Hujjat nomi
Фарғона вилоятида анор етиштиришни кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Qishlоq хo‘jаligi vаzirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-06-28 18:59:36
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-07-13 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Фарғона вилоятида анор етиштиришни кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Фарғона вилоятида анор етиштирувчи хўжаликларни ташкил этиш ва ушбу фаолият билан шуғулланувчи хусусий сектор вакилларига кўмаклашиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий ишлар олиб бориш, инновацион ресурс тежамкор технологиялар асосида анор кўчатлари ва маҳсулотини етиштириш, уни қайта ишлашни комплекс ривожлантириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини ошириш, айниқса, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш механизмини таъминлайдиган ягона ташкилий тизимни барпо этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги анор етиштирувчи ташкилотларнинг Фарғона вилоятида анор кўчатларини етиштиришни янада ривожлантириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида "Анор етиштирувчилар" уюшмасини (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Маълумот учун қабул қилинсинки:

“Фарғона анорчилик” ва “Миндонобод агросаноат” агрофирмалари, “Фарғонаазот” АЖ, “Мастона” АЖ, "Агро сифат логистика" МЧЖ,"Агро сервис азия" МЧЖ ва фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари, анор экспорти билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар Уюшма муассислари ҳисобланади;

ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар шартнома асосида Уюшмага мустақил аъзо бўлишлари мумкин ва унинг таркибидан чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.

3. Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

анорчилик соҳасини ривожлантириш, ихтисослашган хўжаликлар ташкил этиш ва ушбу фаолият билан шуғулланувчи хусусий сектор вакилларига кўмаклашиш;

соҳани комплекс ривожлантиришда иштирок этиш, илмий-техникавий, технологик, инвестицион, қайта ишлаш ва экспорт сиёсатини амалга ошириш;

ер майдонлардан самарали фойдаланиш, интенсив ресурстежамкор технологияларни қўллаган ҳолда анорзорларни барпо этиш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, уни қайта ишлаш ва экспортини амалга ошириш ишларини босқичма-босқич ошириб бориш;

анор етиштириш жараёнларига хорижий сармояларни, чет эллик мутахассислар ҳамда консультантларни фаол жалб қилиш, уларнинг тажрибаларини ўрганиш ва соҳага илғор технологияларни кенг жорий қилиш;

сифатли экспортбоп анор кўчатларини кўпайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларига кўчатларни тизимли етказиб бериш, касаллик ва зараркунандаларига қарши биологик ҳамда кимёвий воситалар асосида курашиш ишларини ташкил этиш;

анор етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспортга етказиб бериш жараёнларини ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

анорзорларда мавсум давомида агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш бўйича фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларини ўқитиш учун анорчилик мактабини ташкил этган ҳолда махсус ўқув тайёрлов курсларини ташкил этиш;

янги анорзорлар ташкил этиш ва агротехник тадбирларини ўтказиш учун талаб этиладиган минерал ўғитлар ва ёқилғи мойлаш материаллари ҳисоб-китобларини амалга ошириш.

4. Қуйидагилар:

"Анор етиштирувчилар" уюшмасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

"Анор етиштирувчилар " уюшмасининг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 16 нафардан иборат бўлган ижро этувчи аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Уюшма раисига, зарурат бўлганда, ижро этувчи аппаратининг тузилмасига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.

Уюшманинг ижро этувчи аппаратининг жорий таъминоти ҳамда фаолиятини молиялаштириш уларнинг таркибига шартнома асосида кирувчи тадбиркорлик субъектларининг аъзолик бадаллари, халқаро молия институтларининг грантлари, шунингдек қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

5. Белгилаб қўйилсинки, Уюшма раиси ва ўринбосарлари Уюшма аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан сайланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда вилоят ҳокимлиги томонидан лавозимга тасдиқланади.

