Hujjat nomi
Валюта биржасини лицензиялаш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги низом
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiNizom
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Hujjat muallifiO‘zbekiston Respublikasi Markaziy banki
Muhokama boshlanishi (sana)2016-03-28 16:29:43
Muhokama yakunlanishi (sana)2016-04-19 00:00:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Валюта биржасини лицензиялаш ва унинг фаолиятини

тартибга солиш тўғрисидаги низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ валюта биржасини лицензиялаш ва унинг фаолиятини тартибга солишга оид қоидаларни белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

валюта биржаси – чет эл валютаси, давлат қимматли қоғозлари, молиявий ҳосила инструментлари (деривативлар) олди-сотдиси ҳамда улар билан боғлиқ бошқа биржа битимлари бўйича биржа савдоларини ташкил этувчи юридик шахс;

лицензияловчи орган – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки;

лицензия даъвогари - лицензияловчи органга валюта биржаси фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган юридик шахс;

лицензиат - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг валюта биржаси фаолиятини амалга ошириш учун лицензиясига эга бўлган юридик шахс;

2. Валюта биржаси фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солишЎзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилади.

3. Валюта биржаси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

4. Лицензияни бериш, амал қилишини тугатиш, бекор қилиш, тўхтатиб туриш, қайта расмийлаштириш ёки қайта тиклаш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарори билан расмийлаштирилади.

2-боб. Лицензия талаблари ва шартлари

5. Қуйидагилар валюта биржаси фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка ва биржа савдолари қоидаларига риоя қилиш;

б) акциядорлик жамиятлари учун қонунчиликда белгиланган устав фонди (устав капитали)нинг энг кам миқдори бўйича талабларга мувофиқлик;

в) биржа савдоларининг электрон тизими мавжудлиги;

г) биржа савдоларини олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида электрон шаклда валюта биржаси аъзоларининг барчасига ушбу савдоларда бир вақтда иштирок этиш имконияти берилган ҳолда ўтказиш;

д) клирингни амалга ошириш ва ҳисоб-китобларни ўтказиш, шунингдек давлат қимматли қоғозларига бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш ва уларни сақлаш тизимининг мавжудлиги;

е) ахборотни қонун ҳужжатларига мувофиқ ошкор қилиш;

ж) лицензияловчи органнинг талабига кўра биржа фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш;

з) хоналарнинг техник жиҳатдан мустаҳкамланганлиги ва қўриқлаш ва ёнғиндан огоҳ этиш воситалари билан жиҳозланганлиги;

и) кундалик бухгалтерия ҳисоби юритилишини таъминловчи дастурий таъминотнинг мавжудлиги;

к) биржа савдоларининг электрон тизими томонидан автоматик равишда тузиладиган электрон баённомалар тарзида киритилган биржа битимлари тўғрисидаги ахборотни архив ишларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ сақлаш.

3-боб. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

6. Валюта биржаси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун лицензия даъвогари лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: лицензия даъвогарининг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), электрон манзили, банк ҳисоби реквизитлари, лицензия даъвогарининг валюта биржаси фаолиятини амалга оширишга тайёрлиги;

б) лицензия даъвогари устави нусхаси;

в) лицензия даъвогарининг бошқарув органлари таркиби тўғрисида маълумот;

г) биржанинг чет эл валютаси, давлат қимматли қоғозлари, молиявий ҳосила инструментлари (деривативлар) операциялари билан шуғулланувчи бўлинмалари, шунингдек ходимлар малакаси, бўлинмалар ихтисослашуви ва уларнинг техник жиҳозланганлиги тавсифланган ташкилий тузилмаси.

7. Лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар лицензия даъвогари томонидан лицензияловчи органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия даъвогарининг рақамли электрон имзоси билан тасдқиланади.

Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия даъвогарининг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилигидир.

8. Ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия даъвогари қонун хужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

4-боб. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш

9. Лицензия олиш учун ариза билан барча зарур хужжатлар лицензияловчи орган томонидан ушбу ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб ўттиз иш куни ичида кўриб чиқилади.

10. Лицензияловчи орган томонидан лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун тўлов ундирилмайди.

11. Лицензияловчи орган томонидан лицензия берилганлиги учун қонунчиликка мувофиқдавлат божи ундирилади.

12. Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида лицензия даъвогарини лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ҳақида хабардор қилади.

13. Лицензия бериш юзасидан қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда жўнатилади (тақдим этилади).

14. Лицензия берилишида лицензия битими расмийлаштирилади, ва у лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи хужжат ҳисобланади.

