Hujjat nomi
Кўмир ва сланецни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарида 1140 V кучланишда ишлайдиган электр ускуналардан фойдаланиш йўриқномаси
 To`liq ro'yxatga qaytish
Hujjat turiYo`riqnoma
Hujjatni qabul qiluvchi tashkilotO`zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Yer qarini geologik o`rganish, sanoatda, konchilikda va kommunal-maishiy sektorda ishlarning bexatar olib borilishini nazorat qilish davlat inspektsiyasi (Sanoatgeokontexnazorat)
Hujjat muallifiO`zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Yer qarini geologik o`rganish, sanoatda, konchilikda va kommunal-maishiy sektorda ishlarning bexatar olib borilishini nazorat qilish davlat inspektsiyasi (Sanoatgeokontexnazorat)
Muhokama boshlanishi (sana)2016-06-24 16:50:44
Muhokama yakunlanishi (sana)2016-07-11 23:59:00
Hujjat ko'rinishiNHH loyihasi
Hujjatning joriy holatiMuhokama yakunlangan

Кўмир ва сланецни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарида 1140 V кучланишда ишлайдиган электр ускуналардан фойдаланиш йўриқномаси

Мазкур «Кўмир ва сланецни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарида 1140 V кучланишда ишлайдиган электр ускуналардан фойдаланиш йўриқномаси» (бундан буён матнда Йўриқнома деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларнинг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунга (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006-йил, 39-сон, 386-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 11 майдаги 131-сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларни бехатар олиб борилишини назорат қилиш инспекцияси тузилмасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011-йил, 19-сон, 191-модда) қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, кўмир ва сланецни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналарида 1140 V кучланишда ишлайдиган электр ускуналардан фойдаланишда хавфсизлик талабларини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. 1140 V кучланишда ишлайдиган участка (горизонт, цех) электр таъминотининг лойиҳаси тасдиқланган намунавий лойиҳа, амалдаги «Кўмир шахталарида хавфсизлик қоидалари» (“Саноатгеоконтехназорат” ДИ 2009 йил 25 май 114-сон буйруғи, амалга кириш санаси 19.06.2009й.), мазкур йўриқнома ва кўмир саноатида амалда бўлган бошқа ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилиши ва шахтанинг (бойитиш ёки брикет фабрикасининг) бош энергетиги томонидан тасдиқланиши лозим.

2. Лойиҳада назарда тутилган электр ускуналарни алмаштириш ва электр таъминоти схемасига ўзгартишлар киритиш мазкур Йўриқноманинг 1-бандида назарда тутилган норматив ҳужжатларга асосланган ҳолда амалга оширилиши лозим.

3. Электр таъминоти тизимида рўй берган барча ўзгаришлар кейнги кундан кечиктирмасдан схемага киритилиши керак. Айни пайтда, схемага ўзгартиш киритиш ва электр ускуналарини алмаштириш сабаблари шахтанинг (бойитиш ёки брикет чиқариш фабрикасининг) бош энергетиги томонидан белгиланган шаклда журналда қайд этилиши лозим.

4. Ишга киришаётган хизмат кўрсатувчи ходимлар схемага киритилган ўзгартишлар ва электр ускуналар алмаштирилганлиги юзасидан журналга киритилган ёзувлар билан таништирилиши керак.

5. Қобиқларни очиш билан боғлиқ бўлган ишлар фақат кучланиш бутунлай ўчирилиб, мазкур Йўриқнома ва амалдаги “Кўмир шахталарида хавфсизлик қоидалари”да (ХҚ) кўзда тутилган техник ва ташкилий тадбирлар бажарилгандан кейингина амалга оширилиши лозим.

6. 1140 V кучланишда ишлайдиган электр ускуналари ўрнатилган участка (горизонт, цех)нинг электр таъминоти тизими “Кўмир шахталарида хавфсизлик қоидалари”да белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилиниши керак.

2-боб. Электр ускуналар ва электр таъминоти тизимига қўйиладиган талаблар

7. 1140 V кучланишда ишлайдиган участка (горизонт, цех)нинг электр таъминоти тизимида ХҚ талабларига жавоб берадиган электр ускуналар қўлланилиши лозим.

8. Кучланиши 1140 V га тенг бўлганда электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш учун қуйидаги кабеллар қўлланилиши керак:

а) қайта ишга тушириш релесини (кейинги ўринларда – ҚИТР) электр энергияси билан таъминлаш учун – экранланган, ўта мустаҳкам ва эгилувчан, изоляция ва ташқи қатлам билан қопланган, ёнғин тарқатмайдиган, ёрдамчи ва ерга уланувчи симлари мавжуд бўлган зирҳли кабеллар. Экранланган эгилувчан кабеллардан ҳам фойдаланишга рухсат этилади;

б) тозалаш ва кавлаб бориш мажмуаларининг машина ва механизмларини ва бошқа кўчма электр ускуналарини электр энергияси билан таъминлаш учун – экранланган, ўта мустаҳкам, ёнғин тарқатмайдиган қобиқ билан қопланган, ёрдамчи ва ерга уланувчи симлари мавжуд эгилувчан кабеллар.