6. "Анор етиштирувчилар" уюшмаси таркибида Анорчилик илмий инновацион марказ (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

инновацион технологияларни жорий этган ҳолда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун махсус кўчатчилик лабараторияни ташкил этиш, ушбу лабараторияда анорнинг маҳаллий серҳосил, вирусдан ҳоли бўлган соғлом, касалликка, қурғоқчиликка, совуққа чидамли, жахон андозалари мос ва уруғсиз анор кўчатларини янги навларини яратиш;

ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, юқори ҳосил берадиган экспортбоп янги навларни районлаштириш;

анорзорларни қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, кўчатларни экиш схемаси, парваришлаш, суғориш, озиқлантириш ва мавсум давомида агротехник тадбирларни ўтказиш, юқори ҳосил олиш масалалари бўйича илмий асосланган амалий тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқиш;

анор кўчатлари экиш, парваришлаш, етиштириш, йиғиштириб олиш ҳамда уларни қайта ишлаш, сақлаш, саралаш ва экспорт қилиш масалалари бўйича ҳар йили мавсумда жойларда кўргазмали ўқув семинарлар ўтказиш;

кўчатларни экиш ва агротехник тадбирларини ўтказиш бўйича кўчат етиштирувчи фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишлар олиб бориш;

етиштирилган анор кўчатларини фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг шахсий томорқалари учун сотишни йўлга қўйиш.

7. Уюшма таркибида ташкил этиладиган Марказ фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда кўчатчилик лабараториясини ташкил этиш ишларини молиялаштириш, уларни келгусида ривожлантириш ва бу соҳада илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, янги анор навларини яратиш ва амалий семинарлар ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасига юклатилсин.

8. Фарғона вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Уюшмага барча қулайликларга эга бўлган бино ва Марказга талаб этиладиган ер майдонларини ажратиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этсин.

9. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси “Анор етиштирувчилар” уюшмаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

анор маҳсулотлари экспортининг янги истиқболли йўналишларини белгилаш, ички ва ташқи бозор талабларини ўрганиш;

ташқибозор талабларидан келиб чиқиб, анорнинг экспортбоп ва қайта ишлашга мос навларини етиштиришга буюртмалар бериш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш;

етиштирилган анор маҳсулотларини экспортга чиқариш бўйича замонавий логистика тизимини кенг жорий этиш, маҳсулотни халқаро талаблар ва стандартларга мос келадиган ҳолда саралаш, калибрлаш ва қадоқлаш йўли билан экспортга чиқаришдан олдин тайёрлаш ишларини ташкил этсинлар.

10. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази, Тошкент давлат аграр университети, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Анор етиштирувчилар " уюшмаси билан биргаликда:

анорзорларни қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, парваришлаш, йилига камида 2 маротаба ҳосил олиш масалалари бўйича илмий асосланган амалий қўлланма ишлаб чиқиш;

бир ой муддатда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб анорзорлар ташкил этиш, етиштириш, парваришлаш ва йиғиштириб олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

2018 йил 1 августгача анорни экиш, парваришлаш, етиштириш, ҳосилни йиғиштириб олиш ҳамда уларни қайта ишлаш, сақлаш, саралаш ва экспорт қилиш масалалари бўйича фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида жойларда кўргазмали ўқув семинарлар ўтказишни ташкил этсинлар.

11. “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Фарғона вилоят ҳокимлиги анор маҳсулотларини илғор технологиялар асосида йил давомида сақлаш учун махсус омборхоналар ташкил этиш, “Миллий анорчилик бренди”ни яратиш, қайта ишлаш жумладан, шарбат, вино, танин, ёғлар, атир, шампун ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ишларини ташкил этсинлар.

12. Қуйидагилар:

Фарғона вилояти туманларида 2018-2020 йилларда анорзорлар ташкил этиш, талаб этиладиган кўчатлар ва маблағлари ҳамда яратиладиган қўшимча янги иш ўринлари бўйича ҳисоб-китоби 3-иловага мувофиқ;

Фарғона вилояти туманларида 2018-2020 йилларда анор етиштириш, экспорт қилиш хажмлари ҳамда оладиган даромадлари бўйича прогноз кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

13. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги ва Фанлар академияси уюшма ва марказ томонидан замонавий интенсив усулларда анор кўчатлари ва маҳсулотлари етиштиришни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари грантлари ва кредитларини жалб этсинлар.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев, Қишлоқ хўжалиги вазири Б.Т. Юсупов ва Фарғона вилояти ҳокими Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш“Фарғона вилоятида анор етиштиришни кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси19.06.2018 й.Боғдорчилик ва узумчилик бошқармаси
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани, жадвални, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш28.06.2018 й.Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш 28.06.2018 й. - 13.07.2018 й.Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ягона портал фойдаланувчилари
4Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама натижаси бўйича қабул қилинган таклифларга мувофиқ қайта ишлашЯгона портал иштирокчиларидан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаб чиқиш ва Ягона порталда қайта жойлаштириш14.07.2018 й.Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
5Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритишЛойиҳа ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш 18.07.2018 й.Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

So`rovnoma natijalari