Лицензия битимида қуйидагилар бўлиши лозим:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишининг лицензияловчи орган томонидан назорат қилиниши тартиби;

қонун ҳужжатлари ҳамда лицензия битиминининг талаб ва шартларини бузганлик учун таъсир чоралари.

Лицензия битими икки асл нусхада тузилади, бир нусхаси лицензияловчи органда қолади, иккинчиси эса лицензиатга берилади.

15. Лицензия даъвогар томонидан лицензия битими имзоланганидан кейин берилади. Лицензия бланкасининг асл нусхаси лицензиатга берилади, лицензия нусхаси лицензияловчи органда сақланади.

16. Лицензияловчи орган қуйидаги сабабларга кўра лицензия беришни рад этишга ҳақлидир:

лицензия даъвогари ҳужжатларни лозим тарзда расмийлаштирмаган ҳолда тақдим этиши;

лицензия даъвогари тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

лицензия даъвогарининг лицензия бериш талаблари ва шарт-шароитларига номувофиқлиги.

17. Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда, рад этишнинг сабаблари ва лицензия даъвогари кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такрор тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

Лицензия даъвогари лицензия бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия даъвогарининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўн кундан кўп бўлмаган муддатда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.

Лицензия даъвогарининг аризасини такроран кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия даъвогарининг лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган аризаси янгидан берилган деб ҳисобланади.

18. Лицензияловчи орган томонидан валюта биржасининг фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилишининг мажбурий шарти лицензия даъвогари томонидан унга нисбатан лицензияловчи орган томонидан ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ қўйилган техник талабларга қатъий риоя этишидир.

5-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш, дубликат бериш

19. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

20. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.

21. Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза олинган кундан бошлаб, беш кун мобайнида амалга оширилади.

22. Лицензия йўқолган тақдирда лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.

6-боб. Лицензиат фаолиятини тартибга солиш, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш.

23. Лицензиат фаолиятини тартибга солиш ва лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

чет эл валютаси, давлат қимматли қоғозлари, молиявий ҳосила инструментларининг (деривативлар, шунингдек улар билан боғлиқ бошқа биржа битимлари бўйича) олди-сотдиси бўйича фаолиятни ва операцияларни амалга оширишга оид лицензиат учун мажбурий қоидаларни ўрнатиш;

лицензиат фаолияти, жумладан ўтказилаётган операциялар ҳақида ҳисобот ва ахборот сўраш ва олиш, шунингдек олинган ахборот юзасидан изоҳлар талаб қилиш;

лицензиат томонидан валюта биржаси фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка ҳамда лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишни амалга ошириш, шунингдек текшириш жараёнида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

аниқланган бузилишларни бартараф этишни талаб қилиш ва бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш, шунингдек лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш.

24. Лицензиат ўз фаолиятини амалга ошираётганида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талабларига, шунингдек лицензия битимлари ва шартларига риоя этиши шарт.

7-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш.

25. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

лицензиат томонидан валюта биржаси фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик бузилиши аниқланганда;

лицензиат томонидан лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартлари бузилиши аниқланганда;

лицензиат томонидан лицензияловчи органнинг лицензиатга аниқланган қоидабузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи кўрсатмаларини бажармаслик.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади.

Лицензияловчи орган лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этиши учун муддат белгилайди. Бунда белгиланган муддат олти ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этган тақдирда, лицензияловчи орган кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқномани олган кундан эътиборан лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида ўн кун муддат ичида қарор қабул қилади.

26. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

лицензиат томонидан валюта биржаси фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик бузилганлиги аниқланганда;

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган ҳолларда ва тартибда лицензиатнинг фаолияти юридик шахс сифатида тўхтатилган тақдирда;

лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талабларини ва шартларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган белгилаган муддатда бартараф этмаганда.

Тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан лицензиянинг амал қилиши тугатилади.

27. Лицензия қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

лицензиат томонидан валюта биржаси фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик бузилганлиги аниқланганда;

агар лицензиат лицензия бериши ҳақида қарор қабул қилингани тўғрисида хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан бир ой ичида лицензия битимини имзоламаган бўлса;

лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги далили аниқланганда.

Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги маълумот лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим.

8-боб. Лицензиялар реестрини юритиш

28. Лицензияловчи орган лицензиялар реестрини юритади ва унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

лицензиат тўғрисидаги асосий маълумотлар;

лицензия берилган сана ва тартиб рақами;

лицензияни қайта расмийлаштириш, амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш асослари ва саналари;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилиш асослари ва санаси;

солиқ тўловчининг идентификацион рақами;

бошқа маълумотлар.

29. Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.

9-боб. Якунловчи қоида

30. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Илова

Биржа савдолари электрон тизимларига қўйиладиган умумий талаблар

1-боб. Асосий тушунчалар ва таърифлар

1. Биржа савдолари электрон тизимларига қўйиладиган умумий талабларда қуйидаги тушунчалар ва таърифлардан фойдаланилган:

дастурий восита (кейинги ўринларда - ДВ) - маълумотлар билан ишлаш тизимининг фаолият юритишига доир дастурлар, тартиботлар, қоидалар, шунингдек назарда тутилган бўлса, уларга илова қилинадиган ҳужжатлар ва маълумотлардан иборат объект;

биржа савдоларининг электрон тизими (кейинги ўринларда - БСЭТ) - биржа аъзоларига биржа савдоларида бевосита биржа савдо залида аниқ вақт режимида иштирок этиш имконини берадиган дастурий аппарат воситалари мажмуидан иборат глобал тақсимланган ахборот тизими;

сервер - тармоқ ресурсларининг муайян турини бошқарадиган ҳисоблаш машинаси (тизими);

ишчи станция (терминал) - биржа савдо залида мавжуд бўлган ва биржа савдоларининг электрон тизимига уланган махсус дастур билан таъминланган компьютер;

серверхона – сервер ва телекоммуникация ускуналари жойлашган, маълумотларга ишлов бериш ва сақлаш учун мўлжалланган ва алоқа каналларига уланишни таъминловчи хона;

дизель генератор қурилмаси (кейинги ўринларда - ДГҚ) – электр энергиясини ишлаб чиқарувчи автоном қурилма, электрогенератор қурилмаси. Шаҳар электр таъминоти тармоғида носозликлар ва ўчишлар бўлган ҳолларда компьютер, сервер ва телекоммуникация ускуналарини кафолатланган тарзда электр билан таъминлаш учун мўлжалланган;

узлуксиз таъминот манбаи (кейинги ўринларда – УТМ) – компьютер, сервер ва телекоммуникация ускуналарини узлуксиз равишда энергия билан таъминлайдиган қурилма;

резервни автоматик ишга тушириш (кейинги ўринларда – РАИТ) – электр юкламаларни (нагрузкаларни) автоматик тақсимлашни таъминлайдиган электр таъминоти тармоғи қурилмаси.

2-боб. Биржа савдоларининг электронтизимларига қўйиладиган талаблар

2. БСЭТ:

локал ҳисоблаш тармоқларида фаолият кўрсатиши;

маълумотлар базаси билан боғланган ҳолда, савдо иштирокчилари ҳақидаги ахборотни ташкил қилиш, сақлаш ва акс эттириши;

маълумотлар базаси билан боғланган ҳолда, буюртмалар, битимлар ва савдо натижалари бўйича ахборотни сақлаш ва акс эттириши;

маълумотлар базасида сақланаётган маълумотномалар асосида ахборотни сақлаш ва акс эттириши;

дастурий воситалар мажмуининг ишини қисқа йўриқномалар, ёрдам кўрсатиш ва тушунтиришлар билан таъминланиладиган меню тизими орқали ташкил қилиши;

терминалнинг қаерда жойлашганидан қатъий назар, реал вақт режимида савдоларда қатнашиш имкони ёки савдо иштирокчилари ўртасида ахборот алмашинувини таъминлаши лозим.

3. БСЭТнинг таркибида қуйидаги операциялар ва маълумотлар рўйхатга олинадиган савдо сессиялари бўйича бажарилган амалларнинг ҳисобини юритувчи автоматлаштирилган дафтари (савдоларнинг электрон баённомаси) бўлиши лозим:

савдонинг очилиши;

савдонинг ёпилиши;

савдо иштирокчисини идентификация қилиш;

савдо иштирокчисининг тизимга кириш вақти;

савдо иштирокчисининг тизимдан чиқиш вақти;

савдо иштирокчиси томонидан буюртма берилган вақти;

савдо иштирокчисининг буюртмани қайтариб олган вақти;

савдо иштирокчисининг буюртмани ўзгартирган вақти;

савдо иштирокчисининг битим тузган вақти;

биржа товарининг номи;

буюртмадаги биржа товарининг миқдори;

биржа товарининг нархи.

Ёзувларни қайд қилиш вақтининг формати - йил, ой, кун, соат, дақиқа, сония (камида 0,1 сониягача бўлган аниқлик билан).