1140 V га тенг номинал кучланиш учун ишлатиладиган кабеллар ташқи шланг бўйлаб тегишли маркировкага эга бўлишлари лозим;

в) машина ва механизмларни, сигнализация ва алоқа тизимини масофадан бошқариш учун – ёнғин тарқатмайдиган изоляция ва ташқи қатлам билан қопланган шахталарда ишлатиладиган назорат кабеллари.

9. Лава ичига ётқазиладиган барча кучланишли, ёритув ва назорат кабеллари механик шикастланишлардан мажмуа таркибига кирувчи воситалар билан ҳимояланган бўлиши керак.

Тегишли ваколатларга эга ташкилот билан келишган ҳолда, кабелларни механик ҳимоялаш бўйича бошқа воситалар ҳам қўлланилишига рухсат этилади.

10. Участка (цех)нинг технологик жиҳатдан ўзаро боғланган машиналарини бошқариш ва ҳимоя қилиш учун бошқарув станциялари қўлланилиши керак.

Вақтинча, бошқарув станцияларини сериялаб ишлаб чиқариш ўзлаштирилгунга қадар, махсус аравачаларга ўрнатилган алоҳида аппаратлардан иборат бўлган кўчма тақсимлаш пунктларидан фойдаланишга рухсат этилади.

11. Мажмуанинг технологик жиҳатдан ўзаро боғланган машиналарининг электр таъминоти, одатда, битта комплектли трансформатор пункти (кейинги ўринларда - КТП) воситасида битта 1140 V кучланишда амалга оширилиши лозим. Алоҳида вазиятларда, КТП нинг қуввати бутун участкани таъминлаш учун етарли бўлмаганида, электр таъминоти лойиҳаси ва электр ускунасининг конструкциясида кўзда тутилган фойдаланиш ва хавфсизлик шартлари бўйича зарур бўлган тегишли блокировкалар мавжуд бўлганда бир неча КТП лардан фойдаланишга рухсат этилади. Бу ҳолатда мажмуа таркибига кирмайдиган ва бошқа кучланишда ишлайдиган машина ва механизмларни электр энергияси билан таъминлашга рухсат этилади.

Шу билан бирга, электр юритмаси 380-660 V га мўлжалланган машина ва механизмларни электр энергияси билан таъминлаш учун 1140 V кучланишда ишлатиладиган кабеллар қўлланилиши лозим.

Барча КТП ларнинг уланиши ва узилиши битта комплектли тақсимлаш қурилмаси (КТҚ) билан амалга оширилиши керак.

12. КТП ни улаш учун чиқиш параметрлари учқун чиқишидан хавфсиз, қисқа туташгичли ва учқун чиқишидан хавфсиз занжирлар бўйича масофали бошқарувга эга бўлган ток сизишини блокировка қилиш релеси (СБР) мавжуд бўлган КТҚ қўлланилиши лозим.

КТҚ бошқаруви КТП ўрнатилган жойдан амалга оширилиши лозим. КТҚ ва КТП ўртасидаги кабелнинг узунлиги ортиқча кучланиш (5Uф ) шартларига кўра камида 100 m га тенг бўлиши керак.

Электр таъминоти схемасида битта умумий ёки тегишли равишда бирлаштирилган бир нечта автоматик ўчиргичлар кўзда тутилган бўлиши лозим. Улар алоҳида турган ҚИТР да ўрнатилган бўлиб, тегишли электр ҳимоясини амалга оширади ҳамда бевосита мажмуа (комбайн) бошқаруви пультидан мажмуанинг барча машиналаридан ва кон бўйлаб бир-биридан узоғи билан 10 m масофада жойлашган ва хавфсизлик шартлари бўйича белгиланадиган бошқа жойлардаги тугмали постлардан авария тартибида кучланишни олиб ташлайди. Автоматик ўчиргичларни масофадан туриб узиб қўйиш учун мўлжалланган тугмали постлар ўчирилган ҳолатда сақланиши керак.

13. Трансформатор пунктлари, тақсимлаш пунктлари ва бошқа электр ускуналари, қоидага кўра, тоза ҳаво оқимлари ўтадиган конларда, яхши маҳкамланган ва хизмат кўрсатиш учун қулай бўлган жойларда ўрнатилиши, яхши ёритилган ва сув томчилари (капеж)дан ҳамда юзага келиши мумкин бўлган механик шикастланишлардан ҳимояланган бўлиши ва транспорт ишига халақит бермаслиги лозим.

