“Халқ таълими тизимида давлат хизматларини кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (295-сон, 01.06.2022-й.) қабул қилинди.
Қарор билан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди.
Шунга кўра, ҳар йили 1 майгача ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш ва бир мактаб (синф)дан бошқасига ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиладиган ҳудудлар рўйхати тасдиқланади ва Халқ таълими вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилинади.
1-синфга болалар улар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.
Давлат хизмати кўрсатилгани учун ариза берувчидан йиғим ундирилмайди.
Ариза берувчи микроҳудуд бўйича мактабга қабул қилиш учун ҳар йили 20 июндан 31 июлгача ЯИДХП ёки Халқ таълими вазирлигининг электрон хизматлар порталида рўйхатдан ўтади.
Сўровнома тўлдирилади ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқармаси томонидан 3 иш кунида кўриб чиқилиб, микроҳудуд бўйича мактабга юборилади ёки сабаби кўрсатилган ҳолда қайтарилади. Бу ҳақда ариза берувчиларга хабар юборилади.
Ариза берувчи фарзанди билан биргаликда микроҳудуд бўйича юборилган мактабга онлайн навбат асосида боради ва боланинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотномани мактабга тақдим этади.
Мактаб қабул комиссияси томонидан 1 иш кунида болани мактабга олиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Микроҳудуддан ташқаридан болалар мактабга ҳар йили 1–15 август кунлари қабул қилинади.
Мазкур тартиб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабларга нисбатан қўлланилади.