқ тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг йўлланмалари асосида таълим олган;

халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатига киритилган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан ҳар йили рўйхати тасдиқланадиган таълим муассасаларида таълим олган битирувчиларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари.

Мазкур бандда белгиланган хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга ошириладиган ҳужжатларни тан олиш жараёни мазкур низомнинг 4-бобидаги 22- ва 23-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқ амалга оширилади.

19. Давлат инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тегишли хорижий давлатларнинг давлат рўйхатида турган (легализация ёки аккредитация қилинган) ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари тўғрисидаги маълумотни олдиндан тайёрлаб қўйишлари лозим. Бунинг учун юқорида номлари қайд этилган идоралар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда элчихоналар ва ваколатхоналарга мурожаат қилишлари мумкин.

[ izohlar (2) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Tolegenov Rustem Ganabergenovich 2018-06-23 18:26:26

1992 йил 1 январга қадар хорижий давлатларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган ва мустақиллик йилларида тамомлаган деган сузларни 1992-йил 31-декабргача деб узгартилса максадга муофик булади деб уйлайман сабаби Мустакиллик олинганнан кейин биринши мактабдаги 11-классни битирганлар 1992-йил май ойида булди улар 1992-йил август ойида укишга топширган ва сентябрд кирган булади. Мустакилликдан кейн мактабни биринчи битирувчиларга хорижий давлатларга укишга бориб топширган ва укиб тамомлаганларга тугридан тугри нострификация килишга имконият бериш керак деб уйлайман.

rahmatov otabek asadulla o'gli 2018-07-06 21:08:24

халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатига киритилган холатда ҳар йили рўйхати тасдиқланадиган қўшма қарорни матбуотда эълон қилиш бўйича норма киритилиши лозим. шунингдек, халқаро тан олинган диплом бакалаврми ёки магистрми эканлигидан қатъи назар тан олиниши бўйича хам норма аниқ баён этилиши зарур

3-боб. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)ни ташкил этиш соҳасидаги ваколатлари

20. Давлат инспекцияси таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган ўқув юртининг ўша давлатда тегишли рўйхатда (давлат рўйхатидан ўтганлиги, лицензияси мавжудлиги, аккредитацияланганлиги) борлигини текширади, ҳужжатнинг иловасида кўрсатилган фанлар ва махсус курслар Ўзбекистон Республикасида ушбу ёки унга турдош йўналишдаги мутахассисликлар бўйича тасдиқланган ўқув дастурига мос келиш-келмаслигини (умумкасбий ва мутахассислик фанлари бўйича) эксперт комиссияси орқали аниқлашни ташкил этади ва энг кўпи билан ўн беш кун муддатда тегишли қарорини чиқаради. Давлат инспекцияси лозим бўлган ҳолларда тегишли ўқув юрти, маҳаллий ва хорижий ташкилотлардан аниқлаштирувчи ҳужжатларни сўраб олиши мумкин.

21. Давлат инспекцияси хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)ни ташкил этиш соҳасида қуйидаги ваколатларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг вакилларидан иборат таркибда тегишли таълим йўналиш (мутахассислик)лари бўйича хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини аниқлаш) бўйича экспертизадан ўтказувчи эксперт комиссиясини (кейинги ўринларда Эксперт комиссияси деб аталади) шакллантириш ва унинг ишини ташкил этиш;

талабгорлардан хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини аниқлаш) учун зарур бўлган таълим тўғрисидаги ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олиш;

таълим тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) жараёни учун барча зарур ҳужжатлар мавжудлигини аниқлаш ва материалларни Эксперт комиссиясига юборишни ташкил этиш;

Эксперт комиссияси томонидан нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун тақдим этилган таълим тўғрисидаги ҳужжатни экспертизадан ўтказиш натижасига кўра хулоса тайёрланишини ташкил этиш;

Эксперт комиссиясининг хулосаси ҳақида талабгорга маълум қилиш;

Эксперт комиссиялари томонидан белгиланган махсус синовларни ташкил этиш ва ўтказиш;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тан олинганда ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) амалга оширилганда талабгорга давлат намунасидаги гувоҳномалар расмийлаштирилишини ташкил этиш.

