Hujjat nomi
Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари рўйхатини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi suv хo‘jаligi vаzirligi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-06-30 16:55:41
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-07-15 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари рўйхатини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 ноябрдаги “2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ–3405-сонли қарорига мувофиқ ҳамда марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари рўйхатини шакллантириш ҳамда уларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари рўйхатини шакллантириш, лойиҳаолди/лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А.Арипов


Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил “___” ______даги

____-сон қарорига

ИЛОВА

Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари рўйхатини шакллантириш, лойиҳаолди/лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари рўйхатини шакллантириш, лойиҳаолди/лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди.

2. Ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Давлат ривожланиш дастурлари (кейинги ўринларда – “Давлат дастури” деб аталади) асосида амалга оширилади.

Ирригацияни ривожлантириш Давлат дастури Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

канал— очиқ сунъий сув ўтказувчи иншоот;

суғориш тик қудуқлари — ер ости сувларини суғориш учун чиқаришга хизмат қиладиган, сув қабул қилгич, электр насос, қувурлар, шунингдек бошқариш станцияси билан жиҳозланган ҳамда сув таъминотини яхшилаш учун барпо этиладиган қудуқдан иборат бўлган иншоот;

сув омбори — сув оқимини бошқариш учун ёки бошқа сув хўжалиги мақсадларини қондириш учун мўлжалланган димловчи иншоот ёрдамида вужудга келган сунъий сув ҳавзаси;

гидроузел — бир майдонда жойлашиши ва биргаликда ишлаш шарти билан боғланган сув объектларидаги гидротехник иншоотлар мажмуи;

гидротехник иншоот (ГТИ) — сувдан фойдаланиш ёки унинг зарарли таъсирига қарши курашиш учун қуриладиган муҳандислик иншооти;

насос — электрик, иссиқлик ёки бошқа хил қурилма ёки бир вал ёрдамида ишлайдиган ва керакли баландликка сувни чиқарадиган гидромашина;

гидроэлектро станция — сув энергиясини электр энергиясига айлантиришга мўлжалланган иншоотлар ва ускуналар мажмуи;

магистрал (вилоятлараро) канал — бир вилоятдан ортиқ ҳудудни кесиб ўтадиган очиқ канал;

туманлараро канал — бир вилоят чегарасида биттадан ортиқ туман ҳудудини кесиб ўтадиган очиқ канал;

хўжаликлараро канал — бир туман ҳудудида жойлашган очиқ ва ёпиқ канал;

насос станцияси — машинали сув кўтариш гидротехник иншоотлар мажмуи;

ирригация объектларни реконструкция қилиш ва қуриш — ирригация объектларни тўлиқ ёки қисман қайта қуриш ва қуриш. Объект реконструкция қилингандан кейин унинг дастлабки лойиҳа параметрлари ва иншоотлар таркиби янги лойиҳага мувофиқ қисман ёки тўлиқ ўзгариши мумкин;

тизимли лойиҳа — лойиҳалаштирилаётган объектнинг хизмат кўрсатиш зонасида жойлашган сув хўжалиги объектлари, улардаги иншоотлар ва бошқа суғориш тизимлари бўйича реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш ишларини ўз ичига оладиган ирригация объектларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаси.

II. Суғориладиган ер майдонларининг сув таъминотини яхшилашнинг асосий принциплари

4. Суғориладиган ер майдонларининг сув таъминотини яхшилаш қуйидаги принципиал қоидалар асосида амалга оширилади:

ирригация тизимларининг хавфсиз ва самарали ишлашини таъминловчи механизмни сифат жиҳатидан такомиллаштириш ҳамда суғориш тармоқлари орқали сувларни етарли миқдорда суғориладиган экин майдонларига етказиб бериш;

суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш муаммоси, умуман комплекс ҳолда, ирригация тизими билан биргаликда, энг кам экологик оқибатлар билан юқори ҳосил олишга қаратилган суғориш режими ва суғориладиган ерларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизими яратилиши сифатида қаралиши зарур;

суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилашга ва унумдорлигини оширишга йўналтирилган экинларни алмашлаб экишнинг юқорида кўрсатиб ўтилган тизимини амалга ошириш, сувни ҳисобга олиш, режалаштириш ҳамда такомиллаштириш йўли билан таъминлаш;

республика ҳудудларида экиладиган барча турдаги экинларнинг сув билан таъминланганлик даражасидан келиб чиқиб жойлаштирилишини, айниқса, кўп сув талаб қиладиган экин майдонларини зарур ҳолларда қисқартириш чораларини кўриш зарур;

ирригация-мелиорация тизимининг ишончли ишлашини ҳисобга олиш ва баҳолаш, уларни таъмирлаш, тиклаш, қуриш ва реконструкция қилиш заруриятини аниқлаш, объектларнинг энг мақбул лойиҳавий ечимлари нуқтаи назаридан амалга оширилиши керак.

5. Ирригацияни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширишда унинг устуворлиги ҳамда экологик ва бошқа табиий-хўжалик шарт-шароитлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

6. Ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари Давлат дастурининг тасдиқланган параметрлари асосида ҳар йили:

қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларининг лойиҳа-қидирув ишлари;

келгуси йилдаги бошқа сув хўжалиги чора-тадбирларининг ҳудудий аниқ дастурлари ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

III. Давлат дастурини шакллантириш

7. Давлат дастурида ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек ирригацияни ривожлантириш бўйича бошқа чора-тадбирлар прогноз параметрларини ўз ичига олади.

8. Ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш Давлат дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 декабрдаги ПҚ-3437-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ шакллантирилади.

9. Ҳудудларнинг сув танқислигини юмшатиш бўйича ирригация объектларининг иқтисодий кўрсаткичлари ва устуворлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги масалалари бўйича Тармоқ илмий-техник кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Давлат дастурига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

10. Давлат дастурининг тасдиқланган мақсадли параметрлари асосида, муайян ҳудудлардаги реал сув таъминоти бўйича шарт-шароитлар, шунингдек ирригация тадбирларини молиявий жиҳатдан таъминланганлик прогнози ҳисобга олинган ҳолда, келгуси йил учун ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларининг дастлабки рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари (кейинги ўринларда “Ҳавза бошқармалари” деб аталади) томонидан ҳар йили апрель ойининг биринчи санасигача бўлган муддатда ишлаб чиқилади.

IV. Ҳудудий аниқ дастурларни шакллантириш

11. Жойларда ҳақиқий шарт-шароитларни ўрганиш, ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларнинг аниқ дастурларини шакллантириш бўйича таклифларни тайёрлаш учун ҳар йили Ҳавза бошқармалари буйруқлари билан махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилади. Ишчи гуруҳлар ҳар бир туманлар бўйича тузилади.

Ишчи гуруҳлар таркибига:

Ҳавза бошқармалари;

Ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетикабошқармалари (кейинги ўринларда насос станциялари ва энергетика бошқармаси деб аталади);

ҳавза бошқармаларининг туман ирригация бўлимлари (кейинги ўринларда туман ирригация бўлими деб аталади);

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги буюртмачи “Сувқурилишинвест” давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда Буюртмачи деб аталади);

лойиҳа ташкилотлари;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича Давлат қўмитасининг ҳудудий органлари;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасининг ҳудудий органлари;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий органлари;

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳудудий органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар, корхоналар раҳбарлари ва мутахассислари киради.