Технологик ва бошқа сабабларга кўра зарур бўлган вазиятларда, амалдаги ХҚ нинг талабларига риоя қилиниши шарти билан электр ускуналарни ҳаво оқими ташқарига чиқадиган, маҳаллий шамоллатиш вентиляторлари билан (МШВ) шамоллатиладиган боши берк қазиладиган жойларда ўрнатилишига рухсат этилади.

14. 1140 V кучланишда ишлайдиган участка (цех)нинг электр таъминоти схемасида қуйидаги ҳимоя турлари амалга оширилиши керак: электр токи сирқишидан; қисқа туташиш токлари ва ортиқча юкланмалардан; нолга тенг ва газ ҳимояси, шунингдек автоматик равишда назорат қилинадиган ҳимоявий ерга уланиш.

15. Электр токи сирқишига қарши ҳимоя қуйидагилар ёрдамида амалга оширилиши лозим:

ишчи ҳолатда (кучланиш остида) электр ускуналари ва кабеллар изоляциясининг қаршилигини узлуксиз назорат қиладиган, ток сирқишидан умумтармоқли ҳимоя қурилмалари;

ўчирилган ҳолатда (ёки бевосита уланишдан олдин) электр ускуналари ва кабеллар изоляциясининг қаршилигини назорат қиладиган ток сирқишини блокировка қилувчи реле (СБР).

16. Қисқа туташиш токларидан ҳимоя таъсири остида электр тармоқ узиб қўйилишининг умумий муддати 0,1 s дан, электр токи сирқиши натижасида эса – 0,12 s дан ошмаслиги лозим.

17. Ҳаракатланувчи машиналар ерга уланганлиги устидан автоматик назорат электр тизим бўйича бошқа тармоқлар билан боғланмаган ҳамда учқун чиқиши хавфи мавжуд бўлмаган алоҳида занжирлар бўйича амалга оширилиши лозим.

18. Газ бўйича хавфли шахталарда метан концентрацияси стационар автоматик назорат асбоблари ёрдамида амалга оширилиши лозим.

Метанни назорат қилувчи стационар автоматик асбоблар датчикларининг сони ва ўрнатиладиган жойи лойиҳада белгиланиши керак.

Электр таъминоти схемасига газдан ҳимоя қилиш аппаратуралари шундай киритилиши лозимки, газдан ҳимоя қилиш воситасида участканинг электр тармоғи узиб қўйилганида датчикларнинг электр таъминоти тўхтаб қолмайдиган бўлсин.

19. Мажмуанинг барча забой машиналари ва агрегатлари ҳамда авария вазиятида ўчириш воситаларини бошқариш тизимлари учқун чиқишидан хавфсиз бўлиши, бошқариш занжирларининг симлари узилган ёки туташганда ёхуд радиоканал бўйича бошқариш вақтида схема элементлари шикастланганда ноль ҳимоясини ва аппаратларни автоматик равишда ўчирилишини таъминлаши лозим.

20. Учқун чиқишидан хавфсиз бошқариш, сигнал бериш, назорат қилиш ва алоқа занжирлари ва шу кабилар ерга уланиши керак эмас (агарда учқун чиқишидан хавфсиз бўлган электр ускунадан фойдаланиш йўриқномасида баён этилган иш бажариш шартлари буни талаб қилмаса). Ўзаро боғланмаган учқун чиқишидан хавфсиз бўлган турли занжирларни ўтказиш учун битта кабелдан фойдаланишга рухсат этилади. Куч кабелининг ёрдамчи симларини фақат машиналар ерга уланганлигини назорат қилиш занжирларини ўтказиш ва портлашдан хавфсиз қобиқ ичида жойлашган блокировка қилиш элементларини улаш учун ишлатиш мумкин.

3-боб. Электромеханика бўйича ишларни бажарувчи ходимларга қўйиладиган талаблар

21. Ерости кўмир қазиш шахталардаги электр таъминоти тизими ва электр ускуналари 1140 V кучланишда ишлайдиган кон машиналарига хизмат кўрсатадиган ҳамда таъмирлаш-профилактик ва созлаш ишларини бажарадиган ходимлар мазкур Йўриқномадан ташқари, электр ускуналари ва машиналарни монтаж ва эксплуатация қилиш бўйича завод йўриқномаларига ҳамда кўмир саноатида амалда бўлган бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя қилиши лозим.