4-боб. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш жараёнига қўйиладиган талаблар

22. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш жараёни халқаро битимлар ва тавсиялар, Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартлари, меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

23. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш талаблари:

таълим тўғрисидаги ҳужжатни берган таълим муассасаси ўзи жойлашган давлатнинг ваколатли органлари томонидан тан олинган бўлиши;

таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда тан олинган бўлиши;

таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олиниши Ўзбекистон Республикаси билан давлатлараро битимларда кўзда тутилган (мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно) бўлиши зарур.

Мазкур бандда белгиланган талабларга мос келмаслик хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олмасликка асос бўлади.

Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) амалиёти жорий қилинган 2000 йилгача ўқишга кирган ва тамомлаган талабгорларнинг ҳужжатларини тан олишда юқоридаги талаблар қўлланилмайди.

5-боб. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)га қўйиладиган талаблар

24. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялашда ушбу давлатларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари тан олингандан кейин уларнинг Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган давлат таълим стандартларига мослиги аниқланади ва ҳужжат эгаси тайёргарлиги даражасини мувофиқлиги (эквивалентлиги) белгиланади.

Эквивалентликни қайд этиш жараёни махсус экспертиза орқали ўтказилади.

25. Махсус экспертиза қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади:

ўқув режалари ва дастурларининг мазмуни ҳамда мувофиқлиги;

ўқув жараёни компонентларининг (фанлар (модуллар), шунингдек, амалиёт (стажировка), якуний малака аттестацияси, битирув малака иши ёки магистрлик диссертацияси (агар бундай компонентлар хорижий таълим муассасаси томонидан назарда тутилган бўлса) мазмуни, бажарилган талаблари ва бундай талабларнинг нострификация талабгори томонидан бажарилиши.

Олинган билимлар ва тажриба якуний тайёргарлик нуқтаи назаридан ўқув режалари ва таълим услубиятида бўлиши мумкин бўлган фарқларни эътироф этган ҳолда баҳоланади.

26. Хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) жараёнида амалга ошириладиган махсус экспертиза учун эксперт мутахассисга битта ҳужжат учун 2 (икки) соат миқдорида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига мувофиқ ҳақ тўланади.

27. Эквивалентлик тўғрисидаги хулоса қуйидагилар асосида қабул қилинади:

таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги ижобий хулоса;

Ўзбекистон Республикаси ва таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган мамлакатдаги таълим тузилмасига қўйилган умумий талабларнинг мослиги;

таълим мазмунининг мослиги тўғрисидаги экспертизанинг ижобий хулосаси.

Таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг эквивалентлиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро ва давлатлараро битимлар ва шартномалар мавжуд ҳолларда эквивалентлик тўғрисидаги хулоса мазкур халқаро битимлар ва шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

28. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларда кўрсатиб ўтилган тайёргарлик соҳаси Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим йўналишлари рўйхатига мос келмаса (мазкур Низомнинг 18-бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно) ёки ўқитиш ҳамда тайёрлаш Ўзбекистон Республикасида олиб борилмайдиган таълим йўналишлари, мутахассисликлар ва соҳаларда амалга оширилган бўлса, мазкур хужжатларнинг эквивалентлигини қайд этиш масаласи экспертлардан иборат махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади.

Махсус комиссияни Давлат инспекцияси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда беш иш кунида шакллантиради.

Ўзбекистон Республикасида тайёрланмайдиган таълим йўналишлари ва мутахассисликларига оид хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар эквивалентлигини қайд этиш масаласи бўйича тузиладиган Махсус комиссия таркибига мазкур соҳанинг назариётчи ва амалиётчи мутахассислари ҳамда турдош соҳа мутахассислари киритилиши мумкин.

29. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг эквивалентлиги тўғрисидаги салбий хулоса қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

хорижий давлатларда профессионал маълумот тўғрисида ҳужжат берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври (тўлиқ ўрта маълумот олингандан кейин) Ўзбекистон Республикаси таълим стандартларида назарда тутилган даврдан икки йилдан кам бўлса;

таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган мамлакатда унинг эгасига Ўзбекистондагига қараганда кам академик ва (ёки) профессионал ҳуқуқлар берилган бўлса (масалан, ҳужжат эгаси олий ўқув юртларига, магистратура ёки докторантурага кириш, профессионал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслиги);

маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса.

30. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни эквивалентлигини қайд этиш жараёни халқаро битимлар ва тавсиялар, Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартлари, меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

6-боб. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдим этилган материалларни кўриб чиқиш тартиби

31. Эксперт комиссиялари Давлат инспекцияси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли таълим йўналиш (мутахассислик)лари бўйича ташкил этилади. Ушбу комиссиялар таркибига етук олимлар ва мутахассислар киради. Комиссиялар фаолиятига Давлат инспекцияси раҳбарлик қилади.

32. Экспертиза давлат таълим стандартлари, таълим муассасасини ўзлари жойлашган давлатларда белгиланган тартибда аккредитация қилиш ҳақидаги ҳужжат, кўрсатиб ўтилган таълим йўналиш (мутахассислик)лари бўйича ўқув режалари, ўқитилган ўқув фанларининг дастурлари, малака тавсифномалари ва Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган бошқа талаблар асосида амалга оширилади.

33. Эксперт комиссияси нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун тақдим этилган таълим ҳужжатини ушбу Низомнинг 25-бандига мувофиқ махсус экспертизадан ўтказиш натижасига кўра хулоса тайёрлайди.

Эксперт комиссияси хулосасида ариза берувчининг хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжати белгиланган талабларга жавоб бериши ва у махсус синовларга (тест, ёзма иш, суҳбат) тавсия этилиши ёки хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжати белгиланган талабларга жавоб бермаслиги сабабли нострификациялашга тавсия этилмаслиги тўғрисида тавсияси баён этилади.

34. Ижобий хулоса олган (махсус синовларни топширишга тавсия этилган) ариза берувчи махсус синовдан ўтиш учун давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқалиДавлат инспекциясига мурожаат қилиши керак. Махсус синовлардан ўтиш муддати тасдиқланган жадвалга мувофиқ ариза берувчининг розилиги билан белгиланади.

Махсус синов натижаларига кўра салбий баҳоланган талабгор махсус синовларни қайта топшириш учун тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда махсус синовга кириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Махсус синовларни қайта топшириш тўғрисидаги ариза давлат хизматлари марказлари орқали юборилганда, аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим суммасининг 20 фоизи белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг махсус ҳисоб рақамига, Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг электрон манзили орқали мурожаат қилинганда, аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим суммасининг 10 фоизи белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.

35. Махсус синовлар ариза берувчининг диплом иловасида мавжуд бўлган 3 тадан кўп бўлмаган мутахассислик фанлари бўйича, ҳуқуқ ва педагогика йўналишларида эса қўшимча равишда тарих ва ижтимоий фанлардан ўтказилиши мумкин.

Ариза берувчининг мутахассислиги бўйича суҳбат соҳа бўйича тузилган Эксперт комиссияси томонидан ўтказилади.

36. Махсус синов натижасига кўра 55 фоиз ва ундан кам балл тўплаган ариза берувчининг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари нострификациялашга (эквивалентлигини қайд этишга) тавсия этилмайди.

37. Махсус синовлар натижасидан норози бўлган ариза берувчи синов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида шикоят билан Давлат инспекциясига мурожаат қилиши мумкин.

Махсус синовни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича шикоятлар синов ўтказилган куни берилиши лозим.

Махсус синовлар натижаси бўйича тушган шикоят Давлат инспекцияси бошлиғининг буйруғи билан ташкил этилган комиссия томонидан икки ҳафта ичида кўриб чиқилади ва ёзма равишда муаллифга жавоб юборилади.

