Yangiliklar » ЯГОНА ПОРТАЛ: қулайликлар, муаммолар ва таклифлар (УЧАСТНИК КОНКУРСА)
07.12.2013

УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

My.gov.uz – Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ягона портал) 2013 йилнинг 1 июль куни ишга туширилган бўлиб, Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали доирасида, шу жумладан «бир дарча» режимида фаолият кўрсатади.

Ягона портал давлат органлари томонидан кўрсатиладиган, шу жумладан пулли асосда кўрсатиладиган интерактив давлат хизматларидан эркин фойдаланишнинг ягона нуқтаси ҳисобланади.

Ушбу мақола жойланаётган вақтда, Ягона порталга 3216 та мурожаат келиб тушганлиги қайд этилганди. Ягона порталнинг ўзида берилган маълумотга кўра, мурожаатларнинг 54,1% – аризалар, 23,8% – таклифлар ва 22,1% – шикоятлардир.

Келиб тушган барча мурожаатларнинг 2262 тасига, яъни 70% ига жавоб берилган, 954 таси (30%) ҳозирда қайта ишлаш жараёнида.

ҲУҚУҚИЙ АСОС

Ягона портал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги “Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 378-сон қарори аосида ташкил этилган ҳамда мазкур Қарор билан қабул қилинган Низомга кўра фаолият юритади.

Аслида интернет тармоғида ҳукумат порталини яратиш ғояси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда анча олдин пайдо бўлган эди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 декабрдаги “Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 259-сон қарорини алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин. Умуман олганда мазкур соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатини тузиб чиқишга ҳаракат қилдим ва уларни Сизларнинг ҳукмингизга ҳавола этаман:

1. 2003 йил 11 декабрдаги “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни

2. 2002 йил 30 майдаги “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги Президент Фармони

3. 2005 йил 8 июлдаги “Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори

4. 2007 йил 23 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси Қарори

5. 2007 йил 17 декабрдаги “Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси Қарори

6. 2012 йил 30 декабрдаги “Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси Қарори

ҚУЛАЙЛИКЛАРИ

Ягона портал орқали бугунги кунда фуқароларга 91 та интерактив хизмат кўрсатилмоқда. Уларнинг тўққизтаси автоматлашган, йигирма еттитаси ярим автоматлашган, ўттиз саккизтаси ахборот хизматлари, тўрттаси оффлайн усулда кўрсатиладиган, ўн учтаси эса ҳаволавий хизматлардир.

Ягона портал орқали кўрсатиладиган барча хизматлар

Шунингдек, Ягона портал орқали 120 дан ортиқ давлат органларига бевосита электрон тарзда мурожаат қилиш имконияти яратилган. Ва бу органлар рўйхати вақт ўтиши билан кенгайиб бормоқда. Хусусан, яқиндагина Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилиш имконияти яратилганлиги ҳақида хабар беришганди.

Барча ташкилотлар рўйхати

Ягона портал орқали кўплаб фойдали ва зарур маълумотлар ҳам бериб борилади. Масалан, мазкур порталдан нотариал ҳаракатларнинг турлари ва бундай ҳаракатларга тўланадиган давлат божлари (1), Ички ишлар органларининг Кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан кўриб чиқиладиган ҳуқуқбузарликлар ва улар учун қўйиладиган жарималар миқдори (2), Йўл ҳаракати қоидаси бузилиши юзасидан белгиланадиган жарималар миқдори (3), Давлат ўрмон фондидан ташқари, дарахтлар ва буталарни кесиш учун тўланадиган тўловлар миқдори ва яшил ўсимликларга етказилган зарар ва уларни ўзбошимчалик билан кесганлик учун жарима миқдорлари (4) билан танишишингиз мумкин.

Йўл қоидаси бузилгандаги жарималар миқдори ҳақида маълумот

Бундан ташқари порталдан ишонч телефонлари бўлими ҳам жой олган бўлиб, унда 20 та ишонч телефони кўрсатиб ўтилган.