12. Ҳавза бошқармалари томонидан манфаатдор ташкилотлар, корхоналар билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутадиган материаллар ҳар йили март ойининг биринчи санасига қадар тайёрланади ва ишчи гуруҳларга кўриб чиқиш учун тақдим этилади:

ирригацияни ривожлантиришга қаратилган ирригация объектларининг рўйхати ва параметрлари кўрсатилган схематик хариталар;

ирригация объектларининг хизмат кўрсатиш зонаси (вилоят, туманлар, сув истеъмолчилари уюшмалари, фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари) ва унинг таркибига кирувчи алоҳида сув хўжалиги объектлари;

ирригация объектларининг кадастр ҳужжатлари, суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик даражаси, ирригация объектларининг техник ҳолати, ирригацияни ривожлантириш чора-тадбирларининг бажарилиши, сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларнинг сифати, насос станциялар ва вертикал дренаж қудуқларининг иш режимлари тўғрисидаги охирги уч йиллик ахборотлар, шу жумладан ер ресурсларидан фойдаланиш бўйича статистик материаллар ҳамда ирригация объектлари тўғрисидаги бошқа маълумотлар.

13. Тақдим этилган материаллар асосида ҳар бир ишчи гуруҳ:

суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик даражаси ва паст самарадорлигининг асосий сабабларини аниқлайди;

ирригация объектларининг фойдаланувчи ҳодимлари, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари билан биргаликда ирригация объектларининг ҳамда суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик даражасини ўрганади ва хатловдан ўтказади;

ирригация объектларнинг қониқарсиз участкаларини аниқлайди;

ирригация объектларнинг техник ҳолатини ва ирригацияни ривожлантириш бўйича асосланган таклифларни ишлаб чиқади;

ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари рўйхатини ишлаб чиқади;

амалга ошириладиган тадбирлар самарадорлигини ҳамда муҳимлилик жиҳатидан биринчи навбатда амалга оширилиши зарур бўлган устувор лойиҳалар кетма-кетлигини ишлаб чиқади.

Ишчи гуруҳлар ирригация объектлари ҳолатини ҳар йили февраль ойида ўрганиб чиқадилар. Бундан ташқари, ирригация тизимлари бошқармалари, насос станциялари ва энергетика бошқармаларининг фойдаланувчи ходимлари, сув истеъмолчилари уюшмалари мутахассислари томонидан фермерлар, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари билан биргаликда, ҳар йили суғориш мавсумидан кейин, сентябрь ойининг биринчи ва иккинчи декадасида, ирригация объектлари белгиланган тартибда қўшимча равишда ўрганиб чиқилади.

14. Ирригация объектларини ва суғориладиган ҳудудни кўздан кечириш ва ўрганиб чиқиш тугаллангандан кейин ишчи гуруҳлар:

келгуси йил учун ирригацияни ривожлантириш бўйича таклифлар киритган ҳолда ҳар бир лойиҳанинг устуворлигини асослайди ва белгилайди;

ҳар бир лойиҳа учун аннотация ва паспорт (асосий кўрсаткичларни) тайёрлайди;

ҳар бир туман ва вилоят бўйича лойиҳаларнинг амалга ошириш босқичларини, бажариладиган асосий чора-тадбирларни, шунингдек уларнинг хизмат кўрсатиш чегараларини кўрсатган ҳолда ирригация-мелиорация тизими харитасини тузади;

Ирригация объектлари, ҳудудларда суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик даражаси, экологик ва бошқа табиий-хўжалик шарт-шароитлари ҳолатини йиллик хатловдан ўтказиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, тасдиқланган Давлат дастурининг прогноз параметрлари доирасида келгуси йил учун аниқ таклифларни Ҳавза бошқармаларига киритади.

15. Навбатдаги йил учун аниқ таклифлар:

ирригация объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари рўйхати;

лойиҳа-қидирув ишлари рўйхати;

илгари тасдиқланган устувор лойиҳалар рўйхатига асословчи ҳужжатлар ва тегишли хулосаларга кўра ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали амалга оширилади.

16. Ишчи гуруҳлар томонидан тайёрланган келгуси йил учун ирригацияни ривожлантириш бўйича таклифлар ҳар йили март ойининг

15-санасигача бўлган муддатда сув истеъмолчилари уюшмалари, фермер хўжаликлари, барча манфаатдор ташкилотлар ва корхоналар иштирокида муҳокама қилинади.