Эксперт комиссияси қарорига мувофиқ махсус синовлар натижасига кўра ҳужжатлари нострификациялашга тавсия этилмаган ариза берувчилар белгиланган тартибда махсус синовларни топшириш учун қайта ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

38. Соҳалар бўйича шакллантирилган Эксперт комиссияларининг ҳар бир йиғилишида иштирок этганлиги учун эксперт мутахассисга 4 (тўрт) соат миқдорида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига мувофиқ ҳақ тўланади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) жараёнида эксперт мутахассислар меҳнатига тўланадиган соатбай ҳақ талабгор томонидан тўланадиган йиғим ҳисобидан амалга оширилади.

39. Эксперт комиссияси хорижий давлатларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларини ўрганиб чиқиш ва ушбу Низомнинг 33-бандига мувофиқ ўтказиладиган махсус синовлар натижасига кўра тегишли якуний хулоса тайёрлайди ва уни Давлат инспекциясига тақдим этади.

40. Давлат инспекцияси эксперт комиссиясининг хулосасини кўриб чиқиб, таълим тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) ёки уни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатини тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)ни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, 3 кун муддат ичида талабгорга рад этиш сабаблари кўрсатилган билдиришномани давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади.

Талабгор хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатини тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)ни рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

41. Хорижий давлатларда касб-ҳунар ва олий таълим, шунингдек клиник ординатура бўйича таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг эквивалент эканлигини қайд этилганлиги ҳақидаги қарор ҳужжатнинг эгасига махсус электрон гувоҳнома бериш тўғрисида Давлат инспекциясининг тегишли буйруғи чиқарилишига асос бўлади.

Нострификация гувохномаси шакли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда Давлат инспекцияси томонидан тасдиқланади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тан олинганда ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) амалга оширилганда белгиланган намунадаги электрон гувоҳномани генерация қилади, электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали нострификация талабгорига тақдим этади.

Ҳужжат эгасининг хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжати гувоҳнома билан биргаликда тақдим этилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлади.

Гувоҳнома унинг эгасига Ўзбекистон Республикасидаги таълим муассасасида навбатдаги босқичда ўқишни давом эттириш ёки касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини беради

42. Ариза берувчининг ҳужжатларини кўриб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва қарор қабул қилиш муддати ариза қабул қилинган кундан бошлаб 15 иш кунидан ошмаслиги керак.

Таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат берган таълим муассасаси, маҳаллий ва хорижий ташкилотлардан аниқлаштирувчи ҳужжатларни олиш талаб этилган ҳолларда экспертизадан ўтказиш ва қарор қабул қилиш муддати аниқлаштирувчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб ҳисобланади.

Махсус синовларни ташкил этиш ва ўтказиш учун талаб этиладиган вақт мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган муддатга кирмайди.

7-боб. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) гувохномалари реестрини юритиш тартиби

43. Давлат инспекцияси гувохнома турлари бўйича «Гувохнома» ахборот тизимлари комплексида хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) гувохномалари реестрини юритади.

Гувохномалар реестрларида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

талабгор тўғрисидаги асосий маълумотлар, шу жумладан, талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, таълим олган давлат номи, таълим муассасаси ва мутахассислиги номи, ҳужжат серияси ва рақами;

гувохноманинг берилган санаси ва тартиб рақами;

гувохноманинг серияси ва рақами

44. Гувохномалар реестридаги маълумотлар «Гувохнома» ахборот тизимлари комплексидаги веб-сайтда жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.

8-боб. Якунловчи қоида

45. Давлат хизматлари марказлари ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси нострификация талабгори ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши керак.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу низом талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назоратни ва мониторингни амалга оширадилар.

46. Тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) натижалари юзасидан шикоят ва аризалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳасини тайёрлаш ва тасдиқлашМазкур қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Касб-ҳунар таълими маркази, Давлат тест маркази билан келишииб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди2 ойЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузиридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги,

So`rovnoma natijalari