Ишонч телефонлари рўйхати

Ва яна порталда фуқаролар томонидан сўралган саволларга берилган жавобларни ўзида мужассам этган “Кўп бериладиган саволлар” бўлими ҳамда бўш иш ўринлари рўйхати ҳам жой олган.

15 ноябрдан бошлаб портал яратувчилари томонидан, “Тошшаҳартрансхизмат” АК билан ҳамкорликда, фойдаланувчилар учун, турли хил тадбирлар учун автобусларни ижарага олиш бўйича аризаларни онлайн тарзда бериш имкониятини яратувчи янги хизмат жорий этилди.

Кечаги кундан бошлаб, Ягона порталда давлат органлари расмий сайтларининг рейтинги бериб бориладиган бўлди. Мазкур рейтинга кўра, фуқаролар қайси давлат органининг сайтига кўпчилик ташриф буюраётгани ҳақида маълумот олишлари мумкин.

ФОЙДАЛАНИШ

Порталдан тўлақонли фойдаланиш ҳамда давлат органларига мурожаат қилиш учун энг аввало сиз ID.uz – Ягона идентификация тизимидан рўйхатдан ўтган бўлишингиз зарур. Ягона порталга кираётганда айнан ўша ID профилингиз маълумотларини киритасиз.

Шундан сўнг, Сизга фойдаланувчи кабинети очилади. У ерда Профил, Юридик шахс, Менинг аризаларим, Менинг қораламаларим, Менинг маълумотларим каби бўлимлар мавжуд.

Фойдаланувчининг шахсий кабинети

Профилда Сизнинг шахсий маълумотларингиз жойлашган бўлади ва уни тегишлича таҳрирлаш имкониятига эгасиз.
Менинг аризаларим бўлимида Сиз юборган аризалар рўйхати, уларнинг ҳолати ва уларга берилган жавоб хатлари билан танишишингиз мумкин.

МУРОЖААТ ЮБОРИШ

Ягона порталнинг энг қулай томони бу давлат органларига бевосита электрон мурожаат қила олиш имконияти борлигидир. Бу фуқароларга анча қулайликлар яратади. Агар илгари ёзилган мурожаатни чоп этиб, конвертга солиб, почтадан юбориб ёки бевосита фуқаронинг ўзи ўша мурожаат хатини давлат органи биносига олиб бориб бериб, ортиқча ҳаражат ва ҳаракат, асосийси қимматли вақтни йўқотган бўлса, эндиликда уйда ўтирган ҳолда ҳам, кўчага бир қадам чиқмасдан тегишлича шикоят қилиш, ариза ёки таклиф бериши мумкин.

Хўш, савол туғилади: қандай қилиб мурожаат қилиш мумкин?

Бу саволга батафсил жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Аввало юқорида таъкидланганидек, Ягона портал тизимига кирасиз. Сўнгра порталнинг юқори ўнг бурчагида турган “Davlat tashkilotiga murojaat qilish” тугмасини босасиз. Сизга 5 қадамдан иборат қуйидаги ойна очилади:

1-қадам. Сиз мурожаат қилаётган шахс турини танлайсиз: Жисмоний ёки юридик.

2-қадам. Сўнгра Сиздан шахсингизни тасдиқлаш сўралади. Агарда Сиз “Фойдаланувчи кабинети”даги “Профил” бўлимида ўзингизга тегишли маълумотларни киритган бўлсангиз, унда 2-қадамда автоматик равишда ўша маълумотлар пайдо бўлади, қайтадан “Америка очишингиз” шарт бўлмайди.

3-қадам. Мурожаат қилмоқчи бўлган ташкилотни танлайсиз.

4-қадам. Мазкур қадам энг асосий босқич ҳисобланиб, бу ерда қуйидаги маълумотларни тўлдиришингиз зарур бўлади:

Мурожаат соҳаси – нима масалада эканлиги;

Мурожаат тури – ариза, шикоят ёки таклиф;

Жавоб олиш йўли – Сизга қандай жавоб қайтаришсин: электрон почта ёки почта орқали хат билан;

Мурожаатнинг кўриниши – шахсий, оммавий;

Мурожаат мавзуси – нима мавзуда мурожаат қилаётганлигингиз қисқача;

Мурожаат матни – мурожаатингизни батафсил тушунтирасиз;

Файлни илова қилиш – агар мурожаатингизга бирон файл (ҳужжатнинг сканер варианти, фото ёки видеоматериал ва ҳ.к.) илова қилмоқчи бўлсангиз, уни қўшишингиз мумкин.

