Hujjat nomi
Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бошқармасига қарашли ўрмон хўжаликлари яйловларидан фойдаланиш тўғрисида
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiQaror
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotToshkent viloyati hokimligi
Hujjat muallifiToshkent viloyati hokimligi
Muhokama boshlanishi (sana)2015-02-13 17:04:51
Muhokama yakunlanishi (sana)2015-02-28 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

ЛОЙИҲА

Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бошқармасига қарашли ўрмон хўжаликлари яйловларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 22 ноябрдаги “Республика ўрмонларини ҳимоя қилиш бўйича айрим меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 506-сон ҳамда 2014 йил 20 октябрдаги “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида” 290-сон қарорларига мувофиқ вилоят ҳокимлиги Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бошқармасига қарашли ўрмон хўжаликларининг яйловлардан фойдаланишни тартибга солиш мақсадида,

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
20 октябрдаги “Биологик ресусрлардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида” 290-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида
Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бошқармасининг 2015 йил
12 январдаги 7-сон хати маълумот учун қабул қилинсин.

2.Вилоят ҳокимлиги Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бошқармасига қарашли ўрмон хўжаликларида яйловлардан фойдаланиш тартиби 1-иловага, яйловдан фойдаланганлик учун ундириладиган тўловлар миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3.Вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси (Мухамедов), вилоят ҳокимлиги Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бошқармаси (Саримсоқов), туман ҳокимликлари билан биргаликда табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишни амалдаги қонунчилик талаблари асосида амалга оширилишини таъминласинлар.

4.Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан вилоят ҳокимининг
2002 йил 10 январдаги 9-сон ҳамда 2003 йил 13 августдаги 159-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5.Мазкур қарор ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари О.Нурматов ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Абдуқодиров зиммаларига юклатилсин.

Вилоят ҳокимиА.Усманов

Тошкент вилояти ҳокимининг 2015 йил “___” февралдаги

____-сон қарорига1-илова

Угом-Чотқол Давлат Миллий табиат боғи бошқармаси тизимидаги

ўрмон хўжаликларида яйловлардан фойдаланиш

тартиби

I. Умумий қоидалар

II. Тартибнинг мақсад ва вазифалари

III. Яйловлардан фойдаланиш учун рухсат бериш тартиби

IV. Ўрмон хўжаликларининг яйловлар ажратишдаги мажбурият ва вазифалари

V. Яйловдан фойдаланувчиларнинг мажбурият ва вазифалари

VI. Яйловларда қуйидаги холатларни амалга ошириш тақиқланади

VII. Яйловлардан фойдаланишдаги жавобгарликлар

VII. Низоларни ҳал қилиш

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур тартиб “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш, шунингдек ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш
тартиб-таомилларини белгилайди.

2. Ушбу тартибнинг бажарилиши устидан назоратни вилоят Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, Угом-Чотқол миллий табиат боғи бошқармаси ҳамда бошқарма тизимидаги Бурчмулло ва Оҳангарон ўрмон ҳўжалиги корхоналари (кейинги матинда ўрмон хўжаликлари деб юритилади) амалга оширади.

II. Тартибнинг мақсад ва вазифалари

3. Ўрмон хўжаликлари яйловларидан фойдаланиш меъёри ва муддатларини белгилайди, уларни муҳофаза қилиш ва фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади ҳамда ер, сув, тупроқ, хайвонот, ўсимлик дунёсига ва бошқа табиий объектларга салбий таъсир кўрсатиш, ерларни деградация бўлиш холатидан асрашдан иборат

Унга кўра ўрмон хўжаликларнинг яйловлардан фойдаланиш мавсуми йилнинг 1 майдан 15 октябрга қадар бўлган вақт мобайнидан ошмаслиги лозим.

III. Яйловлардан фойдаланиш учун рухсат бериш тартиби

4. Угом-Чотқол миллий табиат боғи бошқармаси чорва молларини ўтлатиш меъёрларини ишлаб чиқаан ҳолда вилоят ҳокимига тасдиқлаш учун киритади.

5. Ўрмон хўжаликлари яйловларида чорва молларини боқиш учун руҳсатнома белгиланган тартибда тўловларни тўлиқ амалга оширган тақдирда берилади.

6. Ўрмон хўжаликлари ерларига кирмайдиган туманлар захира ва фермер хўжаликлари ерларидаги яйловлардан фойдаланиш учун рухсатнома вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан келишган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар томонидан белгиланади.

IV. Ўрмон хўжаликларининг яйловлар ажратишдаги

мажбурият ва вазифалари

7. Ўрмон хўжаликлари яйловларни холатидан келиб чиқаан ҳолда чорва молларини жойлаштириш бўйича режа ва хариталарини (контурлар, бўлаклар) ишлаб чиқади хамда яйловлар айланмаси (пастбище оборот) тартибига амал қилади.

8. Чорва молларини яйловда боқиш учун жисмоний шахсларга фуқаролар йиғинлари ҳамда юридик шахсларга статистика бошқармалари маълумотларига кўра руҳсатнома беради.

9. Ўзбекистон Республикаси Қизил Китобига киритилган ўсимликлар ўсадиган ва хайвонот дунёсини яшаш мухити қалин бўлган майдонларга ўрмон чиптасини бериш тақиқланади;

10. Яйловлардан фойдаланиш ҳисобига тушган маблағлар ҳисобидан
30 фоизини бузилган яйловларни, ўрмонларни қайта тиклаш ҳамда инфраструктурани яхшилашга сарфланади.