4. БСЭТ ўтказилган биржа савдолари бўйича ҳисоботларни савдоларнинг электрон баённомаси мазмунига қатъий мос келтирган ҳолда шакллантирили-шини таъминлаши керак.

5. БСЭТ тизимда бажарилаётган ҳар бир операцияга автоматик равишда идентификация рақами бириктирилишини ва операцияларни ҳисобга олиш дафтарида юритилишини таъминлаши керак.

3-боб. Дастурий таъминотга қўйиладиган талаблар

6. БСЭТ ДВ лицензиявий дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда ва техник топшириққа асосан ишлаб чиқилиши ҳамда эксплуатация қилиниши лозим.

7. Ахборотнинг тўлиқ ёки қисман талофати ва маълумотлар базаси тўлиқлиги бузилишининг олдини олиш мақсадида БСЭТ ДВ фойдаланувчининг хатоликларини, техник ишдан чиқиш ҳолатларида юзага келадиган хатоликларни ҳамда маълумот базасидаги хатоликларни фойдаланувчига унинг кейинги хатти-ҳаракатлари кўрсатилган ахборотни бериш орқали ишлов берилишини таъминлаши лозим.

8. БСЭТ ДВда қуйидаги функцияларни таъминлайдиган дастурлар ишини назорат қилувчи модуль бўлиши шарт:

фойдаланувчини идентификация қилиш (таниб олиш), аутентификация қилиш (ҳақиқийлигини тасдиқлаш) ва авторизациялаш (ваколатларни ўзлаштириб олиш);

БСЭТ ресусрларидан фойдаланишни назорат қилиш;

БЭСТда содир бўлаётган воқеаларни рўйхатга олиш ва таҳлил қилиш;

БЭСТ ресурслари тўлиқлилигини назорат қилиш.

9. БСЭТ ДВ қуйидаги дастурий тизимлардан иборат бўлиши ёки мавжуд дастурий тизимлар билан электрон тарзда ўзаро ишлашни таъминлаши лозим:

савдо тизими;

клирингни амалга ошириш ва ҳисоб-китобларни ўтказиш тизими;

давлат қимматли қоғозлари ҳисобини юритиш ва сақлаш тизими;

ахборот-таҳлил тизими;

маълумотларни узатиш тармоқлари (агар технологик савдо жараёни бундай тизим билан ўзаро ишлашни кўзда тутса).

-боб. Аппарат таъминотига қўйиладиган талаблар

10. Сервер ва алоқа ускунаси қуйидагиларни таъминлаши лозим:

БСЭТнинг меъёрда ишлашини таъминлаш учун етарли даражадаги иш унумдорлигини;

ахборотнинг ортиб бораётган ҳажми билан ишлаш имкониятларини.

11. Серверлар дискли тўплагичлар ва "тезда алмашинувчи" энергия манбалари билан таъминланиши лозим.

12. Сервернинг вентиляция тизими ҳароратни назорат қилиш имкониятига эга бўлиши керак.

13. Сервернинг электр таъминотини кириш кучланишини бир хил таъминлаган ҳолда УТҚ орқали амалга ошириш зарур.

14. УТҚ қуввати сервер томонидан талаб қилинадиган қувватга мувофиқ танланиши ва батарея ёрдамида камида 30 дақиқалик иш вақти билан таъминлаши ва номинал қувватнинг кўпи билан 75 фоизигача юкланган бўлиши лозим.

15. Серверларда маълумотларнинг заҳираланиши дискли тўплагичларда, шунингдек маълумотлар сақланадиган ташқи қурилмаларда таъминланган бўлиши лозим.

16. Серверлар маълумотларни ўзида махсус тезкор сақлайдиган хотира - хатоларни топиб, тузатиш қобилиятига эга хотира билан жиҳозланган бўлиши керак.

17. Сервер хонаси алоҳида жойлашган ва ундан чекланган доирадаги шахслар фойдаланиши мумкин бўлиши, шунингдек хонадаги ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 20-24 даражада сақлаб турилиши лозим.

