Hujjat nomi
Юк кўтариш машиналарнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходимлар учун намунавий йўриқнома
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiYo`riqnoma
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi
Hujjat muallifiO`zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Yer qarini geologik o`rganish, sanoatda, konchilikda va kommunal-maishiy sektorda ishlarning bexatar olib borilishini nazorat qilish davlat inspektsiyasi (Sanoatgeokontexnazorat)
Muhokama boshlanishi (sana)2016-01-12 17:14:10
Muhokama yakunlanishi (sana)2016-01-29 18:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

1-боб. Умумий қоидалар

1.Мазкур Намунавий йўриқнома юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходимларга (бундан буён матнда юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим деб юритилади) тааллуқлидир.

2.Юк кўтариш машиналарига эга бўлган ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) ушбу Намунавий йўриқнома асосида юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимларнинг сони, таркиби, шунингдек юк кўтариш машиналарини ишлатишга оид маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимлар учун лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқишлари ва тасдиқлашлари зарур.

3.Мазкур Намунавий йўриқномада юк кўтариш машиналари деганда минора кранлар, портал кранлар, кўприксимон кранлар, харрак кранлар, стрелали кранлар (автомобиль, темир йўл, занжирли, пневмо-ғилдиракли, кран-манипуляторлар, қувурётқизгичлар), кабелли кранлар ва ишлаш жараёнида кўчмас асосга ўрнатиладиган бошқа кранлар, электр таллар, эскалаторлар, фуникулёрлар тушунилади.

2-боб. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг иш фаолиятини ташкил этиш

4.Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимларнинг билимларини синаш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.

5.Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимлар Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ синовдан ўтган шахслар ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тайинланади.

6.Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимларнинг сони ва таркиби ташкилотда мавжуд бўлган юк кўтариш машиналарининг сони ва уларни ишлатиш шароитини ҳисобга олган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

7.Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим ташкилотнинг бош муҳандисига, агар ташкилотда бундай лавозим мавжуд бўлмаса, тўғридан-тўғри ташкилот раҳбарига бўйсунади.

8.Юк кўтариш машиналари эгалари хусусий тадбиркорлар бўлган ҳолатларда, юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгарлик уларнинг зиммасида қолади.

9.Ташкилотга юк кўтариш машиналарини ижарага бераётганда, тегишли шартномада юк кўтариш машиналарини соз ҳолатига жавобгар ходимнинг номи кўрсатилган бўлиши керак.

10.Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим таътилда бўлганида, хизмат сафарига кетганида, бетоб бўлганида ёки бошқа ҳолатларида унинг вазифасини бажариш тегишли малакага эга бўлган бошқа муҳандис-техник ходимга буйруқ орқали юклатилиши зарур.

11.Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимлар қуйидагиларни билишлари шарт:

юк кўтариш машиналарининг тузилиши ва хавфсиз ишлатиш қоидаларини;

“Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари” (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) ва “Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари”ни (рўйхат рақами 1400, 2004 йил
20 август);

юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим учун лавозим йўриқномасида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларни;

юк кўтариш машиналарининг конструкциясини, уларнинг вазифалари, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ўтказиш учун зарур бўлган ҳажмдаги таъмирлаш ускуналари, механизмлар ва қисмларнинг таъмирлаш ишларини;

юк кўтариш машиналарини ишлатиш бўйича қўлланмаларда баён қилинган талабларни, айнан узел ва механизмларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш муддатларини, металл-конструкциялардаги гидротизим узелларида содир бўлиши мумкин бўлган носозликларини ва хавфсизлик асбобларини текшириш усулларини, тормозларни тартиблаш, тез ейиладиган ва алмашинадиган деталлар рўйхатини ва уларнинг ишдан чиқишидаги рухсат этилган емирилишларни, капитал таъмирлашга юбориш учун юк кўтариш машиналарининг чегаравий ҳолати мезонларини;

юк кўтариш машиналарини ишлаб чиқарган корхона берган ишлатишга оид йўриқномалар талабларини;

юк кўтариш машиналарига хизмат кўрсатувчи ходимлар учун ишлаб чиқариш йўриқномаларини;

ва амалдаги бошқа тегишли норматив хужжатларни.

