Hujjat nomi
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiBuyruq
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Sog`liqni saqlash vazirligi
Hujjat muallifiDori vositalari va tibbiy texnika sifatini nazorat qilish bosh boshqarmasi
Muhokama boshlanishi (sana)2018-07-02 16:43:44
Muhokama yakunlanishi (sana)2018-07-17 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари,

психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби

тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазир

А. Шадманов

Тошкент ш.,

.

2018йил ___ __________,

____-сон

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг
2018 йил “___” __________ даги ____ - сон буйруғига

ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп

моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни (бундан кейинги ўринларда ГПП деб юритилади) ташиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ГППларнинг ташиш мазкур Низомда белгиланган тартибда автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспорти орқали амалга оширилади.

2. Мазкур Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси тузилмасига кирувчи ташкилотлар ҳамда Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари фаолиятида татбиқ этилмайди.

2-боб. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар
ва прекурсорларни автомобиль транспортида ташиш

3. ГППларни автомобиль транспортида ташишда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши керак.

4. ГППларни автомобиль транспортида ташиш автомобиль транспортига эга бўлган юридик шахслар ёки ГППларни ташиш учун бериладиган лицензияга эга бўлган юк жўнатувчи/юк қабул қилувчи билан тузилган ташиш тўғрисидаги шартномага асосан бошқа юридик шахсларга тегишли бўлган автомобиль транспортида амалга оширилади.

ГППларни автомобиль транспортида ташиш учун юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчилар масъулдирлар.

ГППларни қўл юки сифатида автомобиль транспортининг жамоат турларида уларнинг миқдорларидан қатъи назар, ташилиши қатъиян тақиқланади.

5. ГППларни автомобиль транспортида ташишда юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчи ташкилот буйруғи асосида юкни ташиш ва қабул қилиб олиш учун масъул шахс тайинланади. Ушбу функцияларни транспорт воситасининг ҳайдовчисига юклаш тақиқланади.

Масъул шахсни тўғри танлаш ва уларнинг тайёргарлиги учун юк жўнатувчи ёки юк олувчи ташкилотлар раҳбарлари жавобгардирлар.

6. ГППларни автомобиль транспортида ташишда масъул шахснинг ёнида юк жўнатувчи ташкилот раҳбари ёки моддий-жавобгар шахс имзоси ва ташкилот муҳри билан тасдиқланган ташилаётган юкнинг юк кузатув ҳужжатлари бўлиши керак.

7. ГППларни ташишда иштирок этувчи масъул шахс, кузатувчи шахслар ҳамда ҳайдовчилар ташиш қоидалари, юкнинг тавсифи, ортилиши ва туширилишида техника хавфсизлигига риоя қилиш тўғрисида таништирилган бўлишлари керак.

8. ГППларни ташиш учун масъул шахс мажбуриятларига қуйидагилар киради:

юкнинг тўғри қадоқланиши ва маркировкаси, тамғаларининг мустаҳкам сақланганлигини кўздан кечириш, юк ортиш ва туширишни кузатиб бориш;

юкни жўнатилаётган жойдан юк етиб бориш манзилигача сақланишини ташкил қилиш;

автотранспорт воситасининг ҳаракат вақтида ва тўхтаб туриш жойларида юкни сақланишини таъминлаш;

шахсий, жамоат ва экологик хавфсизлик чораларини ташкиллаштириш;

юк етиб бориш манзилига етказилганлигидан сўнг уни юк олувчига топшириш.

9. Хавфли юклар тоифасига киритилган прекурсорларни автомобиль транспортида ташиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 35-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш Қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

10. Мазкур Низомга иловага мувофиқ белгиланган йириқ партиядаги прекурсорларни автомобиль транспортида ташишда аҳоли яшаш пунктларида ҳайдовчиларнинг дам олиш учун тўхтаб туришлари тақиқланади.

Автотранспорт воситаси тўхтаганда ёки тўхтаб турганида тўхтаб туриш тормози ёқилган, қияликда эса қўшимча равишда сирпаниб кетишига қарши таянч қўйилган бўлиши керак.

11. Прекурсорларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаси ҳайдовчи ва масъул шахснинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган ташилаётган прекурсорларни нейтраллаш учун керакли миқдорда воситалар ва индивидуал ҳимоя воситалари билан жиҳозланади.

12. Мазкур Низомга иловага мувофиқ белгиланган йирик партиядаги прекурсорларни ташиш учун мўлжалланган автомобилда қуйидагилар бўлиши керак:

а) автотранспорт воситасини ҳалокат (носозлик) вақтида таъмирлаш учун қўл асбоблари тўплами;

б) ёнғинни ўчириш учун ёнғин ўчиргичлар;

в) биттадан кам бўлмаган сирпаниб кетишга қарши таянч (таянчнинг ўлчами автотранспорт воситасининг тури ва унинг ғилдираклари диаметрига мос бўлиши лозим);

г) автоном ёнувчи иккита ўчиб-ёнувчи (ёки доимий) зарғалдоқ рангдаги чироқ, улар прекурсорларнинг алангаланишини келтириб чиқариши мумкин бўлмаган ҳолда тузилган бўлиши керак;

д) сутканинг қоронғи вақтида ёки яхши кўринмаслик ҳолатларда тўхтаб туришда, агар автотранспорт воситасининг чироқлари тузатилмаган бўлса, йўлда зарғалдоқ рангдаги чироқлар ўрнатилган бўлиши лозим: биттаси автотранспорт воситасининг олд тарафига етмасдан 10 метр масофада, иккинчиси автотранспорт воситасининг орқа тарафига етмасдан 10 метр масофада ўрнатилади;

е) дори қутиси ва ташилаётган юкларни нейтраллаштириш воситалари (биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун).

3-боб. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар
ва прекурсорларни ҳаво транспортида ташиш

13. ГППларни ҳаво транспортида ташишда Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси, Ўзбекистон Республикасининг авиация қоидалари «Хавфли юкларни ҳаво транспортида ташиш қоидалари» (ЎзР АҚ-198) (рўйхат рақами 1721, 2007 йил 25 сентябрь) ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши лозим.

§ 1. Ташиш учун қабул қилиш

14. ГППларни юк сифатида авиаташиш учун гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласи билан боғлиқ фаолият учун бериладиган лицензияга эга бўлган юридик шахслардан қабул қилинади.

15. ГППларни ташишга қабул қилиш ва ташиш ташувчи-авиакомпания томонидан белгиланган қоидалар ва стандартлар бўйича амалга оширилади. Агар ташиш учун қабул қилинаётган ГППлар хавфли юклар тоифасига кирса, уларни ташиш учун қабул қилиш Фуқаро авиациясининг халқаро ташкилоти (ИКАО)ни “Хавфли юкларни ҳаво хавфсизлик билан ташиш бўйича техник йўриқнома”сига (ИКАО, Doc9284/AN905) мувофиқ амалга оширилади.

16. ГППлар йўловчилар ва юк ташиш кемаларида ташилиши мумкин. Доимий рейсларни бажараётган ҳаво кемаларда ташиш барча маршрутларда ташилаётган ҳажмларни олдиндан мажбурий бронлаштирилган шартларда амалга оширилиши керак.

Хавфли юклар тоифасига кирувчи прекурсорларни йўловчи ташиш ҳаво кемаларида ташишга йўл қўйилмайди.

17. ГППларни ташиш учун қабул қилишда уларни шартли равишда қимматбаҳо юклар тоифасига (VAL) киритиш лозим ва бу тоифа юкларга мос бўлган ташиш қоидалари ва уларни сақлашни таъминлаш регламенти қўлланилиши лозим. Агар ташиш учун қабул қилинаётган ГППлар хавфли юклар тоифасига кирса, унда ҳам ушбу юклаш тоифаси учун белгиланган ташиш қоидаларини қўллаш лозим.

18. ГППларни ташиш учун қабул қилишда ушбу юкни учиш ва қўниш аэропортда энг кам муддат давомида сақланилиши ва омборга жойлаштирилишини таъминлаш мақсадида ҳамма расмиятчиликларни бажарилиши тартиби юк жўнатувчи билан олдиндан келишиб олиниши лозим. Юкни қабул қилиш ва бериш махсус хавфсизлик чоралари таъминланган ҳолларда режалаштирилиши ва амалга оширилиши зарур.