22. Электр таъминоти тизимларида ва электр ускуналари 1140 V кучланишда ишлайдиган кон машиналарига тезкор хизмат кўрсатиш ва ишларни амалга оширишга бундай тизим ва ускуналарнинг тузилиши ва схемаларини ҳамда уларни монтаж ва эксплуатация қилиш йўриқномаларини биладиган, тегишли дастур бўйича ўқитилган ва билимлари белгиланган тартибда текширилган шахслар қўйилади.

23. Электр таъминоти 1140 V кучланишда амалга ошириладиган участка (цех) механиги (механик ёрдамчиси) лавозимида ишлашга махсус олий ёки ўрта кон-техник маълумотга, ушбу мутахассислик бўйича камида бир йиллик иш стажига ва электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига эга бўлган шахс тайинланиши мумкин.

24. Электр таъминоти 1140 V кучланишда амалга ошириладиган участка (цех)нинг смена механики (механик ёрдамчиси) лавозимида ишлашга махсус олий ёки ўрта кон-техник маълумотга, ушбу мутахассислик бўйича камида бир йиллик иш стажига ва электр хавфсизлиги бўйича IV малака гуруҳига эга бўлган шахс тайинланиши мумкин.

25. 1140 V кучланишда ишлайдиган электр ускуналарини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича электр чилангар этиб камида 9 синфлик маълумотга, ушбу мутахассислик бўйича камида бир йиллик иш стажига ва электр хавфсизлиги бўйича камида III малака гуруҳига эга бўлган шахс тайинланиши мумкин. *[1]

26. Электр юритмаси 1140 V кучланишда ишлайдиган тозалаш ва тайёрлаш мажмуалари, комбайнлар, юкловчи машиналар, конвейерлар, лебёдкалар, вентиляторлар ва бошқа машиналарнинг машинистлари камида 9 синфлик маълумотга, ушбу мутахассислик бўйича газли шахталарда камида бир йиллик иш стажига ва камида электр хавфсизлиги бўйича II малака гуруҳига эга бўлиши, шунингдек қўшимча тайёргарликдан ўтиши ва 1140 V ишлайдиган электр ускуналар ва кабеллардан хавфсиз фойдаланиш масалалари бўйича билимлари текширилган бўлиши лозим.

27. Электр таъминоти 1140 V кучланишга тенг бўлган участкалар ишчилари электр юритма кон машиналаридан фойдаланишнинг хавфсиз усуллари бўйича ишлаб чиқариш йўриқномаларини олган бўлиши ва электр хавфсизлиги бўйича камида I малака гуруҳига эга бўлиши керак.


[1]*1 Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан ТФҚ ва ТХҚ талабларига мувофиқ белгиланади.

1-§. Электротехник ходимларнинг вазифалари

28. Ҳар бир корхонада, мазкур Йўриқнома талаблари бажарилишини таъминлаш мақсадида, ушбу корхона раҳбари ёки корхона эгасининг буйруғи билан электр энергияси таъминоти хизматининг муҳандис-техник ходимлари (МТХ)дан корхона электр хўжалигининг умумий ҳолатига жавоб берувчи шахс тайинланиши лозим.

29. Электр хўжалиги бўйича тайинланаётган масъул шахснинг қоидалар ва йўриқномаларга оид билимлари текширилган ҳамда у электр хавфсизлиги бўйича тегишли гуруҳга (V – 1000 V дан юқори кучланишда ишлайдиган электр қурилмалар учун, IV – 1000 V гача кучланишда ишлайдиган электр қурилмалар учун) эга бўлиши керак.

30. “Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари” (руйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда, 2005 й., 10-11-сон, 78-модда; 2012 й., 5-сон, 53-модда)(бундан буён матнда ТФҚ деб юритилади) ва “Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари” (руйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда; 2012 й., 12-сон, 138-модда; 2013 й., 6-сон, 73-модда)(бундан буён матнда ТХҚ деб юритилади) бўйича билимларни текшириш таркибида камида 3 киши бўлган малакавий комиссия томонидан амалга оширилиши керак. Комиссия аъзоларининг биттаси “Ўздавэнергоназорат” инспекциясининг инспектори бўлиши лозим.

31. Билимлари текширувдан муваффақиятли ўтган ҳар бир ходимга буни тасдиқловчи белгиланган шаклдаги гувоҳнома ҳамда электр хавфсизлиги бўйича гуруҳ (II-V) берилади.

32. Корхонада бош энергетик лавозими мавжуд бўлса, ушбу корхонанинг электр хўжалиги учун жавобгар шахснинг вазифалари айнан бош энергетикка юкланади.

33. Корхонада электр хўжалиги учун жавобгар шахснинг, шунингдек мазкур Йўриқнома талабларига жавоб берадиган электротехник ходимларнинг бўлиши учун корхонанинг раҳбари (иш берувчи) жавобгар ҳисобланади.

