Hujjat nomi
Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiNizom
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Davlat bojxona qo‘mitasi
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Davlat bojxona qo‘mitasi
Muhokama boshlanishi (sana)2016-03-19 12:20:11
Muhokama yakunlanishi (sana)2016-04-03 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiLayiha ishlab chiqilgan

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИНИНГ ҚАРОРИ

Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш,
уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби
тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қарор қилади:

1. Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш,
уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби
тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Раис З. Дусанов

Тошкент ш.,

‎2016 йил “___” _______,

_________ -сон

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил “___” _________ даги _________ - сон қарорига илова

Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча

киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш
ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ҳамда“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ божхона юк декларациясини (кейинги ўринларда – БЮД деб юритилади), шунингдек, қоғоз шаклдаги БЮДнинг электрон нусхасини ўзгартириш, уларга қўшимча киритиш, уларни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ариза – ваколатли шахснинг БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, бекор қилиш ёҳуд қайтариб олиш бўйича ёзма ёки электрон мурожаати;

божхона пости – БЮД рўйхатга олинган, расмийлаштирилган
ёки БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш амалга ошириладиган божхона органи;

БЮДдаги хато - декларациялашга тақдим этилган бирламчи ҳужжатлардаги ахборот билан БЮДдаги маълумотлар орасидаги тафовут, шунингдек БЮД графаларидаги нотўғри маълумотлар;

БЮДни бекор қилиш - БЮДнинг юридик ҳужжат сифатида амал қилишини тўхтатиш;

БЮДни қайта расмийлаштириш - аввал расмийлаштирилган БЮДни бекор қилиш ва унинг ўрнига янги БЮДни расмийлаштириш билан боғлиқ жараён;

БЮДни қайта рўйхатга олиш – аввал рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮДнинг ўрнига янги БЮДни рўйхатга олиш билан боғлиқ жараён;

БЮДни қайтариб олиш – божхона органига тақдим этилиб, рўйхатга олинмаган ёки рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган ёҳуд олиб чиқишга рухсат берилиб, амалда олиб чиқиб кетилмаган товар юзасидан расмийлаштирилган БЮДни декларант ёки божхона брокерининг мурожаатига асосан қайтариб олиш билан боғлиқ жараён;

расмийлаштирилган БЮД – божхона ходими томонидан рўйхатга олиниб, 7-графага тартиб рақами ёзилган ва “D” графада сана қўйилган, яъни расмийлаштирув якунига етказилган БЮД;

рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮД – божхона ходими томонидан рўйхатга олиниб, БЮДнинг 7-графасига тартиб рақами ёзилган, аммо божхона расмийлаштируви тугалланмаган, яъни “D” графаси тўлдирилмаган БЮД;

электрон БЮД – электрон шаклда расмийлаштирилган БЮД ёки қоғоз шаклда расмийлаштирилган БЮДнинг электрон нусхаси;

қайта расмийлаштирилган БЮД – ўрнига янги БЮД расмийлаштирилиб, юридик ҳужжат сифатида кучини йўқотган аввалги БЮД;

қайта рўйхатга олинган БЮД – ўрнига янги БЮД рўйхатга олиниб, юридик ҳужжат сифатида кучини йўқотган аввалги БЮД;

ҳудудий божхона органлари - Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент-Аэро" ихтисослаштирилган божхона комплекси.

2. Мазкур Низом талаблари расмийлаштирилган ҳамда рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган барча БЮДларга нисбатан қўлланилади.

3. Божхона расмийлаштируви тугаллангандан ва товарлар муайян божхона режимига жойлаштирилгандан сўнг БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

божхона расмийлаштируви жараёнида йўл қўйилган хатоларни тузатиш зарурати туғилганида;

БЮД ёки унинг бир қисми бўйича расмийлаштирилган товарга эгалик қилиш ҳуқуқи ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқа субъектига берилганида (экспорт ва эркин муомалага чиқариш божхона режимларига расмийлаштирилиб, контракт (шартнома, келишув) шартлари тўлиқ бажарилган ва (ёки) шартли чиқарилмаган товарлар бундан мустасно);