19. Стандарт хабарларда юкнинг аниқ номланиши (кимёвий формуласи)дан фойдаланиш лозим.

§ 2. Ташиш ҳужжатлари, қадоқланиши, маркировкаси

20. ГППлардан иборат юкни қадоқлаш қуйидаги талабларга ҳам жавоб бериши лозим:

барча юклар ўрамаси ишончли ёпилган, нуқсонлари бўлмаслиги;

юк шундай ўралган бўлиши керакки, ичидагиларни алмаштириш ёки аниқ кўринмайдиган ҳолда ичидан олиб бўлмаслиги;

юкнинг ҳар бир ўрамаси юк жўнатувчи ва юк ташувчи томонидан муҳрланган бўлиши;

хар бир ўрама тортилган бўлиши, унинг оғирлиги ҳужжатлардаги оғирлик билан солиштирилган ва қутига ёпиштириладиган ёрлиқларда кўрсатилган бўлиши зарур. Барча ўрамаларда нуқсонлар йўқлиги текширилган бўлиши керак;

нуқсонлари бўлган ўралган юклар ташиш учун қабул қилинмайди. Трансфер юкларининг қутиларида нуқсонлар топилганда трансфер пунктида (ушбу ёки бошқа юк ташувчининг бошқа рейсига юкни қайта юклаш) юк қайта тортиб кўрилади, юкни бузилиши тўғрисида 2 нусхада далолатнома тузилади ва заруриятга қараб юк қайта қутиларга қадоқланади ва янгидан муҳрланади. Далолатноманинг бир нусхаси юк билан бирга жўнатиладиган ҳужжатларга илова қилинади, иккинчи нусхаси трансфернинг аэропортида қолдирилади.

21. ГППларни ташиш учун фойдаланилганда контейнер ва қулфланадиган қутиларнинг мустаҳкамлиги текширилганда қуйидагилар таъминланиши керак:

юклар контейнернинг муҳрланган қисмидан ажратиб олиб бўлмаслиги ва юк ташувчининг муҳрини бузмасдан ёки кўринарли излар бўлмаган ҳолда унга қайтадан қўйиб қўйиш имкони бўлмаслиги;

юкни жойлаштириш учун фойдаланиладиган контейнернинг ҳамма томони назорат тартибида кўздан кечириш учун қулай бўлиши керак, қулфланадиган қути ва контейнерларда юкларнинг қисмлари яширилиши мумкин бўлган яширин жойлари бўлмаслиги.

22. ГППлардан иборат бўлган юкнинг ташиш ҳужжатларини расмийлаштиришда қуйидаги талаблар бажарилиши талаб этилади:

авианакладнойда юкнинг махсус қайта ишланиш коди «VAL», ва зарур ҳолларда «Nature and Quantity of Goods» (юкнинг тавсифи ва хусусияти) устунида хавфли юкларнинг қайта ишланиш коди кўрсатилган бўлиши;

юк кузатув ҳужжатларида юкнинг килограммнинг юздан бир қисмигача аниқликда ўлчанган бутун оғирлиги, ҳамда ҳар бир ўралган қутининг ўлчами кўрсатилган бўлиши;

махсус қайта ишланиш коди «VAL» ва зарур ҳолларда хавфли юкларнинг қайта ишланиш кодлари юк манифестининг «Nature of Goods» (юкнинг тавсифи) устунида кўрсатилган бўлиши;

ГППлардан иборат бўлган юкни ташишда юк ҳақидаги маълумотни стандарт бланкига ёки NOTOС (Special Load Notification to Captain — махсус юк тўғрисида ҳаво кемаси командирига хабарнома)га хабар киритилиши лозим.

§ 3. Ташишни ташкиллаштириш

23. ГППларни жўнатиш, трансфер ва етиб бориш пунктларида қайта ишлаш, ортиш ва туширишда ҳақиқий қабул қилиб олинган юк миқдори тўғрисида маълумот авианакладной ва юк манифестида кўрсатилган маълумот билан солиштирилиши зарур. Юк ташувчи жавобгарлигига берилган вақтдан бошлаб юк рухсатсиз текширувлардан ҳимояланган бўлиши керак. Агар юк бирор-бир сабабларга кўра қўриқланадиган ҳудудда сақлана олинмаса, махсус хавфсизлик ва сақлаш чоралари кўрилган бўлиши зарур.