34. Корхонанинг электр хўжалиги учун жавобгар шахс қуйидагиларни:

электр қурилмаларнинг ишончли, самарали ва хавфсиз ишлашини;

электр ва электротехнологик ускуналар ва тармоқлар, ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар ишга лаёқатли ҳолатда тутилишини ва улардан мазкур Йўриқнома талабларига мувофиқ фойдаланишини;

профилактика ишлари ва энергетик ускуналарни таъмирлашни ташкил қилишни ва уларни ўз вақтида сифатли ўтказалишини;

электротехник ходимларни ўқитишни ҳамда эксплуатация қоидалари, хавфсизлик техникаси қоидалари, лавозим ва ишлаб чиқариш йўриқномаларига оид билимларни текширишни;

энергиядан фойдаланишнинг ҳисобга олинишини;

атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи технологиялар ва иш услублари қўлланилишининг олдини олишни;

реактив қувват ўрнини тўлдириш, маҳсулот бирлиги учун энергия сарфи нормаларини камайтириш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилишни;

электр қурилмалар ишлашида рўй берадиган бузилишларни, бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш ҳамда таҳлил қилиш ва уларнинг юзага келиш сабабларини бартараф қилиш бўйича чоралар кўришни;

истеъмол шартномасига мувофиқ режимга риоя қилишни, энергия тизимининг миллий диспетчерлик хизматининг талабига кўра электр энергияси тизимидаги энг катта юкламали соатларда истеъмол қилинаётган қувват камайтирилишини;

электротехник ходимлар учун лавозим ва ишлаб чиқариш йўриқномалари ишлаб чиқилишини таъминлаши лозим.

35. Мазкур Йўриқнома талабларининг бузилишини аниқлаган, шунингдек электр қурилмалар ёки ҳимоя воситаларида носозликларни пайқаб қолган ҳар бир ходим дарҳол бу ҳақда ўзининг бевосита раҳбарига, у бўлмаган ҳолларда – юқори турувчи раҳбарга хабар бериши лозим.

Электр қурилманинг атрофдаги одамларга ёки қурилманинг ўзига хавф соладиган носозлигини кўриб қолган ходимнинг ўзи ушбу носозликни бартараф қилиши мумкин бўлган ҳолатларда бу ишни зудлик билан бажариши ва кейин ўзининг бевосита раҳбарига бу ҳақда маълумот бериши лозим. Носозликнинг бартараф қилиниши хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак.

4-боб. Тезкор хизмат кўрсатиш ва ишларни амалга ошириш

36. Амалда бўлган (ҳам ичига ўрнатилган, ҳам алоҳида турган) электр ускуналарга тезкор хизмат кўрсатиш ишларига қуйидагилар киради:

технологик функцияларни бажариш ва ишлашини текшириш учун электр ускуналарни электр тармоқдан узиш ва улаш;

вақти-вақти билан ташқи кўздан кечириш;

диэлектрик қўлқоплардан фойдаланган ҳолда кабелларни қисман жойидан кўчириш;

электр ускунасидан нормал фойдаланиш шартларидан келиб чиқадиган ва унинг қобиғини очиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишлар.

37. Бутунлай ёки қисман кучланиш остида турган ёки исталган вақтда тегишли коммутация аппаратини улаш орқали кучланиш узатилиши мумкин бўлган электр ускунаси амалда деб ҳисобланади.

38. Электр юритмаси 1140 V кучланишда ишлайдиган кон машиналарига (комбайн, конвейер, лебёдка ва ш.ў.) амалий хизмат кўрсатиш ишларига ушбу кон машиналарига махсус бириктирилган ва электр хавфсизлиги бўйича камида II малака гуруҳига эга шахслар қўйилиши лозим.

39. Электр хавфсизлиги бўйича камида II малака гуруҳига эга бўлган электромеханик ходимларнинг якка ўзлари қуйидагиларни амалга оширишига рухсат этилади:

машиналарни масофадан туриб бошқариш;

диэлектрик қўлқоплардан фойдаланган ҳолда қўлда бошқариладиган юритмали коммутация аппаратлари воситасида машиналарни ишга тушириш ва тўхтатиш бўйича амалиётлар.

Мазкур ходимларга электр ускуналар қобиқларини очиш ҳамда кучланиш катталиги қандай бўлишидан қатъи назар, электр токини ўтказувчи қисмларга тегиш билан боғлиқ бўлган барча ишларни якка тартибда амалга ошириш тақиқланади.