контракт (шартнома, келишув ва уларга қўшимчалар) шартлари ўзгарганида (экспорт ва эркин муомалага чиқариш божхона режимларига расмийлаштирилиб, контракт (шартнома, келишув) шартлари тўлиқ бажарилган ва (ёки) шартли чиқарилмаган товарлар бундан мустасно);

товарларни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари техник жиҳатдан носоз бўлганида;

божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари суммасига таъсир этган БЮДга киритилаётган ўзгартиришларни БҚТ-1 ва БҚТ-2 божхона қийматини тўғрилаш шаклларида акс эттириш имконияти бўлмаганда;

БЮДга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш учун етарли асос бўладиган ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланган, амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда.

4. Товарларнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловлари суммасига, шунингдек уларга таъсир этувчи кўрсаткичларга тузатиш киритиш тартиби Божхона қийматини тўғрилаш БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларини тўлдириш бўйича йўриқнома (рўйхат рақами 920, 2000 йил 20 апрель) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари

ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 йил, 8-сон) билан белгиланади.

5. Товарларнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловлари суммасига киритилаётган тузатишлар қуйидаги ҳолатларда ушбу Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади:

товарларнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловлари суммасига таъсир этмайдиган БЮДнинг бошқа графаларга
ҳам ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиладиган бўлса;

киритилаётган тузатишлар БЮД асосида расмийлаштирилган муайян товарнинг фақатгина бир қисмига тааллуқли бўлса (масалан, божхона тўловларидан имтиёз қўлланган ҳолда импорт қилинган товарнинг бир қисмидан божхона тўловлари ундириб олинадиган ҳолатларида ва ҳ.к.).

6. Божхона расмийлаштируви тугалланганидан ва товарлар муайян божхона режимига жойлаштирилганидан кейин, БЮД қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида божхона органининг талаби билан

ёки ваколатли шахснинг аризасига кўра, мазкур Низом талаблари асосида, БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёхуд бекор қилиш мумкин.

II. Расмийлаштирилган БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш бўйича ариза бериш

7. БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш талаб этилганида ваколатли шахс БЮД расмийлаштирилган ҳудудий божхона органи бошлиғига ариза билан мурожаат қилади. Аризада БЮДнинг рўйхат рақами, мазкур БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш заруриятининг аниқ сабабларини кўрсатади.

8. Аризага БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш заруриятини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгарлик аризачи зиммасига юклатилади.

9. БЮД қоғоз шаклда расмийлаштирилган бўлса, аризага БЮДнинг декларант ва божхона брокери учун тайёрлаб берилган дастлабки расмийлаштирилган асл нусхалари илова қилинади.

БЮДнинг асл нусхаларидан бирини божхона органига тақдим этишнинг имкони бўлмаган тақдирда, аризачи томонидан ёзма равишда тақдим этмаслик сабаби кўрсатилади ва асослантирувчи ҳужжатлар илова қилинади.

БЮДнинг тегишли нусхаларини тақдим этиш имконияти мавжуд эмаслиги тўғрисидаги асослантирувчи ҳужжатларнинг йўқлиги аризани кўриб чиқишни рад этиш учун асос бўла олмайди. Бундай ҳолларда БЮДнинг тақдим этилмаган нусхаларидан фойдаланилганлик учун жавобгарлик аризачи зиммасига юклатилади.

III. Божхона органларида расмийлаштирилган БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш бўйича аризани кўриб чиқиш

10. Ариза ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарининг муносабат белгиси билан Божхона статистикаси ва таҳлил, Божхона назоратини ташкил этиш, Божхона қийматини аниқлаш ва тўловлар ҳисобини юритиш, Валюта назорати бўлимларига (бўлинма, гуруҳларига), зарур ҳолларда ҳудудий божхона органининг бошқа тузилмаларига (кейинги ўринларда – масъул таркибий тузилмалар деб юритилади) юборилади.

Аризани кўриб чиқишда маъсул таркибий тузилмалар томонидан юкни қабул қилиш ёки жўнатиш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар ҳамкорликда ўрганиб чиқилади.