V. Яйловдан фойдаланувчиларнинг мажбурият ва вазифалари

11. Яйловлардан фойдаланишни қонун хужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

12. Давлат чегарасига 1,0 км. масофада яқинлашмаслик, худудда бегона ва нотаниш шахслар аниқланганда ва фавқулотда вазиятлар юз берганда яқин атрофдаги чегара қўшинлари ёки миллий боғ нозирларига хабар бериши лозим.

13. Чорва молларини автоуловда белгиланган худудгача олиб бориши лозим.

14. Ўрмон ёнғинлари хавфсизлигини таъминлаш, ўрмон ёнғинлари аниқланганда дархол ўчириш чораларини кўриш ва мутасадди ташкилотларга хабар бериши лозим.

15. Яйловларда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жумладан яйловда қирқилган қўй жунларини олиб чиқиб кетиши лозим.

16. Бир қўра (отар) шартли чорва моллар сонидан келиб чиқиб - 1 бошдан ортиқча итларни олиб бормаслиги лозим.

17. Яйловдан фойдаланувчилар ўзларининг чўпонларини озиқ-овқат, кийим-кечак ва алоқа воситалари билан таъминлаш ва 1 қўра (отар)га камида 2 та чўпонни бириктириш шарт.

VI. Яйловларда қуйидаги холатларни амалга ошириш тақиқланади

Ўрмон чиптасида кўрсатилган мол сонидан ортиқ чорва молларни боқиш;

Қирқим қилинмаган, соғлиғи тўғрисидаги ветеринария хизматининг ижобий хулосаси олинмаган чорва молларини яйловга олиб чиқиш;

Ўрмон чиптасида кўрсатилган ердан ташқарида чорва молларни боқиш;

Сув захирасини ҳосил қиладиган булоқ, ирмоқ, сой ва дарёлар қирғоқларида мол боқиш;

Чупонсиз чорва - молларини бокиш;

Ўрмонларда эчки боқиш.

VII. Яйловлардан фойдаланишдаги жавобгарликлар

18. Ушбу тартибга амал қилмаган яйловдан фойдаланувчи ва яйлов ажратиб берувчи қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

VII. Низоларни ҳал қилиш

19. Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бошқармаси тизимидаги ўрмон хўжаликлари билан яйловдан фойдаланувчилар ўртасида келиб чиққан низолар ўзаро амалдаги қонун хужжатларга мувофиқ ҳал этилади.

Тошкент вилояти ҳокимининг 2015 йил “___” февралдаги

____-сон қарорига2-илова

Угом-Чотқол Давлат Миллий табиат боғи бошқармасига

қарашли ўрмон хўжаликлари яйловларидан ҳамда ерларидан

фойдаланиш учун ундириладиган тўловлар миқдори

1. Яйловлардан фойдаланганлик учун ундириладиган тўловлар миқдори(мавсум учун энг кам ойлик иш хақи миқдорида).

Т/Р

Чорва моллари номи

Ўлчов бирлиги

Юридик шахслар учун фоиз

Жисмоний шахслар учун фоиз

1

6 ойдан катта қўйлар

Бош

12

6

2

6 ойгача бўлган ёш қўзилар

Бош

8

4

3

6 ойдан катта эчкилар

Бош

25

12

4

6 ойгача бўлган улоқлар

Бош

10

6

5

Катта ёшдаги қорамоллар

Бош

25

15

6

Икки ёшгача бузоқлар

Бош

20

10

7

Катта ёшдаги отлар

Бош

40

20

8

Икки ёшгача бўлган тойлар

Бош

20

10

9

Катта ёшдаги эшаклар

Бош

10

5

10

Икки ёшгача бўлган хўтиклар

Бош

7

3

2. Ўрмон ерларидан қўшимча фойдаланганлиги учун тўловлар миқдори.

- Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан белгиланган квотага асосан доривор ва техник ўсимликлар хом ашёсини тайёрлаш (йиғиш) энг кам ойлик иш хақининг 5 % миқдорида;

- 1 га ер майдонда хашак тайёрлаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг
50 % миқдорида;

- 1 кв.м. чим тайёрлаш учун энг кам ойлик иш хақининг 5 % миқдорида;

- 1 м.куб ўтин тайёрлаш учун энг кам ойлик иш хақининг 20 % миқдорида;

- 1 м.куб шох-шаба тайёрлаш учун энг кам иш хақининг 10 % миқдорида тўловларни амалга ошириш белгиланади.

Изоҳ;

-Қишлоқ фуқаролар йиғининг маълумотномасига асосан кам таъминланган оилаларга (бир бош қорамол ва беш бош қўй) ҳамда ўрмон хўжалигида ишловчи ходимларга касаба уюшмасининг розилиги асосида имтиёзли рухсатномалар берилади.

-Мазкур тўлов миқдорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш вилоят ҳокимлиги билан келишилган ҳолда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи бошқармаси томонидан амалга оирилади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи бошқармасига қарашли ўрмон хўжаликлари яйловларидан фойдаланишни тартибга солишЎрмон хўжаликларида яйловлардан фойдаланиш тартиби 1-иловага, яйловлардан фойдаланганлик учун ундириладиган тўловлар миқдорлари 2-иловага мувофиқ амалга оширилади15 кунО.Нурматов, А.Абдуқодиров, А.Адилов, вилоят молия бошқармаси, табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси

So`rovnoma natijalari