Агарда барчасини тўғри бажарганингизга ишончингиз комил бўлса, унда сизда учта вариант бўлади: Имзо чекиш, юбориш ва қораламани сақлаш.

Имзо чекиш – бу ерда ЭРИ модули, яъни электрон рақамли имзо орқали тасдиқлашингиз мумкин.

Юбориш – тушунарлидир.

Қораламани сақлаш – агарда ёзган мурожаатингизни ҳали юбориш учун етарли деб ҳисобламасангиз, унда ушбу тугма орқали уни сақлаб қўйишингиз ва кейинчалик яна таҳрир қилиб, юборишингиз мумкин.

5-қадам. Мазкур қадам “Тамом” деб номланиб, мурожаатни юбориш ёки қораламага сақлаш тамомланганлигини билдиради. Амалий олиб қараганда бу қамад ҳеч нарсани англатмайди, шунчаки маълумот беради холос.

МУРОЖААТГА ЖАВОБЛАР

Сизнинг мурожаатингизга жавоб келганини қандай биласиз?

Энг аввало фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун SMS хизмат жорий этилган. Яъни шахсий маълумотларингизга киритган телефон рақамига учта ҳолатда SMS-билдиришномалар келади. Булар:

1. Мурожаат юборилганда.

2. Мурожаат кўриб чиқиш учун қабул қилинганда.

3. Мурожаатга жавоб берилганда.

Шунингдек, мурожаат ҳолатини “Менинг аризаларим” саҳифасидан кўришингиз мумкин. Агарда мурожаатга жавоб берилган бўлса, унда ўша мурожаат саҳифасига кириб, энг пастига тушсангиз “Natija” деган жойдан жавоб хатини олишингиз мумкин бўлади.

МУАММОЛАР, КАМЧИЛИКЛАР, ХАТОЛАР

Ягона портал муаммолари ҳақида сўз очадиган бўлсак, энг аввало имловий хатолар ва ўзбек тили билан боғлиқ муаммоларни айтиб ўтмасдан иложимиз йўқ. Сабаби Ягона Портал давлат томонидан кўрсатиладиган интерактив хизматларнинг расмий макони. Қанақадир форум эмас, оддий бир саҳифа эмас. Ҳукумат даражасидаги лойиҳа. Мана шу жойда давлат тилида имловий хатоларнинг бўлиши ачинарли ҳолат. Хўп, энди аниқ мисолларга ўтаман:

1. Порталдаги “ў” ҳарфининг лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувидаги вариантини ёппасига тўғрилаб чиқиш керак. Биламизки, “ў” ҳарфи ёзилганда о‘ шаклида ёзилади, о’ эмас. Сабаби, биз кўпинча қўллайдиган – ’ – белгиси, аслида тутуқ белгисини билдиради. Бу борада Порталда кўплаб хатоларни учратиш мумкин.

2. Мурожаат юборишнинг 2-қадамидаги паспорт серияси ва рақами сўралган майдонча остида қуйидагича изоҳ бор:
Ma’limotlar AA0000000 formatida kiritilishi lozim

Шу ерда “маълИмот” эмас, “маълУмот” бўлиши керак.

3. Мурожаат юборишнинг 4-қадамидаги жавоб олиш йўли деган қисмида ҳам имловий хатолик мавжуд. “Javob olish yUli” эмас, “Javob olish yo‘li” бўлиши керак.

4. Мурожаатга юборилган жавоб хати юклаб олинадиган бўлимда қуйидагича ёзув бор:

“Мурожаатингизга жавоб хати”

Мана шуни кирилл алифбосидан лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувига ўгириш керак.