11. Божхона органи мансабдор шахси аризани тўлиқ ва холисона кўриб чиқиш учун зарур бўлган қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни ҳамда ёзма тушунтиришларни сўраб олиши мумкин.

Ваколатли шахсдан аризани кўриб чиқиш учун зарур бўлмаган, шунингдек божхона органларида ёки давлат хизматларини кўрсатувчи бошқа давлат органларида ва ташкилотларда мавжуд бўлган қўшимча маълумот
ва ахборотларни талаб қилиш таъқиқланади.

12. Ариза ҳудудий божхона органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш учун қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда уни кўриб чиқиш муддати худудий божхона органи раҳбари томонидан кўпи билан бир ойгача муддатга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда аризачига хабар қилинади.

Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича муаллифга ёзма ёҳуд электрон шаклда жавоб берилади. Жавоб хати ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

13. Ҳудудий божхона органи аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича БЮДни ўзгартириш, унга қўшимчалар киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш учун етарли асослар мавжуд эмас ёҳуд тақдим этилган ҳужжатлар етарли эмас деб топса БЮДни ўзгартириш, унга қўшимчалар киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилишни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолатларда жавоб хатида БЮДни ўзгартириш, унга қўшимчалар киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилишни рад этишнинг асосланган сабаблари кўрсатилади.

14. Ҳудудий божхона органи аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича БЮДни ўзгартириш, унга қўшимчалар киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш учун етарли асослар мавжуд деб топилса жавоб хатининг нусхаси божхона постига юборилади.

IV. Расмийлаштирилган БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш бўйича божхона

органлари мансабдор шахслари томонидан
аниқланган холатларни кўриб чиқиш

15. Расмийлаштирилган БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш зарурати юзага келганда божхона органи мансабдор шахси бу ҳақда ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарига билдирги билан ёзма мурожаат қилади.

Билдиргида БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш заруриятининг аниқ сабаблари БЮДнинг рўйхат рақами, ўзгартириш, қўшимча киритилиши лозим бўлган графалари кўрсатилади. Билдиргига хато мавжуд бўлган БЮД нусхаси (агар БЮД қоғоз шаклда расмийлаштирилган бўлса) ва декларациядаги хатоларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.

16. Ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарининг муносабат белгиси асосида билдирги маъсул таркибий тузилмалар томонидан ҳамкорликда кўриб чиқилади.

Билдиргини кўриб чиқиш муддати ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарининг муносабат белгиси қўйилган кундан эътиборан
ўн кундан ошмаслиги лозим.

17. БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш зарурати тасдиқланган тақдирда, тегишли божхона постига, зарур ҳолларда декларант ва божхона брокерига ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган хат юборилади.

Хатда кўриб чиқилган БЮДнинг рўйхат рақами, аниқ графалари кўрсатилган ҳолда БЮДда аниқланган хатолар, БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш бўйича кўрилиши лозим бўлган чоралар акс эттирилади.

18. БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш зарурати тасдиқланмаган тақдирда, бунинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган хат тегишли божхона постига юборилади.

19. Декларант ва (ёки) божхона брокери ҳудудий божхона органининг БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш бўйича хатини олгандан сўнг уч иш кунидан кечиктирмай БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш учун БЮД ва унга тегишли ҳужжатларни тақдим этиши шарт (божхона постининг мансабдор шахси томонидан тўлдириладиган графаларга ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш лозим бўлган ҳоллар бундан мустасно).