40. Шахта (бойитиш фабрикаси) бўйича буйруқ билан участкага бириктирилган электромеханик ишларни бажарувчи ходимларга жорий фойдаланиш тартибида, журналга ёзмай туриб, участка (цех)да ишлар бажарилаётганда юзага келган ускуналарнинг ишламай қолишини бартараф қилиш ва носозликларни тузатиш бўйича қисқа муддатли ва кичик ҳажмли ишларни бажаришга рухсат этилади. Бундай ишлар кучланиш бутунлай узиб қўйилганидан кейин камида икки ходим томонидан бажарилиши керак. Ходимлардан бири электр хавфсизлиги бўйича камида IV малака гуруҳига, иккинчиси эса камида II малака гуруҳига эга бўлиши лозим. Иккинчи ходим бажарилиши мумкин бўлган ишларнинг хусусиятлари ва хавфсизлик чоралари билан таништирилиши ва тегишли йўл-йўриқ олиши лозим. Бундай ҳолатда, камида IV малака гуруҳига эга бўлган ходимларга ишлашга рухсат бериш ва ишларни бажариш каби вазифалар юклатилади.

Жорий фойдаланиш тартибида, журналда қайд этмасдан туриб бажариладиган асосий ишлар жумласига қуйидагилар киради:

токдан ҳимояланишни максимал даражага кўтариш;

блоклар (ҳимоя, бошқарув ва блокировка қилиш), сақловчи воситалар, назорат-ўлчов асбоблари ва сигнал лампаларини алмаштириш;

ўтказилган кабелларни бирлаштириш учун мўлжалланган контакт гуруҳларининг ҳолатини текшириш ва таъмирлаш;

электр ускуналар қобиғини чанг ва намликдан тозалаш;

электр двигатель ва аппаратга алоҳида кабелни улаш ва узиш;

масофадан туриб бошқариш тизимларига тааллуқли схемалар тузилишини текшириш ва таъмирлаш;

электр ускуналарнинг жорий эксплуатацияси жараёнида амалга ошириш зарурати юзага келиши мумкин бўлган бошқа ишлар.

41. Жорий фойдаланиш тартибида, журналда қайд этмасдан, хавфсизлик бўйича техник тадбирларни кўрсатган ҳолда бажариладиган ишлар рўйхати шахта (бойитиш фабрикаси)нинг бош механиги томонидан тасдиқланган бўлиши лозим. Жадвал кўринишидаги бундай рўйхат шахта (бойитиш фабрикаси)нинг бош механиги, бош энергетиги, энергодиспетчери (агар шахтада шундай лавозим жорий этилган бўлса), шахта диспетчерида ҳамда участка (цех)нинг ҚИТР да мавжуд бўлиши лозим. Ишларнинг намунавий рўйхати иловада келтирилган.

42. Электр хавфсизлиги бўйича камида IV малака гуруҳига эга бўлган электромеханик ишларни бажарувчи ходим, жорий фойдаланиш тартибида бажариладиган ишларни, журналда қайд этмасдан туриб, иш бошлашдан олдин амалга ошириши ҳамда бундай ишларни бажариш бўйича кўрсатмалар бериши мумкин, бунда қуйидаги шартларга амал қилиш лозим:

тасдиқланган ишлар рўйхати (жадвали) иш бажарувчида ёки бевосита иш жойида бўлиши керак;

участкадаги электромеханик ишларни бажарувчи ходимлар: ушбу ишларни амалга ошириши лозим бўлган участка механиги, электр чилангарлар ва бошқалар (камида икки нафар) участкага бириктирилган шахслар рўйхатига киритилган ва хавфсизлик техникаси бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлишлари лозим.

Иши бажарувчи ходим хавфсизлик чоралари бажарилиши ҳамда ўзи ва унинг бригадаси аъзолари қоидаларга риоя этишлари учун жавоб беради. У, ишларни бошлашдан олдин, бевосита участкада назоратни амалга ошираётган шахсга бажарилиши мўлжалланаётган ишлар тўғрисида хабар бериши лозим.

43. Ишлар тугалланганидан сўнг иш бажарувчи таъмирланган ускунани, зарур бўлган ҳолатларда эса, бошқа электр ускунасини хавфсиз ҳолатга келтириши (болтларнинг қотирилганлик даражасини, ҳимояловчи ерга уланишни, ишлатилмаётган кабель симлари ёпилишини, кабель зичланишини ва ш.ў. текшириши) ва «Кон электр ускуналарини кўздан кечириш ва тафтиш қилиш йўриқномаси»нинг «Ҳар сменада ва ҳар ҳафталик кўриб чиқишлар» бўлимига мувофиқ кўздан кечириши, машина ва механизмларга яқин турган барча ишчиларни сигнализация воситалари ёрдамида ёки бевосита огоҳлантириб, участка (цех)даги назорат учун масъул шахс иштирокида синовдан ўтказиши лозим.