3-боб. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимларнинг вазифалари, ҳуқуқ ва жавобгарлиги

1-§. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимларнинг вазифалари

12.Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим қуйидаги вазифаларни бажаришлари лозим:

аниқланган носозликларни ўз вақтида бартараф қилинишини, даврий кўрикдан ўтиш журналининг назоратини, жадвалда ўрнатилган муддатда таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишни, даврий текшириш йўли билан ечиб олинадиган юк тутувчи мосламаларни ва идишларни соз ҳолатини шахсан ўзи томонидан мунтазам текширилишини;

юклатилган масъулиятни бажариш, ҳамда хизмат кўрсатаётган ходимларга йўл-йўриқ бериб, билимларини даврий текшириш учун етарли маҳоратга эга бўлган юк кўтариш машиналарига хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга ўргатилган тегишли гувоҳнома олган шахслар ёрдамида амалга оширишни;

юк кўтариш машиналарига хизмат кўрсатиш бўйича ишлаб чиқариш йўриқнома талабларини таъминланишини ва юк кўтариш машинаси машинисти (бундан буён матнда машинист деб юритилади) томонидан бажарилишининг назоратини;

юк кўтариш машиналарини ўз вақтида техник кўрикдан ўтказишга ва зарур гувоҳномалар олишга тайёрлаш ва меъёрий хизмат муддатини ўтаган юк кўтариш машиналарини текширишга тайёрлашни;

юк кўтариш машиналарини жадвалга асосан таъмирлашга чиқаришни;

ечиладиган юк кўтариш мосламалари ва идишлар, юк кўтариш машиналарга доир техник ҳужжатлар ва паспортларнинг сақланишини ва шунингдек, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг билимларини даврий текшириш журналини тўғри расмийлаштирилишини;

юк кўтариш машиналарини хавфсиз ишлатиш устидан назорат қилувчи органларнинг фармойишларини бажарилишини;

13. Юк кўтариш машиналарни соз ҳолатига жавобгар ходим, таъмирлашдан чиққан ёки янгидан тикланган юк кўтариш машиналарини фақат техник кўрик ўтказилгандан сўнггина ишлатишга рухсат беради.

14. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим, юк кўтариш машиналари конструкцияси ёки тузилишидаги номувофиқликларни аниқлаганда ва бу хавфсизлик талабларининг бузилишига олиб келадиган ҳолатларда, уларни ишлатишни тўхтатиши, аниқланган камчилик тўғрисида уни ишлатаётган ташкилот ёки юк кўтариш машиналари эгасига хабар бериши лозим.

15. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим юк кўтариш машиналарини техник кўрикдан ўтказишда, меъёрий хизмат муддатини ўта бўлган юк кўтариш машиналарини текширишда ва бошқа назорат органлари томонидан ўтказиладиган текширувларда иштирок этиши керак.

16. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим машинани техник кўрикка тайёрлаши лозим; бунда унинг механизмлари, хавфсизликни таъминловчи асбоблари, тормозлари, бошқарув аппаратлари, гидротармоқларининг узеллари, ёритгичлари, сигнализацияларнинг ишлаши текширилади. Агар юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимга юк кўтариш машиналарнинг механизмларини ва айрим қисмларини унинг тўла техник гувоҳлик берилишигача кўрикдан ўтказиш топширилса, унда тўлиқ гувоҳлик беришда, у қуйидагиларни текшириши лозим:

металлконструкциялар, пайвандли, болтли, парчинланиб уланган жойлар (ёриқлар, деформация йўқлигини, коррозия ва бошқа нуқсонлар оқибатида деталлар деворининг юпқаланиши), шунингдек, кабиналар, нарвонлар, майдончалар ва тўсиқлар ҳолатини;

илгаклар, блоклар, барабанлар, тормоз элементлари ҳолатини;

арқонлар ва уларнинг маҳкамланиш ҳолатини;

балласт ва посонги вазнининг паспортда кўрсатилган қийматларига тўғри келишини.