келгуси йил учун тумандаги ирригацияни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ таклифлари туман ҳокими билан келишилади.

17. Ҳавза бошқармалари, Буюртмачи, туманлар ҳокимлари билан биргаликда келишилган таклифлар асосида келгуси йил учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ирригацияни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурини ишлаб чиқади.

Ҳавза бошқармалари, Буюртмачи билан биргаликда ирригацияни ривожлантириш ҳудудий аниқ дастури лойиҳаси тақдимотини кенгайтирилган мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоятлар, туманлар ҳокимликлари раҳбарлари, ҳавза бошқармаси сув хўжалиги кенгаши аъзолари, шунингдек манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказади.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоятлар, туманлар ҳокимликлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, ҳавза бошқармалари, насос станциялари ва энергетика бошқармалари бошлиқлари, Буюртмачи, шунингдек ишчи гуруҳлар аъзолари суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик даражасига холисона баҳо беришлари ва таклиф этилаётган комплекс чора-тадбирларнинг пухта ишлаб чиқилишини таъминлаши зарур.

Ирригацияни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича барча мажлислар якунлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ҳамда вилоятлар ва туманлар ҳокимликларининг тегишли баённомалари билан расмийлаштирилади.

V. Келгуси йиллар учун ҳудудий дастурларни кўриб чиқиш

18. Ҳавза бошқармаси Буюртмачи билан биргаликда ҳар йили апрель ойининг биринчи санасигача бўлган муддатда келгуси йиллар учун ирригацияни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурлари лойиҳаларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этиладиган ҳужжатлар йиғмаси:
келгуси йиллар учун Қорақалпоғистон Республикаси ва тегишли вилоят бўйича ирригацияни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини, шу жумладан туманларнинг таклифларини;
ирригацияни ривожлантириш дастурларини муҳокама қилиш бўйича мажлисларнинг тасдиқланган баённомаларини;
ҳар бир туманнинг асосий суғориш тизимлари, ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тизимли лойиҳаларга кирадиган ирригация объектлари схематик харитасини ва мавжуд ҳолатларни акс эттирган фотолавҳаларни;
ҳудуддаги суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик даражаси тўғрисидаги таҳлилий маълумотнома, ҳар бир лойиҳанинг устуворлигини асослаш, уларнинг дастлабки техник кўрсаткичлари, дастлабки ҳисоб-китобларни ҳамда амалга оширишдан кутилаётган натижаларни ўз ичига олади.
19. Келгуси йил учун ирригацияни ривожлантиришнинг ҳудудий аниқ дастурлари ҳар йили апрель ойининг 15-санасигача бўлган муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тегишли бошқармаларида кўриб чиқилиши;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Тармоқ илмий-техник кенгаши мажлисида муҳокама қилиниши шарт.
Мажлис якунлари бўйича тегишли баённомалар расмийлаштирилади.
20. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳар йили:
апрель ойининг 20-санасигача бўлган муддатда – Тармоқ илмий-техник кенгаши мулоҳазалари ва тавсиялари ҳисобга олинган ҳолда қайта ишланган келгуси йиллар учун ирригацияни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини умумлаштиради;
апрель ойининг 25-санасигача бўлган муддатда – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва Молия вазирликларига ирригацияни ривожлантириш бўйича таклифлар киритади.
21. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан келгуси йиллар учун республика ирригация тизимларини ривожлантириш бўйича киритган таклифлари:
ирригация объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳаларнинг дастурини;
лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларининг аниқ дастурини;
истисно тариқасида, аввал қабул қилинган давлат дастурига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича асосланган таклифларни ўз ичига олади.
22. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ирригацияни ривожлантириш юзасидан Сув хўжалиги вазирлигининг таклифлари бўйича ўз хулосаларини ҳар йили май ойининг 10 санасигача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига киритади.
23. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳар йили май ойининг
20-санасигача бўлган муддатда келгуси йил учун ирригацияни ривожлантириш бўйича Сув хўжалиги вазирлигининг таклифларини, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси хулосаларини ўрганади ва умумлаштирилган таклифлар тайёрлайди.
24. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига – келгуси йил ва кейинги йиллар учун Давлат ривожланиш дастурини шакллантириш мақсадида ирригация объектларини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳаларининг аниқ дастури бўйича таклифлар киритади;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси Кенгашига ҳар йили июнь ойининг 1-санасигача бўлган муддатда келгуси йил учун умумлаштирилган таклифлар киритади.
25. Муҳокама натижалари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси Кенгашининг баённомаси билан расмийлаштирилади.
26. Навбатдаги уч ёки беш йиллик муддат учун Давлат дастури ушбу Низомда белгиланган ҳар йилги ҳудудий аниқ дастурларни шакллантириш тартибига мувофиқ шакллантирилади.