5. Худди шундай ўгиришни “Mеhnat faoliyatini tasdiqlash to’g’risidagi arxiv ma’lumotnomalarini bеrish” хизматида ҳам қилиш лозим. Мазкур хизматнинг 4-қадамида ёзувлар ярми кириллча, ярми лотинча турибди.

6. Шунингдек, бир қанча саҳифаларда рус тилидаги ёзувларни ўзбек тилига таржима қилиш керак. Масалан, мурожаат юборишнинг 4-қадамида “Faylni ilova qilish” қисмидаги сўзларни русчадан ўзбекчага таржима қилиш керак. Хусусан:

Обзор => Tanlash
Файл не выбран => Hozircha fayl tanlanmagan

Албатта, бошқача маъқулроқ вариантда ҳам таржима қилиш мумкин, асосийси русча турмаса бўлди.

7. Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш (веб сайт) интерактив хизматидан фойдаланиш учун мурожаатнинг 4-қадамидаги барча матнлар рус тилида. Шуни ўзбекчага ўгирса бўлади, менимча.

8. Менинг маълумотларим саҳифасида “Shaxsiy xisob raqamlar” деган ёзув бор. Шундаги “Xisob” сўзини “Hisob”га ўзгартириш керак. Умуман олганда худди шу жойда тўғри варианти ҳам турибди.

9. Яна худди ўша саҳифадаги “ERI sertifikatlari” бўлимига кирсак, “Сертификат ЭЦП от UNICON” деган ёзувга дуч келамиз. Шуни ўзбекчага ўгириб “UNICON dan ERI sertifikati” деб ўзгартириш керак.

10. “ERI sertifikatlari” бўлимида сертификат юклаш учун кириладиган саҳифадаги мана бу русча сўзларни ҳам ўзбек тилига ўгириш керак:

Сертификат ЭЦП от UNICON

Обзор

Файл не выбран

Сохранить

11. Ягона порталнинг энг сўнги қисмида берилган менюлар орасида “Конкурс” деган меню турибди. Шуни “Tanlov”га ўзгартириш керак. Гап шундаки, Ягона порталнинг Бош саҳифасида “Tanlov” турибди, тўғри. Лекин “Foydalanuvchi kabineti”га кирсангиз яна “Конкурс”га айланиб қолади.

12. Яқинда ишга тушган “Tashkilot saytlari reytingi” саҳифасидаги барча “akTsiyadorlik” сўзини “aksiyadorlik”га ўзгартириб чиқиш керак.

13. Фуқарога мурожаатнинг юборилганлиги ҳақида жўнатиладиган SMS-билдиришномада ҳам имловий хатолик мавжуд.

“tahkilotiga” деган сўзни “tashkilotiga” деб ўзгартириш керак.

14. Ва охирида яна бир хатолик ҳақида гапириб ўтмасам бўлмайди. Ягона порталнинг “Portal to`g`risida” деб номланган саҳифасида лойиҳа ҳақида маълумотлар берилган. Лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, хизматдан фойдаланиш шартлари ва ҳ.к. Ўша саҳифанинг энг охирида Порталга оид меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати келтирилган бўлиб, унда Вазирлар Маҳкамасининг айнан ушбу Портални ташкил этиш ҳақидаги энг муҳим Қарорининг санаси нотўғри кўрсатилган. “2012 йил 12 декабрдаги” деб изоҳ берилган Қарор аслида 30 декабрь куни имзоланган.

Ягона порталдаги Қарор санаси

Lex.Uz – Миллий қонунчилик базасидаги Қарор санаси

ТАКЛИФЛАР

1. Энг аввало Ягона портал ташкилий гуруҳига ўзбек тилини, айниқса лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзуви имлосини яхши биладиган мутахассис ишга олинишини таклиф қиламан ёки агарда шундай ходим бўлса, унда салгина масъулият билан ишлашини илтимос қиламан. Чунки нафақат Ягона портал контентида, балки унга жойланаётган хабарлар, маълумотларда ҳам кўплаб имловий хатолар учрамоқда. Масалан, мана бу янгилик: Yagona portalga sohaning quyi tashlotlarini ulash boshlandi

Хабар сарлавҳасидан бошлаб, имловий хатоларни топиб олаверинг, ўзингиз.