24. ГППлардан иборат бўлган юкни жўнатиш, трансфер, манзил аэропортларида сақлашда махсус журналларда қуйидаги маълумотлар қайд қилиниши зарур:

ҳар бир ўралган қутининг тавсифи (ўлчами, оғирлиги, бошқа фарқ қиладиган тавсифлари);

юк қўриқланадиган ҳудудга жойлаштирилган вақти ва санаси ҳамда ушбу ҳудудга юкни келтирган ва шу ҳудудга киришга рухсати бўлган шахслар тўғрисида маълумотлар;

юк қўриқланадиган ҳудуддан олиб кетилган вақти ва санаси ҳамда ушбу ҳудуддан юкни олиб кетган шахс тўғрисида маълумотлар.

Ҳар бир ёзув мансабдор шахс имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

25. ГППлардан иборат бўлган юкни тўла ёки қисман йўқолиши кузатилган бўлса ёки рухсатсиз аралашув излари топилганда, инцидентнинг расмий қайд этилиши учун дарҳол зарур тадбирлар кўрилиши, шунингдек қидирувни ташкиллаштириш лозим.

26. Юкни жўнатиш учун аэропортга ҳаво кемаси учишидан 3 соат олдин ўралган қутилар муҳрланган ҳолда олиб келиниши ва белгиланган тартибда ташувчининг ваколатли шахсларига топширилиши ҳаво транспорти хавфсизлик хизмати ва қўриқлаш хизмати иштирокида тўпланган ва ҳаво кемаси бортига ортилган бўлиши керак. Зарур ҳолларда ГППларни юк сифатида авиаташишлар ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган кузатувчилар иштирокида амалга оширилиши мумкин. Юкни кузатиб борувчилар йўловчи сифатида борадилар, бунинг учун улар авиация қоидалари билан белгиланган барча учиш олди расмийлаштирувлардан ўтган бўлишлари лозим.

27. Ҳаво кемасининг юк-багаж бўлимларида гиёҳвандлик воситаларини юк сифатида ташишда кузатувчилар юкни ҳаво кемасига етказилиши ёки ундан олиб кетилишини, юкни ортилиши ёки туширилишини кузатишлари, гиёҳвандлик воситалари юклагандан сўнг юк бўлинмалари муҳрланганлигини текширишлари зарур.

Кузатувчилар барча йўловчилар салонга чиқиб бўлганларидан ва юклар ортиб бўлинганидан сўнг охирги навбатда йўловчилар салонига кирадилар.

28. Ҳаво кемасининг йўловчилар салонида гиёҳвандлик воситалари партиясини ташишда, шунингдек психотроп моддалар ва прекурсорлар кузатувчилар иштирокида ҳаво йўли орқали ташилиши зарур бўлганда, бундай моддаларни ташиётган шахслар ва ташилаётган моддалар ҳаво кемасига бошқа йўловчилардан алоҳида етказилади ва йўловчилар салонига улар учун ажратилган жойга йўловчилар киришидан олдин ёки кейин жойлаштирилади.

§ 4. Юк келгандан сўнг уни сақлаш ва бериш

29. ГППлардан иборат бўлган юкни келиши тўғрисидаги хабар билан юк қабул қилувчини огоҳлантириш манзил аэропортига юкни етказиб берган ҳаво кемасидан юк тушириб бўлингандан сўнг 3 соат давомида амалга оширилиши керак.

30. Юк ташувчи юкни фақатгина авианакладнойда кўрсатилган юк қабул қилувчига ёхуд у томонидан авинакладнойда кўрсатилган ваколат берилган шахсга беради.

31. Юк ташувчи юкни юк накладнойида кўрсатилган ҳамма шартлар бажарилгандан сўнг юк қабул қилувчига беради ва юк топширилганлиги фактини юк қабул қилувчининг юк авианакладнойи нусхасида қабул қилувчи имзоси билан тасдиқлайди, булар охирги юк ташувчида юкни қабул қилинганлиги тўғрисидаги тилхат ва ташиш шартномасининг бажарилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома сифатида қолдирилади.