Ишларни бажарувчи ходим смена давомида электр ускуналарни таъмирлаш бўйича амалга оширилган барча ишлар тўғрисидаги маълумотларни журналга ёзиб қўйиши керак.

Агар жорий фойдаланиш тартибида иш бажариш вақтида рўйхатда кўзда тутилмаган бошқа ишларни амалга ошириш зарурати юзага келса, ишларни бажарувчи ходим ишларни тўхтатиб, бу тўғрисида шахта (бойитиш фабрикаси) бўйича буйруқ билан тасдиқланган назорат қилувчи шахсга хабар бериши ва хавфсизлик қоидалари билан белгиланган тартибда бундай ишларни амалга оширишга рухсат олиши лозим.

5-боб. Амалдаги электр ускуналарида таъмирлаш-профилактик ишларининг хавфсизлигини таъминловчи техник тадбирлар

44. Электр ускунанинг қобиғини очиш ва ток ўтказувчи қисмларига тегиш билан кечадиган кўздан кечириш ва таъмирлаш ишларига киришишдан олдин ишлар хавфсизлигини таъминловчи техник тадбирлар қуйида кўрсатилган изчилликда амалга оширилиши лозим:

метаннинг хавфли концентрацияси йиғилмаганлигини текшириш ва ишлар бажарилиши мўлжалланаётган жойда (газ шахталарида) метан концентрацияси ошиб кетишига йўл қўймайдиган тадбирларни амалга ошириш;

ток ўтказувчи қисмлардан кучланишни узиб қўйиш ва ишлар бажарилаётган жойга янглиш тарзда кучланиш узатилишига йўл қўймайдиган чораларни кўриш;

ерга улаш;

огоҳлантирувчи плакатларни ўрнатиш;

ишларни бажариш мақсадида электр ускунасининг электр тармоқдан узиб қўйилган қисмларида кучланиш (узелларда) йўқлигини текшириш.

Ушбу тадбирлар электромеханик ишларни бажарувчи 2 нафар ходимлар иштирокида бажарилади: бир ходимнинг электр хавфсизлиги бўйича малакаси IV гуруҳдан, иккинчи ходимнинг малакаси II гуруҳдан паст бўлмаслиги лозим.

45. Ишлар олиб бориладиган жойларда метан концентрацияси устидан назорат, метанни назорат қилувчи бошқа асбоблар мавжудлигидан қатъи назар, товушли ва нурли сигнализацияга эга бўлган автоматик кўчма асбоблар ёрдамида узлуксиз равишда олиб борилиши лозим. Бундай асбоблар сони ва ўрнатиладиган жойи ишлар бажарилиши учун жавобгар бўлган шахс томонидан белгиланади. Ишлар тугатилиб, электр ускунасини ишга туширишдан олдин, кучланиш узатиладиган барча жойларда метан концентрациясининг мавжудлиги текширилиши лозим.

46. Электр ускуналари жойлашган ва ишлар олиб бориладиган жойларда ток ўтказувчи қисмлардан кучланиш шундай узиб қўйилиши лозимки, ишларни бажариш учун мўлжалланган қисмлар кучланиш узатилиши мумкин бўлган ва кучланиш остида турган барча ток ўтказувчи қисмлардан узиб қўйилган бўлсин.

47. Кучланиш камида кетма-кет уланган иккита қурилмалар орқали узилиши ва улардан бири қўл билан бошқариладиган юритмага эга бўлиши керак. Қўл билан бошқариладиган қурилма контактларининг узилганлиги кўзга кўринадиган бўлиши лозим. Шу билан бирга, улар ёрдамида ишлар бажариладиган жойга кучланиш узатилиши мумкин бўлган узиб қўйгичлар, ўчириш воситалари ва бошқа қўлда бошқариш қурилмаларининг узатмалари ва тутқичлари ўчирилган ҳолатда механик равишда маҳкамланган ёки пломбаланган бўлиши лозим. Бундан ташқари, иш бажариш жойига кучланишни узатиши мумкин бўлган масофали бошқарувга эга аппаратнинг бошқариш занжирларидаги «стоп» тугмаси узилган ҳолатда механик равишда блокировка қилинган бўлиши лозим.

Блокировка қилувчи узиб қўйгич контактларининг узилганлиги кўзга кўринадиган ёки кабеллар штепсель орқали уланадиган магнитли ишга тушириш агрегати ўзлаштириб олингунга қадар “1140 V кучланишли кон электр ускуналарини ишлаб чиқаришга бўлган талаблар”га жавоб берадиган ишга тушириш агрегатларидан вақтинча фойдаланишга рухсат этилади.