2. Олдинги таклифнинг давоми сифатида. Ягона порталда фойдаланувчи томонидан аниқланган хатоликларни маъмуриятга Ctrl+Enter тугмалари орқали хабар беришнинг осонлаштирилган хизматини жорий этиш керак. Масалан, худди шундай хизмат “ZiyoNet” порталида мавжуд. Шунда анча муаммоларнинг олди олинган бўлар эди.

ZiyoNet порталидаги имловий хатоларни маъмуриятга хабар қилиш хизмати

3. Ягона порталда онлайн маслаҳат бериш хизматини жорий этиш керак. Мен ушбу мақолани ёзиш чоғида, бошқа давлатлардаги Электрон ҳукуматлар билан танишиб чиқдим ва айтишим мумкинки, Қозоғистон Республикаси Электрон ҳукумат порталида айнан онлайн маълумот бериш хизмати мавжуд экан. Унга кўра Сиз “Онлайн консультант” хизматига мурожаат қилишингиз мумкин.

Хизматнинг қай даражада ишлашини синаб кўриш мақсадида, ўзим ана шундай мурожаатни амалга ошириб кўрдим. Дастлаб менга автожавоб келди, яъни “Сизнинг мурожаатингизни қадрлаймиз, бироз кутиб туринг” деган мазмунда. 1 дақиқадан сўнг, “Узр, бизда ҳамма операторлар банд эди, яна озгина кутинг ёки кейинроқ мурожаат қилинг” деган хабар келди. Кутдим. Орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас, Мадина исмли онлайн консультант мен билан алоқага чиқди.

Egov.kz порталидаги онлайн консультант хизмати

Ушбу хизматнинг афзаллик томони онлайн консультантларга мурожаат қилиш учун алоҳида рўйхатдан ўтиш талаб қилинмас экан. Шунчаки исм-фамилияни ёзиб қўйса бўлди. Бу мурожаат қилиш жараёнини анча осонлаштиради.

Шунингдек, қўнғироқ қилиш функцияси ҳам бор экан. Бу янада яхши.

Айтиб ўтишим мумкинки, бундайин онлайн консультант хизмати юртимиз учун ҳам янгилик эмас. “Beeline” алоқа оператори 0611.beeline.uz манзилида айнан мана шундай хизматни кўрсатади.

“Beeline” онлайн қўллаб-қувватлаш чати

4. Буни аслида “Муаммолар” қисмига ёзишим керак эди, лекин таклиф сифатида ёзишга қарор қилдим. Хуллас, қилинган мурожаатлар ҳақида фуқароларга юбориладиган SMS-билдиришномаларни давлат органлари, яъни мурожаат йўналтирилган субъектлар учун ҳам йўлга қўйиш керак. Яъни ўша давлат органининг масъул вакилига “Сизга мурожаат келди” деган SMS борсин. Чунки шунақа ҳолатлар бўлмоқда-ки, мурожаат 20-25 кундан кейин кўриб чиқиш учун қабул қилинмоқда. Аслида шуни вақтлироқ қабул қилиб, вақтлироқ жавоб бериш ҳам мумкин.

Балким бу таклифим амалда мавжуддир, яъни давлат органларига ҳам мурожаатлар ҳақида қандайдир билдиришномалар юборилар. Агар бу нарса амалда мавжуд бўлса, унда ижро интизомини янада такомиллаштириш учун чоралар кўриш керак.

5. Баъзан мурожаатга давлат органи томонидан жавоб қайтарилган вақтда Ягона порталга бу нарса киритилмай қолмоқда. Яъни, давлат органи аллақачон фуқаронинг мурожаатига жавоб ёзган, бироқ Ягона порталда бу нарса ўз аксини топмаган. Бу борада ўз тажрибамдан аниқ мисол келтираман.