Кўрик ва текширув натижалари юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимва бошқа иштирокчилар томонидан имзоланган далолатнома орқали расмийлаштирилиши керак.

17. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим кўтариб турувчи ва тортиб турувчи қанот ва пўлат арқонларини, эскирган тортма арқонларни алмаштиришда қуйидагиларга эътибор бериши шарт:

паспортдаги маълумотларга мувофиқ арқон танлашга;

арқон учининг маҳкамланганлигини ва захирасининг тўғрилигини текширишга;

ишчи юк билан арқонни тортиб текширишдан ўтказишга;

бажарилган иш тўғрисида юк кўтариш машиналарининг паспортига маълумотларни ёзиб қўйишга.

18 Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим хавфсизлик асбобларини кўрикдан ўтказишда қуйидагиларни текшириши шарт:

кўтариш механизмининг охирги қўшгичларини ўрнатиш, бунда у тўхтагандаги юк ушлаш органи билан тиргак орасидаги тирқиш юк кўтариш машиналари учун
200 мм дан, электрталлар учун эса 50 мм дан кам бўлмаслиги лозим;

қанот узунлиги ва юк кўтара олишлигини кўрсатадиган шкалаларнинг тўғри ўрнатилишини.

19. Агарда юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим зиммасига идишлар ва юк кўтариш мосламаларини соз ҳолатда сақлаш бўйича масъулият юклатилган бўлса, унда у ўрнатилган муддатда уларни даврий кўрикдан ўтказиши ва таъмирлаши шарт.

20. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим уларга доимий бириктирилган хизмат кўрсатув ходимлари бўлишини таъминлаши ва юк кўтариш машинистларини бир юк кўтариш машинасидан бошқасига унинг рухсатисиз кўчиришга йўл қўймаслиги лозим.

21. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим юк кўтариш машиналарига хизмат кўрсатиш вазифаси юклатилган ишчилар ўртасидаги қуйидаги тартибни ўрнатиши лозим: юк кўтариш машинистлари, чилангарлар, хавфсизлик асбобларини созловчилар, уларга топширилган ускуналарни ишга лаёқатлилигини текширишлари ва кўриб чиқиш йўли билан уларни соз ҳолатда ушлаб туришлари лозим. Юк кўтариш машинистлари иш бошлашдан олдин юк кўтариш машиналарини кўрикдан ўтказишлари лозим. Бунинг учун уларга тегишли вақт ажратилган бўлиши зарур. Юк кўтариш машиналарини текшириш ва кўрик натижалари вахта журналига ёзиб қўйилиши керак.

Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим вахта журналини олиб борилишини, бир ойда энг камида бир мартада текшириши лозим.

22. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим юк кўтариш машинистлари ва чилангарларга, улар йўл қўйган камчиликлар, шикастланиш ва авария ҳолатларини таҳлил қилиб, юк кўтариш машиналарига хавфсиз хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича йўл-йўриқ бериб бориши керак.

23. Иш бошлашдан олдин юк кўтариш машинистларига йўл-йўриқ кўрсатишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш лозим:

бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўладиган юк кўтариш машиналарини харакатланувчи қисмларига (барабан, вал, тишли узатма ва ш.ў.лар), яқинлашиш хавфли бўлган жойларда тўсиқларнинг мавжудлиги ва созлигига;

асбоблар ва хавфсизлик қурилмаларининг соз ишлашига;

юк кўтариш машиналарининг металлконструкциялари, пўлат арқонлар, барабанлар, блоклар, тормозлар ҳолатига, мойлаш-совутиш суюқликларининг ҳолатига ва сатҳига;

сменани топшириш ва қабул қилишдаги ўрнатилган тартибига риоя қилинишига;

қоидада кўзда тутилган ҳолатлардаги наряд-рухсатнома талабларининг аниқ бажарилишига;

юриш қисмлари ҳолатига;

юк кўтариш машиналарига ортиқча юк ортишга йўл қўймасликка;

юк кўтариш машиналаридан кетганда ёки иш тугаганда кабина эшигини беркитиш зарурлигига;

ишлаётган юк кўтариш машиналари яқинида ва жойи ўзгартирилаётган юк тагида одамлар бўлиши мумкин эмаслигига;

юкларнинг массаси ва тафсилотига кўра, ечиб олинадиган юк ушловчи мосламаларни қўлланилиши ва юкларни илиш усулларига юк илувчиларни риоя қилишлари зарурлигига;

юк кўтариш машиналари ишлаётган пайтда қўлланмадаги кўрсатмага риоя қилишга.

24. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимқуйидагиларни бажариши шарт:

юк кўтариш машинистларини вахта журнали билан таъминлаш;

юк кўтариш машиналарида навбатдаги синаш санаси ва юк кўтара олиши, рўйхатга олиш рақами кўрсатилган белгилар шунингдек, огоҳлантирувчи ёзувлар ва плакатлар мавжудлигини таъминлашга;

юк кўтариш машиналарини ишлаш учун участкаларга фақат талабнома асосида юборишга, талабномада ишлаб турган юк кўтариш машиналари ёки электр узатиш тармоқлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумот, ишлар тури юк илувчилар ва юк кўтариш машиналари билан хавфсиз иш олиб боришга жавобгар шахс фамилиялари ва гувоҳнома рақами кўрсатилган бўлиши лозим. Баён этилган маълумотлар йўл варағида кўрсатилган бўлиши керак;

юк кўтариш машиналари ишини мотосоатлар ҳисобида олиб боришга.

25. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимқуйидаги пайтларда уларни ишлашига рухсат бермаслиги керак:

юк кўтариш машиналарининг металлконструкцияларида ёки механизмлари деталларида хавфли нуқсонлар мавжудлигида (ёриқ, қийшайиш, деворлари юпқаланиши ва бошқ.);

металлконструкцияда ёки механизмлар деталлари бирикмасидаги маҳкамлагичларнинг бўшашида;

хавфсизлик асбоблари ва қурилмаларининг носозлигида;

механизм ва тормозларнинг носозлигида ва улардаги деталларнинг йўл қўйиб бўлмайдиган даражада эскиришида, гидротизимларнинг кўзга кўринадиган носозликларида ва гидромеханик узатма ва гидроузелларнинг ишлашида носозлик кузатилганда;

пўлат арқонлар ва уларни маҳкамлагичларида йўл қўйиб бўлмайдиган нуқсонлар аниқланганда, илгак ва унинг осмаси носозлигида;

юк кўтариш машиналарининг меъёрий ишлаш муддати ёки техник кўрикдан ўтказиш муддати ўтганда;

«Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси ёки юк кўтариш машиналарини хавфсиз ишлатилишини назорат қилувчи муҳандис-техник ходим томонидан юк кўтариш машиналарини мажбурий ҳолатда пломба қўйиб тўхтатилса, пломба фақат шу ходимлар рухсати билангина ечилиши мумкин, пломба қўйишдан то уни ечиш пайтигача юк кўтариш машинасини сақланишига жавобгарлик юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим зиммасига юклатилади.

2-§. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходимнинг ҳуқуқ ва жавобгарлиги

26. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юк кўтариш машиналари ишлаётган участкаларга бориш, муҳандис-техник ходимлар ва хизмат кўрсатувчиларнинг ишлаб чиқариш йўриқномаларига риоя қилишларини текшириш;

юк кўтариш машиналарини техник кўрикдан, таъмирлашдан, шаҳодатлашдан, махсус техник кўрикдан ўтказиш учун уларнинг иш фаолиятларини вақтинча тўхтатиб туриш;

ишларни хавфсиз олиб боришга оид йўриқномалар талабларини бузаётган шахсларни ишдан четлатиш ва уларга нисбатан тегишли чора кўриш масаласини раҳбариятга маълум қилиш.

27. Юк кўтариш машиналарининг соз ҳолатига жавобгар ходим ушбу Намунавий йўриқнома талабларини бузилишига йўл қўйган тақдирда қонун хужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

4-боб. Якуний қоида

28. Мазкур намунавий йўриқнома Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” Акциадорлик компанияси, “Ўзнефтгазқурилишинвест” Акциядорлик жамияти билан келишилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан берилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
Нет результатов.

So`rovnoma natijalari