[ izohlar (1) ]

Izohlar va ularga berilgan javoblar

Khorunov Dilshod Baxodirovich 2016-03-29 20:03:31
Агарда декларант ва (ёки) божхона брокери БЮДга узгартириш киритиш буйича хатини олган кундан бошлаб уч кунни ичида тегишли хужжатларни такдим кила олмаса, еки БЮдга узгартириш киритиш кераклиги билан норози булган холлардаче? Мани фикримча 19 пунктни узгартириш керак.
Qabul qilindi 2016-06-30 10:47:17

20. Ўзгартирилаётган, қўшимча киритилаётган ёки қайта расмийлаштирилаётган БЮДни дастлаб тақдим этган божхона брокери ёки декларант томонидан асосли сабабларга кўра ушбу БЮДни ўзгартириш, қўшимча киритиш ёки қайта расмийлаштириш учун божхона органига тақдим этиш имконияти мавжуд бўлмаса, ваколатли шахснинг топшириғига кўра БЮД бошқа божхона брокери томонидан ўзгартириш, қўшимча киритиш ёки қайта расмийлаштириш учун божхона органига тақдим этилиши мумкин.

V. Расмийлаштирилган БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш,

уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш

21. Божхона органи мансабдор шахси томонидан қоғоз шаклдаги расмийлаштирилган БЮДга ўзгартириш киритиш БЮДнинг тегишли графалари матнини “X” белгиси билан ўчириш ва янги матнни ёзиш, қўшимча киритиш тегишли графага қўшимча маълумотларни киритиш йўли билан амалга оширилади (статистик нусхадан ташқари). БЮДнинг ўзгартириш ва қўшимча киритилиши лозим бўлган графаларида ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш учун етарли жой бўлмаган тақдирда, киритилган ўзгартириш ва қўшимча ҳақидаги ёзув БЮДнинг орқа томонига қайд қилинади.

Шунингдек, БЮД нусхаларининг орқа томонида ким томонидан, қачон, нимага асосланиб, қайси графада ва нима ўзгартирилганлиги ҳақида қайд қилинади. Ёзув ўзгартириш киритган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг имзоси ва ахборот штампи ҳамда божхона постининг мансабдор шахсининг имзоси ва шахсий муҳри билан тасдиқланади.

22. БЮДнинг фақат божхона пости мансабдор шахси томонидан тўлдириладиган графаларидаги ёзувларга ўзгартириш киритиш зарур бўлган тақдирда, ўзгартириш киритиш божхона постининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилади ҳамда унинг имзоси ва шахсий рақамли муҳри билан (электрон БЮДда унинг электрон рақамли имзоси билан) тасдиқланади.

23. Электрон БЮДни ўзгартириш ёки унга қўшимча киритиш мазкур Низомнинг 24-банди биринчи хатбошисида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.

24. БЮДни, шу жумладан электрон БЮДни қайта расмийлаштиришда божхона органининг мансабдор шахси томонидан Давлат божхона қўмитаси автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда – ДБҚ ААТ деб юритилади) аввалги БЮДнинг ўрнига янги БЮД расмийлаштирилади.

Қоғоз шаклдаги қайта расмийлаштирилган БЮДнинг барча нусхаларида (статистика нусхасидан ташқари) пастки чап бурчакдан бошлаб диагонал бўйича “ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИЛДИ” ёзуви қайд қилинади. Нусхаларнинг орқа томонида мазкур БЮД ким томонидан ва нима асосида қайта расмийлаштирилганлиги кўрсатилади. Қайта расмийлаштирилган БЮДнинг ўрнига расмийлаштирилган янги БЮДга аввалги БЮДнинг рўйхат рақами ва юк чиқариш санаси берилади. Янги БЮДнинг 50-“Ишончнома берувчи” графасида БЮДни қайта расмийлаштиришга асос бўлган ҳудудий божхона органи хатининг рақами ва санаси кўрсатилади. Ушбу графаларда жой бўлмаган тақдирда бундай ёзув БЮДнинг орқа томонига қайд қилинади.

25. Қоғоз шаклдаги БЮД бекор қилинаётганда божхона пости мансабдор шахси томонидан мазкур БЮДнинг барча нусхаларида (статистика нусхасидан ташқари) пастки чап бурчакдан бошлаб диагонал бўйича “БЕКОР ҚИЛИНДИ” ёзуви қайд қилинади. Нусхаларнинг орқа томонида мазкур БЮД ким томонидан ва нима асосида бекор қилинганлиги кўрсатилади.

Электрон БЮД бекор қилинаётганда божхона пости мансабдор шахси ҳудудий божхона органининг БЮДни бекор қилиш тўғрисидаги хатини олгандан сўнг уч иш куни давомида ДБҚ ААТда электрон БЮДни бекор қилади.

