Hujjat nomi
Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotToshkent shahar hokimligi
Hujjat muallifiToshkent shahar hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2015-02-03 11:42:24
Muhokama yakunlanishi (sana)2015-02-18 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган қўшимча

чора-тадбирлар тўғрисида

Тошкент шаҳридаги ёшлар, айниқса вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларни ҳамда жиноятчиликни олдини олиниши бўйича барча профилактик тадбирлар амалга ошириб келинаётганлигига қарамасдан, ушбу тадбирлар етарли самара бермаётганлиги натижасида ёшлар, айниқса вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятлар содир этиш, улар орасида тарбияси оғир, дарсларга мунтазам равишда қатнашмайдиган болалар иштирокида алоҳида гуруҳ ва тўдалар ташкил этиш, уларни ўзлари билан ўткир тиғли ва инсон хаётига ҳавф етказиши мумкин бўлган буюмлар (совуқ қуроллар таркибига кирувчи пичоқ, ханжар, бигиз ва кастет, бита, тўқмоқ), инсон соғлиғига қарши таъсир этувчи кимёвий моддалар (махсус сачратгувчи газ ва бошқалар) ҳамда электр токи ўтказувчи жихозлари (махсус электра ток ўтказувчи мослама) ва бошқа шу каби ҳар хил қуролларни ёнларида олиб юриш ҳолатлари учрамоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан 2014 йил якунларига кўра содир этилган қотиллик жиноятлари 18,45 фоизга ошган бўлиб, бу жиноятларнинг 19,6 фоизи ёшлар, 2,4 фоизи вояга етмаганлар томонидан содир этилган.

Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш, шунингдек “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги ("Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 39-сон, 341-модда), “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги ("Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2014 йил 19 май, 20-сон, 221-модда) Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2124-сонли қарори талабларига асосан, ёшлар, айниқса вояга етмаганлар хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш мақсадида, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг мурожаатини инобатга олиб,

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Тошкент шаҳридаги ёшлар, айниқса вояга етмаганлар томонидан таълим муассасаларига ўткир тиғли ва инсон хаётига ҳавф етказиши мумкин бўлган буюмлар (совуқ қуроллар таркибига кирувчи пичоқ, ханжар, бигиз ва кастет, бита, тўқмоқ), инсон соғлиғига қарши таъсир этувчи кимёвий моддалар (махсус сачратгувчи газ ва бошқалар) ҳамда электр токи ўтказувчи жихозлари (махсус электра ток ўтказувчи мослама) (кейинги ўринларда – “тақиқланган буюмлар” деб юритилади) олиб кириш ва жамоат жойларида олиб юриш тақиқлансин.

2. Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси (Ф.Иноятов), Халқ таълими бош бошқармаси (И.Акбаров), Вояга етмаганлар ишлари бўйича шаҳар комиссияси (А.Юсупов), туман ҳокимлари, Тошкент шаҳар ИИББ (М.Адилов) билан биргаликда:

таълим муассасаларида ёшлар, айниқса вояга етмаганлар ўртасида маънавий-аҳлоқий хислатларни бузувчи, зўравонлик, шафқатсизлик ва порнографик, шунингдек, сохта диний мафкурани тарғиб қилувчи, ўқувчи ёшларни салбий ҳаракатларга ундовчи ҳаракатларини олдини олиш мақсадида, таълим муассасалари биносига кириш-чиқиш тартиби қоидалари ишлаб чиқилсин ва таълим муассасасининг ички қоидаларига ўзгартиришлар киритилишини таъминлансин;

ёшлар, айниқса вояга етмаганларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи турли ҳаракатларни олдини олиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, таълим муассасасининг кириш-чиқиш тартибини амалда жорий қилиш мақсадида, масъул ходимлар ва ички ишлар органлари профилактика инспекторлари бўлган махсус ишчи гуруҳлар тузилсин;