5-боб. Ахборот хавфсизлигига қўйиладиган талаблар

18. Ахборот хавфсизлиги ахборотни муҳофаза қилишнинг ташкилий-техник чора-тадбирлари ва дастурий-аппарат воситаларидан иборат тизим билан таъминланиши ва қуйидагиларни назарда тутиши лозим:

ходимлар ва савдо иштирокчиларининг БСЭТга кириши учун паролларни қўллаш бўйича схемалар ва йўриқномаларни;

БСЭТ ахборот ресурслари ва хизматларидан ходимларнинг фойдаланиш босқичларини бир-биридан фарқлаш схемаларини;

ахборотни такрорлаш ҳамда маълумотлар нусхалари ва жўнатилган хабарларни сақлаш технологияси бўйича йўриқнома ва ҳужжатларни;

ходимларнинг махфий ҳужжатларни ошкор қилиши мумкин бўлган ёки ошкор қилган ҳаракатлари учун жавобгарликни белгилайдиган ҳужжатларни;

ахборотни муҳофаза этишни таъминлаш мақсадида савдо иштирокчиларининг электрон тарзда ўзаро алоқасида ахборот алмашинуви қоидаларини белгилайдиган ҳужжатни.

Савдоларнинг технологик жараёни иштирокчилари учун ахборот алмашинуви мақсадида узунлиги 1024 битдан кам бўлмаган калитли маълумотларни ягона шифрлаш алгоритми қўлланилиши лозим.

19. Ташкилий чоралар юридик шахсларни БСЭТ ДВни лойиҳалаш, яратиш, эксплуатация қилиш ва таъминлашга жалб қилиш қоидасини тартибга солувчи талаблар ҳамда ҳаракатлар рўйхатидан иборат бўлиши мумкин.

20. Биржа аъзоларининг БСЭТда ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларидан, шу жумладан, электрон-рақамли имзо воситаларидан фойдаланган ҳолда, иш олиб боришлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим.

21. БСЭТ ДВнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизими хавф-хатар таҳдиди ҳамда уларнинг нормал фаолият юритилишининг бузилиши билан боғлиқ сабаблар ва шароитларни ўз вақтида аниқланишини таъминлайдиган тегишли хавфсизлик сиёсати билан амалга оширилиши лозим.

6-боб. Электр таъминотига қўйиладиган талаблар

22. БСЭТнинг электр таъминоти меъёрда бўлиши ва электр таъминотини заҳиралаш мақсадида биржада электр таъминотининг камида иккита фидерлик кириш тармоғи мавжуд бўлиши лозим. Улар РАИТ орқали биржа биносининг электр таъминоти тизимига уланилади.

23. Серверхона узоқ вақт мобайнида электр билан таъминланманган ҳолда серверхонадаги мухандислик тизими ва ускуналарнинг узлуксиз ишлаши ДГҚ орқали электр таъминоти тармоғидан ва УТМ тармоғидан таъминланиши лозим.

24. Компьютер, сервер ва телекоммуникация ускуналарининг узлуксиз электр билан таъминлаш учун махсус хонада алоҳида УТМ назарда тутилган бўлиши лозим. Бунда УЭМ ҳудди шундай кўринишдаги иккинчи УТМда 100 %ли заҳирага эга бўлиши лозим.

25. УТМ компьютер, сервер ва телекоммуникация ускуналарининг иш фаолиятини ДГҚ тўлиқ ишга тушгунига қадар таъминлаши ва номинал қувватининг 75 % дан ортмаган ҳолда ишлаши керак.

7-боб. Ташкилий талаблар

26. БСЭТ узлуксиз равишда суткасига 24 соат мобайнида (иш кунларида) ишлаш имкониятини таъминлаши лозим.

27. Савдоларнинг ҳар бир иштирокчиси тенг ва биржа савдоларининг электрон савдо тизимидан фойдаланиш ҳуқуқларига эга бўлиши лозим. Иштирокчилар сони БСЭТ ДВ иш унумдорлиги ёки дастурий-аппарат тавсифлари билан чекланмаслиги керак.

28. Биржа ҳар бир савдо иштирокчиси учун тенг шароитлар яратилиши мақсадида савдо залидаги терминаллар сони етарли бўлишини таъминлаши шарт.

29. Биржада биржа савдоларининг электрон тизимига уланиш ва унда савдо иштирокчиларининг масофадан туриб ишлаши бўйича шарт-шароитлар, талаблар ва техник тавсифларни белгилайдиган йўриқнома бўлиши лозим. Биржа савдо иштирокчилари томонидан мустақил равишда танлаб олинган ва фойдаланиладиган алоқа каналларининг ишлаши ва ўтказиш имконияти учун жавобгар эмас.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1Валюта биржасини лицензиялаш ва унинг фаолиятини тартибга солишЭтапная19 апреля 2016 Валютани тартибга солиш ва тартибга солиш департаменти —Файзуллахўжаев Жасур Хакимович—info@cbu.uz

So`rovnoma natijalari