Вақти келди. Тезкор ўрганишимиз ва кўникишимиз шарт
Замонавий дунёда энг қимматли ресурс вақт ҳисобланади. Кузатган бўлсангиз, ҳозирги кунда одамлар учун ҳар бир сония қадрли. Ахир, вақт тежами кунлик режаларни битиришимизда жуда муҳим. Шунинг учун ҳам бугун электрон кўринишдаги давлат хизматлари аҳолимиз орасида анча оммалашиб қолди.
Айниқса, “Электрон боғча” кўпчиликка маъқул келган. Яъни болани давлат мактабгача таълим ташкилотига расмийлаштириш Ягона портал (ЯИДХП) ёки ДХМ орқали амалга ошириб келинмоқда.
Ниҳоят биз ҳам маҳалла, ишхонадан маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни тўплаб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузуридаги қабул комиссиялари эшигини қоқиб юрмаяпмиз. Ёки боғча мудири билан «келишиб», ишни битириб кетмаяпмиз.Чунки энди уларда бундай ваколат йўқ.
Бундан буён давлат хизматлари босқичма-босқич электрон кўринишга ўтказилиб бораверади. Интерактив хизматлардан фойдаланиш кўникмасига эга бўлиб олсангиз, ўзингизга яхши, келгусида вақтдан ва ортиқча харажатлардан ютасиз. Коррупция ва бюрократик тўсиқларга дуч келмайсиз.
Демак, вақти келди. Тезкор ўрганишимиз ва кўникишимиз шарт.