48. Электр ускунасининг иш бажариш учун узиб қўйилган барча фазаларининг ток ўтказувчи қисмлари ёки кучланиш узатилиши мумкин бўлган КТП томонидан унга уланган кабелларнинг симлари ерга уланган бўлиши лозим. Бундай ерга уланиш бевосита ишлар бажарилаётган ток ўтказувчи қисмлар ёки электр ускуналардан турли хил узиб қўйгич, ажратиб қўйгич воситалари ёки бошқа шунга ўхшаш қурилмалар орқали ажратиб қўйилиши мумкин.

49. Кўмир қазиб олиш мажмуаси ва участкасининг электр ускуналарини (ҳам ичига ўрнатилган, ҳам алоҳида турган) кўздан кечириш ва таъмирлаш вақтида ишларни бажариш учун ўчирилган электр ускуналарини электр энергияси билан таъминлайдиган линияларда (кабелларда) ўрнатилган тегишли магнитли ишга тушириш агрегатлардаги узиб қўйгич воситаларининг тутқичларига «Уланмасин – тармоқда ишлар олиб борилмоқда» деб ёзилган плакатлар илиб қўйилиши лозим.

50. Иш бажариш учун узиб қўйгич воситасида ток таъминотидан узиб қўйилган электр ускуналарида иш олиб бориш вақтида ушбу узиб қўйгичнинг тутқичига «Уланмасин – одамлар ишламоқда» деб ёзилган тақиқловчи плакат илиб қўйилиши керак.

51. Қобиқни очиш ва ток ўтказувчи қисмларга тегиш билан боғлиқ бўлган кўздан кечириш ва таъмирлаш-профилактик ишларни бажариш учун токдан узиб қўйилган электр ускуналарнинг ток ўтказувчи қисмларида кучланиш мавжуд эмаслиги, қоидага кўра, икки марта амалга оширилиши лозим:

дастлабки – қобиқни очишдан олдин;

такроран – қобиқ очилгандан кейин.

52. Кучланиш йўқлигининг дастлабки текшируви визуал равишда қуйидаги тартибда текширилади:

тегишли аппаратларнинг қўл билан бошқариш юритмаларининг тутқичлари ўчириб қўйилган ҳолатда турганлигини текшириш;

комплект трансформатор пунктида магнитли ишга тушириш агрегатининг узиб қўйгич воситаси контактлари, автоматик ўчиргич ёки 6 kV ажратиб қўйгичнинг контактлари кўзга кўринадиган равишда узилганлигини текшириш.

Бунда аппаратни ўчиришдан олдин ва ўчирилганидан кейин вольтметрлар кўрсатмаларига ҳамда кучланиш йўқлигининг қўшимча белгилари ҳисобланувчи сигнал бериш ва ёритиш лампаларининг ҳолатига эътибор қаратилиши лозим.

53. Электр тармоқдан узиб қўйилган электр ускунасининг ток ўтказувчи қисмларида, ерга нисбатан барча фазалар ва ҳар бир фаза орасида кучланиш йўқлигининг такрорий текшируви, ерга уланиш бажарилгандан сўнг, атроф-муҳитда метаннинг хавфли концентрацияси мавжуд эмаслиги текширилганидан ва қобиқ очилгандан сўнг вольтметр ёрдамида амалга оширилиши лозим.

54. Вақтинча, конда ишлатиш учун мўлжалланган ва асбобни текшириш учун автоном ток манбаига эга бўлган кучланиш катталигини кўрсатувчи махсус асбобни ишлаб чиқариш ўзлаштирилгунга қадар, РП шаклида бажарилган ПИН-90 (УВН-90) туридаги кучланишни кўрсатувчи асбобдан фойдаланишга рухсат этилади. Агар текширувдан ўтган кучланишни кўрсатувчи асбоб ерга тушириб юборилган ёки туртки ва зарбага учраган бўлса, дастлабки текширувсиз ундан фойдаланиш тақиқланади. Кучланишни кўрсатувчи асбобнинг созлигини ва кучланиш йўқлигини текшириш диэлектрик қўлқоплардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

55. Электр токи билан таъминловчи кабель таъмирлаш учун тайёрланган электр ускунасидан узилганлиги кўзга кўринадиган бўлса, масалан, комбайн электроблокида штепсель разъёми ажратилган ёки ток билан таъминловчи кабель ишга тушириш агрегатидан узиб қўйилган вазиятда, тизимда кучланишнинг йўқлигини текширмасликка йўл қўйилади.

Tadbir nomiAmalga oshirish mexanizmiAmalga oshirish muddatiIjrochilar
1ishlab chiqishishlab kelishib chiqish15 иш куни"Sanoatgeokontexnazorat"

So`rovnoma natijalari