ўқувчиларни бинога кириш жойида тақиқланган буюмларни олиб кирилишини олдини олиш юзасидан тузилган махсус ишчи гуруҳлар томонидан тегишли чоралар кўрилсин;

ўқувчилар ёнида тақиқланган буюмлар аниқланган тақдирда, белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, олиб қўйиш чоралари кўрилсин ва ота-онаси ҳабардорлигида яшаш манзилидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиясига ҳужжатлар юборилиши таъминлансин;

ҳафтада камида бир марта жойларда махсус ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида маънавий-аҳлоқий хислатларни бузувчи, зўравонлик, шафқатсизлик ва порнографик, шунингдек реакцион-сектант, сохта диний мафкурани тарғиб қилувчи, атрофдагиларни салбий ҳаракатларга ундовчи материаллардан иборат бўлган, кўргазма, фон сифатида хизмат қилувчи расмлар, аудио-видеоёзувлар, чизма ва суратли тасвирлар, овозли видео роликларни намойиш қилиниши ва тарқатишини олдини олиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилсин;

туман ҳокимликлари ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия мажлисларида таълим муассасаларидаги ўқувчиларнинг ёнидан тақиқланган буюмлар ҳамда ўқувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, маънавияти ва хулқига хавф солиши мумкин бўлган бошқа предметлар топилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар фавқулодда ҳодиса сифатида танқидий ва кескин муҳокама қилиниши, бунда ота-она, педагог ходимларнинг жавобгарлик чоралари кўрилиши таъминлансин;

таълим муассасаси педагог ходимлари ва ўқувчиларни кийиниш маданиятига риоя этилиши, таълим муассасасининг ички-тартиб қоидаларига амал қилиниши доимий равишда ўрганиб борилсин.

3. Ички ишлар бош бошқармаси (М.Адилов), Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси (Б.Мамажонов), Вояга етмаганлар ишлари бўйича шаҳар комиссияси (А.Юсупов), туман ҳокимлари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими (Ж.Иноғомов), Камолот ЁИХ Тошкент шаҳар Кенгаши (М.Зупаров) билан ҳамкорликда:

Мазкур қарор қонуний кучга кирган кундан бошлаб, инсон хаётига ҳавф етказиши мумкин бўлган тақиқланган буюмлар, турли ҳолатларда инсонларга қарши ишлатилганда қандай оқибатларни келтириб чиққанлиги ва келиб чиқиши мумкин бўлган ҳодисалар ҳақида аҳоли, ёшлар, айниқса вояга етмаганлар ўртасида, яшаш ва иш жойларида тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилиши кучайтирилсин.

4. Ички ишлар бош бошқармаси (М.Адилов):

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Кодексининг 47, 183-моддаларига мувофиқ, қонуний таъсир чораларини қўллаш таъминлансин.

5. “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” таҳририяти (А.Акромов), Ахборот хизмати (Х.Эрматов), “Компьютерлаштириш маркази” ДУК (М.Асамов): мазкур қарор расмий эълон қилинсин ҳамда www.toshkent.uz веб-сайтига жойлаштирилсин.

6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан кучга киради.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ш.Турдиқулов ва Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи М.Адилов зиммасига юклатилсин.

Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усманов

[ izohlar (3) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

mustafayev shaxboz baxtiyorovich 2015-02-08 12:24:24
ogohlantirish televideniye orqali berilishi lozim. jazo juda qattiq bulishi haqida yolgon bulsayam aytilishi kerak. ularning ota onasiga birinchi navbatda qattiq chora kurish kerak. poraxurlik, tanish bilishlikni oldini olish kk shu paytda
Muxamedov Jahongir 2015-02-15 12:48:00
Бундай иллатларга карши курашишда одамларга диннинг таъсиридан самарали фойдаланиш лозим. Вазирлар Маҳкамасининг Дин ишлари буйича кумитаси, Узбекистон мусулмонлар идораси, кўзга кўринган расмий диний уламолар иштирокида хар бир мактабда ҳар ҳафта камида икки марта машғулотлар утказиб бориш лозим. Дин инсонларнинг калбига кучли таъсир курсатади. Шундан самарали фойдаланиш лозим. Хар бир конунбузарликка муросасозлик билан муносабатда булиш лозим, жавобгарлик мукаррарлигини таъминлаш керак. Порахурлик, уз хизмат вазифасига нисбатан маъсулиятсизлик, курган хукукбузарлик, тарбиясизликни кўрмаганликка олиш, таниш билишчилик каби иллатларга чек куйиш керак. Энг аввало катталарни тарбиялаш керак, кичиклар катталардан урнак оладилар.
Azimbayev Muxammadjon Samatovich 2015-02-17 23:08:59
"комиссия мажлисларида таълим муассасаларидаги ўқувчиларнинг ёнидан тақиқланган буюмлар ҳамда ўқувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, маънавияти ва хулқига хавф солиши мумкин бўлган бошқа предметлар топилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар фавқулодда ҳодиса сифатида танқидий ва кескин муҳокама қилиниши, бунда ота-она, педагог ходимларнинг жавобгарлик чоралари кўрилиши таъминлансин" (яна педагоглар) Мен бир нарсага тушнмайман педагог дарс сифати ва самарадорлигини ошириш учун ўз устида ишлайдими ё ўқувчиларни давомади, ва бошқа ташкилий ишлар билан шуғулланиб, ота-она фарзандига бермаган тарбияси учун жавоб берадими? Ўқитувчиларни зиммасига катта "юкларни" осаверсак мактаб ва коллежлардан ёш педагоглар безиб қолмасмикан? (бундай ҳолат бироз кўзга ташланмоқда) Фикримча (агар бу кимнидир қизиқтирса), 1) ўқувчилар давомади масаласи; 2) агар ўқувчи томонидан дарслар сабабсиз қолдирилган бўлса, шу ҳолатни ўрганиш ва тегишли чоралар кўриш масаласи; 3) маънавий-маърифий тарғибот ишлари ва тадбирларни тизимли ўтказиш (маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари билан бирга. Зеро, бу лавозим эгаси ҳужжат тўлдиришдан ортмайди); 4) ёшлар орасида юриб, уларнинг руҳиятини, қизиқишларини, истакларини, салбий омил таъсирларининг сабаб ва моҳиятини ўрганиш ва шу асосида ёшларни Ватанпарвар, эл-юрт корига ярайдиган, баркамол авлод бўлиб тарбия топишлари учун зарур бўладиган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш билан шуғулланувчи гуруҳ тузилса (агар зарур бўлса, мазкур лоийҳани назарий ва амалий жиҳатдан ишлаб чиқишга ёрдам беришга тайёрман. Нафақат мен балки жонажон Ўзбекистонимизни севадиган ва ўнинг ёшлари келажаги учун бефарқ бўлмаган барча фуқаролар бу ишда ўз ёрдамларини аямайдилар), ўйлайманки самараси албатта бўлади. Ўз навбатида педагоглардан дарсларни қизиқарли ўтишлари талаб этилади. Бир нарсани айтиб ўтишим зарур: ҳозирги ёшлар катта информацион маконда яшамоқда. Шу боис уларни турли таъқиқларни кучайтириш, самимий бўлмаган учрашувлар, муғомбир гаплар билан керакли ўзанга солиб бўлмайди. Акс ҳолда бу ишлар акс таъсир қилиб, четдан келаётган ёвуз кучлар фойдасига асқотиши мумкин. Шу сабабдан ҳар томонлама пухта ўйланган дастурлар асосида ёшларимизни салбий таъсирлардан асрашимиз керак! Ахир бунинг чоралари борку...
Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2124-сонли қарори 15 кунВояга етмаганлар ишлари бўйича шаҳар комиссияси

So`rovnoma natijalari