26. Олиб чиқишга рухсат берилиб, амалда олиб чиқиб кетилмаган товарга тааллуқли БЮДни қайтариб олиш уни бекор қилиш ёки қайта расмийлаштириш йўли билан амалга оширилади.

27. Қайта расмийлаштирилган ва бекор қилинган БЮД юридик ҳужжат сифатида ўз кучини йўқотади. Бекор қилинган БЮДнинг рўйхат рақамини бошқа БЮДга берилиши таъқиқланади.

28. Электрон БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ва уни қайта расмийлаштиришда декларант ёки божхона брокери томонидан божхона постига ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ “БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ва уни қайта расмийлаштириш варағи” тақдим этилади. Ушбу варақда БЮДнинг рўйхат рақами, товарнинг тартиб рақами, ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритилаётган графа, аввалги ва тўғриланган янги маълумотлар кўрсатилади ҳамда божхона расмийлаштируви мутахассисининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

29. Қоғоз шаклда қайта расмийлаштирилган ёки бекор қилинган БЮДнинг биринчи нусхаси ҳудудий божхона органининг аризага жавоб хати билан бирга божхона пости йиғма жилдига тикиб қўйилади, мазкур БЮДнинг қолган нусхалари ҳудудий божхона органи божхона статистикаси ва таҳлил бўлимининг (бўлинмасининг, гуруҳининг) алоҳида йиғма жилдида сақланади (“экспорт” режимида юк мўлжалланган мамлакатга юбориш учун тайёрлаб берилган нусха бундан мустасно).

30. БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш декларант ёки божхона брокери томонидан БЮД ва унга тегишли зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб уч иш куни ичида божхона постининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилади.

31. Қоғоз шаклда расмийлаштирилган БЮДга ўзгартириш ёки қўшимча киритилгандан, БЮД қайта расмийлаштирилган ёки бекор қилингандан сўнг божхона органига тақдим этилмаган қоғоз шаклдаги БЮДнинг нусхаси юридик ҳужжат сифатида ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

VI. Рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮДни ўзгартириш,

унга қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш ёки бекор қилиш

32. Рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮДга ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш зарурати юзага келганда декларант ёки божхона брокери божхона пости бошлиғига мурожаат қилади. Мурожаатда БЮДнинг рўйхат рақами, мазкур БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш заруратининг аниқ сабабларини баён этади.

БЮД рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш куни давомида қайтадан божхона органига бериладиган бўлса декларант ёки божхона брокери мурожаат билан бирга қайта рўйхатга олинадиган хато
ва камчиликлари бартараф этилган БЮДни, унинг 7-графасида божхона органида рўйхатга олинган рақамини кўрсатган ҳолда тақдим этади.

33. Божхона пости мансабдор шахси мурожаатда баён этилган БЮДни:

агар БЮД рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш куни давомида қайтадан тақдим этиладиган бўлса – хато ва камчиликлари бартараф этилган янги БЮДни қайта рўйхатга олиб, аввалги БЮДни қайтаради;

агар БЮД рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш куни давомида қайтадан тақдим этилмайдиган бўлса – БЮДни бекор қилади.

34. Божхона органи мансабдор шахси БЮДда хатоликлар ёки номувофиқликларни аниқлаганда, ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда ёҳуд қонун ҳужжатларига мувофиқ БЮДни расмийлаштиришга тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолатлар аниқланганда бу ҳақда декларант ва (ёки) божхона брокерини хабардор қилади. Бунда божхона органи мансабдор шахси ҳақда декларант ва (ёки) божхона брокери БЮДни расмийлаштиришга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар тўғрисида аниқ маълумот бериши шарт.

35. Декларант ва (ёки) божхона брокери БЮД рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш куни давомида қайта рўйхатга олинадиган хато

ва камчиликлари бартараф этилган БЮДни, унинг 7-графасида божхона органида рўйхатга олинган рақамини кўрсатган ҳолда тақдим этади.