VI. Лойиҳаолди ишларини ташкил этиш ва лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш

27. Ирригацияни ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ривожланиш Давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси Кенгаши томонидан тасдиқланган аниқ дастурлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори ушбу лойиҳаларни белгиланган тартибда молиялаштирилиши марказлаштирилган манбалар ҳисобидан амалга ошириш ва молиялаштириш учун асос ҳисобланади

28. Ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун техник топшириқлар Буюртмачи томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий архитектура бошқарси билан, зарурат бўлганда “Давсувхўжаликназорат” инспекцияси билан келишади.

ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш юзасидан техник топшириқ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.

29. Ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиувчи лойиҳа ташкилотлари буюртмачи томонидан белгиланган тартибда аниқланади.

30. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил

31 декабрдаги 491-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисида”ги Низоми талабларига мувофиқ, Давлат дастурига киритилган ирригация объектларининг лойиҳаолди/лойиҳа ҳужжатлари Давлат экологик экспертизасидан ўтказилади.

31. Ирригация объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг янгидан бошланган лойиҳалари бўйича лойиҳа қиймати эквивалентда:

10 млн. АҚШ долларигача бўлганда — Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Тармоқ илмий-техник Кенгаши томонидан тасдиқланадиган ишчи ҳужжатлар ишлаб чиқилади. Бунда ишчи ҳужжатлар белгиланган тартибда тармоқ экспертизасидан ҳамда Қурилиш вазирлигининг “Шаҳарзасозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш” ДУКнинг экспертизасидан ёки ушбу ишларни амалга оширувчи лицензияга эга бўлган юридик шахсларнинг экспертизасидан ўтказилади.

10 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлганида — уч босқичли лойиҳа, дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб, техник-иқтисодий ҳисоб-китоб ва ишчи ҳужжатлар ишлаб чиқилади. Бунда техник-иқтисодий ҳисоб-китоб Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади.

Лойиҳа халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобига биргаликда молиялаштирилган тақдирда техник-иқтисодий ҳисоб-китоб белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланади.

Ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаолди ДТИА/ДТИҲ, ТИА/ТИҲ ҳужжатлар белгиланган тартибда тармоқ экспертизасидан ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК экспертизасидан ўтказилади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш"Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари рўйхатини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор лойиҳаси30.04.2018 й.Ирригация ва мелиорация лойиҳаларини амалга ошириш бошқармаси
2Ягона порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жойлаштиришЯгона порталда муҳокама ўтказилиши тўғрисида хабарномани, жадвални, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, муҳокама иштирокчилари учун сўровномани жойлаштириш30.06.2018 й.Сув хўжалигини ривожлантириш дастурларини шакллантириш бўлими
3Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича муҳокама қилишЯгона порталдан тушган таклифларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш 30.06.2018 й. - 14.07.2018 й.Сув хўжалиги вазирлиги, Ягона портал фойдаланувчилари

So`rovnoma natijalari