32. Қонунда ўрнатилган ҳолатларда ваколатли давлат органи талабига кўра юкни бериш юк қабул қилувчига бериш ҳисобланади, бунда юк ташувчи юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчига бундай юк ташиб келтирилганлиги тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.

33. Агар юк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган манзилга етиб келганлиги тўғрисидаги хабарнома жўнатилгандан сўнг юкни қабул қилувчи талаб қилмаса, бош тортса ёки юкни қабул қила олмаса юк ташувчи юк жўнатувчига юкни юк қабул қилувчига бериш имкони йўқлиги тўғрисида хабар бериши ва юк жўнатувчи юк тўғрисида қарор қабул қилгунига қадар юкни юк жўнатувчи ҳисобидан сақлаш учун ўзида қолдириши зарур.

4-боб. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар
ва прекурсорларни темир йўл транспортида ташиш

34. ГППларни темир йўл транспортида ташишда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидалари, 2011 йил 30 ноябрдаги 314-сонли қарори билан тасдиқланган Темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва бошқа шахсларни, қўл юкини, багажни кўздан кечириш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши керак.

35. ГППларни темир йўл транспортида ташишда қуйидаги умумий талаблар белгиланади:

ГППларни ташишга тайёрлаш;

ГППларни ташиш учун фойдаланиладиган идиш ва қутиларни яроқлилиги;

ГППларни ташишда назоратни ташкил этиш;.

ГППларни ташиш учун қуйиладиган талаблар юк жўнатувчилари, юк қабул қилувчилар, ГППларни ташиш жараёнида иштирок этадиган, уларни етказиб бориш йўлида кузатиб боришни ва қўриқлашни таъминлайдиган темир йўл транспорти ходимлари учун мажбурий ҳисобланади.

ГППларни темир йўл транспортида ташиш тартибига ГППлар ташиладиган контейнерлар, ҳаракатланувчи йўловчи ва юк вагонларини ишлаб чиқариш, техник ёрдам хизмати ва таъмирлаш билан шуғулланувчи, шунингдек, юк жўнатувчи ва юк қабул қилувчига транспорт-экспедиция хизматини кўрсатувчи барча корхона ва ташкилотлар амал қилиши зарур.

36. ГППларни юклаш нормалари, уларни ташиш учун йўловчи ва юк вагонлар турини танлаш, техник ва тижорат мақсадларида уларнинг яроқлилигини аниқлаш, юкларни вагонларга маҳкамлаш темир йўл устави, юкларни ташиш қоидалари, йўловчи ва юк ташиш қоидаларига мувофиқ бўлиши лозим.

§ 1. Ташишга қабул қилиш

37. ГППларни ташишга қабул қилиш ва бериш юкларни ташиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

38. ГППлар ташиш учун умумий фойдаланиш жойларидан ташқарида берилади. Истисно тариқасида умумий ҳамда умумий бўлмаган фойдаланиш жойларида амалга ошириладиган кичик ва контейнер жўнатмаларида қўлланилиши мумкин.

39. Аниқ юк фақатгина юкларни ташиш қоидаларида, ушбу маҳсулот учун стандарт ёки техник шартларида кўрсатилган тара ва қутиларда юк жўнатувчи томонидан ташишга тақдим этилиши лозим.

40. ГППларни тегишли қурилма ва ушбу юкларни ортиш ва тушириш учун махсус қўлланмаларга эга бўлмаган умумий ҳамда умумий бўлмаган фойдаланиш жойларида ортиш ва тушириш тақиқланади.

41. ГППларни ташиш йўловчи ҳамда юк вагонларида амалга оширилиши мумкин. Доимий рейслар бажарадиган темир йўл транспортида ГППларни ташиш бутун йўналиш бўйича ташилаётган юклар учун жойларни олдиндан мажбурий бронлаштириш шарти асосида амалга оширилади.

Хавфли юклар тоифасига киритилган прекурсорларни йўловчи ташиш поездларида ташишга йўл қўйилмайди.