36. Декларант ёки божхона брокери қайтарилган БЮДни ушбу БЮД рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш куни давомида тақдим этмаса божхона пости мансабдор шахси БЮДни бекор қилади.

37. Рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮДни бекор қилишда божхона пости мансабдор шахси рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮДни бекор қилиш далолатномасини тузади. Далолатномада БЮДнинг рўйхат рақами, мазкур БЮДни бекор қилишнинг аниқ сабаблари кўрсатилади. Далолатнома божхона пости бошлиғи ва божхона постининг мансабдор шахси томонидан имзоланади.

38. Рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮД қайтариб олингандан

ёки бекор қилингандан сўнг юридик ҳужжат сифатида ўз кучини йўқотади
ва мазкур БЮДнинг рўйхат рақамини бошқа БЮДга бериш таъқиқланади.

VII. Якуний қисм

39. Божхона қиймати декларацияси ва божхона қийматини тўғрилаш шаклларини ўзгартириш, уларга қўшимча киритиш, қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш ушбу Низом талаблари асосида амалга оширилади.

40. Декларант ёки божхона брокери ҳудудий божхона органининг БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш бўйича хати юзасидан эътироз билдириб Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига шикоят қилишга ҳақли.

41. Декларант ёки божхона брокери Давлат божхона қўмитасининг жавоб хатидан норози бўлган тақдирда ушбу хат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

42. БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш учун БЮД ва (ёки) зарур ҳужжатлар ва маълумотларни декларант томонидан белгиланган муддатда тақдим этилмаслик декларантни амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.

43. Декларант ёки божхона брокери томонидан БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш жараёнида тақдим этилаётган маълумотларда хатоларга йўл қўйилиши уни амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб ҳисобланади. Бунда БЮДни текшириш бошлангунга қадар тузатиш ҳолатлари мустасно.

Божхона юк декларацияларига ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш, қайта расмийлаштириш

ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-илова

БЮДни ўзгартириш, унга қўшимчалар киритиш, уни қайта расмийлаштириш варағи

Ўзгартириш киритиш учун асос (ҳудудий божхона органига тегишли хужжат номи, рақами ва санаси) ____________даги ________-сонли

БЮДнинг рўйхат рақами 99999/99.99.99/999999-сонли БЮД

Товар тартиб рақами (ўзгартириш ёки қўшимча киритилиши лозим бўлган маълумот товарга тегишли бўлса) ___

БЮД графаси рақами

Аввалги маълумот

Янги маълумот

15а-графа

398

643

8-графа
(КТУТ коди)

12345678

22345678

33-графа

8415100009

8415100001

Божхона брокери ёки декларант номи

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис Ф.И.Ш.

Имзо ва сана

Телефон:

Электрон манзил:

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Норматив ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишБожхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ДБҚ қарори лойиҳаси19.03.2016 йилгачаБожхона статистикаси ва таҳлил маркази, ДБҚнинг маъсул таркибий тузилмалари
2Норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Интерактив давлат хизматлари ягона порталига муҳокама учун жойлаштиришҚарор лойиҳасини Интерактив давлат хизматлари ягона порталига жойлаштириш19.03.2016г.Божхона статистикаси ва таҳлил маркази
3Норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг муҳокамасини ўтказишИнтерактив давлат хизматлари ягона порталида норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг муҳокамасини ўтказиш19.03.2016г. – 03.04.2016й.Божхона статистикаси ва таҳлил маркази
4Муҳокама жараёнида келиб тушган таклиф ва эътирозлардан келиб чиққан ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қайта ишлашМуҳокама жараёнида келиб тушган таклиф ва эътирозларни умумлаштириш, лойиҳани қайта ишлаш ва якуний таҳрирни Ягона порталга жойлаштириш03.04.2016й. – 10.04.2016й.Божхона статистикаси ва таҳлил маркази, ДБҚнинг маъсул таркибий тузилмалари
5Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тасдиқлаш учун киритишДБҚ қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритиш10.04.2016й.Божхона статистикаси ва таҳлил маркази

So`rovnoma natijalari