42. ГППларни ташиш масъул шахс ГППларнинг хоссаларини ва улар билан ишлашни биладиган юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчининг вакили кузатувида амалга оширилади.

Кузатувчи шахсларни тўғри танланишига ва уларни тайёргарлигига юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчи ташкилот раҳбари масъулдирлар.

43. Йўловчи ташувчи поездларда гиёҳвандлик воситаларини ташишда, шунингдек зарур бўлганда психотроп моддалар ва прекурсорларни кузатувчи ва қўриқлаш хизмати иштирокида темир йўл орқали ташишни амалга оширишда кузатувчилар, қўриқлаш хизмати ва ташилувчи моддалар бошқа йўловчилардан алоҳида поездга етказилади ва мазкур Низом ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ жойлаштирилади.

Масъул шахс ва қўриқловчи шахслар ташилаётган моддаларни жўнатилиш жойидан манзилигача кузатиб борадилар.

Кўрсатилган юкни қўриқлаётган шахслар ташишни давом эттириш учун «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан юкни ташиш учун топшириш вақтидан бошлаб қўриқланган ҳоллардагина юкни қўриқлашдан озод қилинишлари мумкин.

Ушбу юкларни темир йўл станциясидан омборларга автомобиль транспортида ташишда қабул қилувчи юкни қўриқлашни таъминлаши лозим.

44. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 12 августдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати нарядлари томонидан кузатиб борилиши керак бўлган юклар рўйхатига киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар мажбурий тартибда юк жўнатувчи ёки юк олувчи ҳисобидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати нарядларининг кузатувида ташилади.

45. Ташиш вақтида ГППларни йўқолганлиги (ўғирланганлиги) аниқланганда бу ҳақидаги маълумот дарҳол энг яқин станция навбатчисига етказилади, поезд бошлиғи (бригадири) эса ГППларни кузатиб борувчи шахс билан биргаликда воқеа содир бўлган жойнинг дахлсизлигини таъминлаши керак.

46. Юк таркибида прекурсорлар ташилганда фавқулодда вазият ёки уларнинг оқиб кетиши ҳолатлари юз берганда юк таркиби машинисти ёки унинг ёрдамчиси бу ҳақида тегишли чоралар кўрилиши учун дарҳол энг яқин станция навбатчисини хабардор қилиши лозим.

Бундай хабар олган станция бошлиғи транспортда жамоат тартибини таъминлаш бўлими вакиллари билан биргаликда дарҳол юкни қўриқлашни ташкил қилиши, сабабни бартараф қилиш бўйича чоралар қўллаши ва юк қабул қилувчини хабардор этиши лозим.

§ 2. ГППларни ортиш ва туширишга бўлган талаблар

47. ГППларни ортиш, тушириш темир йўл устави, юкларни ташиш қоидалари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилади.

48. Юк жўнатувчи ушбу маҳсулотнинг белгиланган стандарт нормалари ёки техник шартларидан ошмаган ҳолда ГППларни вагонларга, контейнерларга юклаши лозим.

49. ГППларни вагон ва контейнерларга, шунингдек очиқ ҳаракатланувчи махсус контейнерларга жойлаштириш ва маҳкамлаш юкларни юклаш ва маҳкамлаш техник шартларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

Юкларни вагонлар ва контейнерларга маҳкамлаш учун фойдаланиладиган материал ташилаётган ГППларга нисбатан инерт бўлиши керак.

Оғирлиги 1 килограммдан ва ҳажми 1 литрдан ортиқ бўлмаган майда қадоқланган ГППларни ташиш юкларни ташиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

5-боб. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар
ва прекурсорларни қўл юки сифатида ташиш

50. ГППларни темир йўл ва ҳаво транспортида қўл юки сифатида ташишда юк жўнатувчи бўлиб мазкур Низом талаблари ва юкнинг хоссаларини яхши биладиган масъул шахс тайинланади. Унинг вазифаларига йўналишда юкни ҳолатини кузатиш ва қўриқлаш, шунингдек зарур хавфсизлик чораларини қўллаш киради.

Ташиш давомийлиги 8 соатдан ошса унга иккинчи кузатувчи тайинланади.

Бундай ташишлар учун тайинланган шахслар поезд жўнашидан 2 соат олдин кечикмасдан станция, вокзал бошлиғи ҳузурига етиб келиши ва қўл юки сифатида ташилаётган юкни кўрсатиши керак.

Станция, вокзал бошлиғи юк ўрамининг ташқи ҳолатини ва зарур бўлганда юкнинг оғирлигини (брутто) текшириши шарт.

ГППларни қўл юки сифатида ҳаво транспортида ташиш ваколатли орган томонидан тасдиқланган авиация қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

51. ГППларни темир йўл орқали қўл юки сифатида ташувчи юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчининг масъул шахсига барча жойлар учун тўланган алоҳида купе, йўл ҳужжати (билет) мавжуд бўлганда купенинг барча жойлари кўрсатилган бўлиши керак.

Темир йўл транспортининг йўловчи ташиш поездларида ГППлар юридик шахс вакили томонидан қўл юки сифатида бир қўлда ташишнинг нормаларида белгиланган миқдори ташилишига рухсат берилади.

52. Юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчининг ГППларни қўл юки сифатида ташиётган юк ташиш учун масъул шахсини худди шундай юк олиб ўтаётган бошқа йўловчи бўлмаганда навбатсиз поездга ўтказилади.

ГППларни қўл юки сифатида ташиётган масъул шахсни ўтказилаётганлиги тўғрисида станция ёки вокзал бошлиғи поезд бошлиғи ёки бош кондуктори хабар беришлари керак.

Поезд бошлиғи билдиргида ва поезд маршрутида бу ҳақида белги қўяди.

53. Ташилаётган юкка хавф туғилгани аниқланса, (ёнғин, вагоннинг бузилиши) бу юкни олиб кетаётган масъул шахс талаб қилинадиган барча хавфсизлик чораларини кўриши ва юкни бошқа вагонга олиб ўтиш йўли билан сақланилишини таъминлаши лозим.

Содир бўлган воқеа тўғрисида кузатувчи ва поезд бошлиғи иштирокида далолатнома тузилади.

54. Юк жўнатувчи ёки юк қабул қилувчининг ГППларни қўл юки сифатида ташишга масъул бўлган шахси ташилаётган ГППларнинг сақланишига шахсан жавобгар ҳисобланади ва ўғирланган, йўқолган ёки бошқа шахсга кўзда тутилмаган ҳолларда берилиши ҳолатлари аниқланганда поезд бошлиғи ёки бош кондукторни, шунингдек транспортдаги ички ишлар органлари ходимларини белгиланган тартибда дарҳол хабардор этиши лозим.

6-боб. Якуний қоида

55. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси билан келишилган.

Ички ишлар вазири

П. Бобожонов

2018 йил “____” __________

Давлат хавфсизлик хизмати раиси

И. Абдуллаев

2018 йил “____” __________

Ўзбекистон автомобиль

транспорти агентлиги бошлиғи

Д. Дехканов

2018 йил “____” __________

Парвозлар хавфсизлигини назорат

қилиш давлат инспекцияси

бошлиғи

Т.Ульжаев

2018 йил “____” __________

Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи

Д.Ахмедов

2018 йил “____” __________

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги Низомга

ИЛОВА

Йирик партиядаги прекурсорлар рўйхати

Т/р‎

Прекурсорлар номи‎

миқдори

1.‎

Сульфат кислотаси ‎

___ тн‎ ва ундан ортиқ

2.‎

Хлорид кислотаси ‎

___ тн‎ ва ундан ортиқ

3.‎

Толуол‎

___ кг (л)‎ ва ундан ортиқ

4.‎

Этил эфири‎

___ кг (л)‎ ва ундан ортиқ

5.‎

Ацетон‎

___ кг (л)‎ ва ундан ортиқ

6.‎

Калий перманганат‎

___ кг (л)‎ ва ундан ортиқ

...

Изоҳ: юкларнинг брутто (соф) оғирлиги келтирилмоқда.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Приказ Министерства здравоохранения20.09.2018“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси Давлат маркази” ДУК

So`rovnoma natijalari