Мен веб-сайтни рўйхатдан ўтказиш бўйича Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига 21 октябрь куни мурожаат қилган эдим. Мазкур мурожаатимга 13 ноябрь куни почта орқали жавоб хати олдим. Лекин ҳалигача Ягона порталда мурожаатим ҳолати “Yangi” бўлиб турибди. Ҳаттоки, кўриб чиқиш учун қабул қилинди деган белги ҳам йўқ. Аслида эса жавоб олиб бўлдим.

Иккинчи мисол. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қилган мурожаатимни олайлик. Мен мурожаатимни 14 ноябрь куни юборгандим. 15 ноябрда эса кўриб чиқиш учун қабул қилинди. 19 ноябрда жавоб хатини олдим. Лекин ҳалигача Ягона порталда мурожаат ҳолати “Qayta ishlash jarayonida” бўлиб турибди.

Мана шу муаммо устида дастурчилар жиддийроқ бош қотиришса бўлар эди. Чунки бу нарса ўз навбатида жавоб берилмаган мурожаатлар статистикасига ҳам таъсир қилади.

Таклифим: давлат органларининг порталдаги шахсий кабинетида яққол кўриниб турадиган қандайдир билдиришнома (оповещение) чиқиб турса ва уларга жавоб берилмаган мурожаатлар ҳақида алоҳида эслатиб турса. Балким бу нарса ҳам бордир, менинг хабарим йўқ. Бор бўлса, демак яхши ишламаётган экан.

6. Юқоридаги иккита таклифни умумлаштирувчи таклиф. Лекин буни қанчалик амалга оширишнинг имкони бор ёки йўқ, билмадим. Хуллас, давлат органларининг ҳужжатлар йиғма жилди номенклатурасига янги папка – Ягона портал (my.gov.uz) папкасини таъсис этиш керак. Яъни Ягона порталдан келган фуқароларнинг мурожаатлари ва уларга қайтарилган жавоб хатларининг алоҳида рўйхатга олиш журнали (кириш/чиқиш журнали) юритилиши лозим. Шунда ташкилотга келган барча кириш ҳужжатлари орасида электрон мурожаатлар бошқа шаклдаги мурожаатлар билан қўшилиб, аралашиб кетмайди. Бу эса уларнинг ижросига сезиларли ижобий таъсир қилиши мумкин.

Бундан ташқари, электрон мурожаатларга берилаётган жавоб хатларига қўйиладиган чиқиш рақамлари айнан Ягона порталдаги ID орқали белгиланади ва айнан порталдаги давлат органининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтказилади, бу эса юқоридаги каби аллақачон жавоби берилган, лекин жавоб хати Ягона порталга киритилиши “эсидан чиқиб” қолган ҳолатларни буткул йўқолишига олиб келади.

7. Биламизки, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ўзгартириш бўлимига телефон рақамини киритиш мумкин. Ўша телефон рақами киритилганда ҳеч қандай тасдиқлаш (подтверждения) сўрамайди. Бу ёмон! Чунки бу ерда исталган телефон рақамини кўрсатиш мумкин, ҳаттоки бегонанинг рақамини ҳам. Майли, яхши гумонда бўлиб, кимдир атайин бировнинг рақамини киритади деб ҳисобламаймиз. Лекин адашиб, битта рақамни нотўғри териб юборса ҳам, бу мутлақо ўзга одамнинг тинчини бузилишига олиб келади. Ҳар сафар унга нотаниш SMSлар боради ва энг ёмони у бу хизматни қандай ўчиришни билолмай ҳалак бўлади.

Таклиф: Шахсий маълумотлар қисмига телефон рақами киритилаётганда телефонга махсус код жўнатиб, ўша кодни киритгандан кейингина телефон рақамини тасдиқлашни йўлга қўйиш керак. Масалан, бу хизмат ID.uz сайтида мавжуд.

8. Ягона портал хизматлари рўйхатига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг сенаторларига мурожаат қилиш имкониятини қўшиш керак. Бу хизматда фақатгина, Олий Мажлис Сенатига эмас, балки агарда фуқаро хоҳласа ҳудудлар бўйича аниқ бир муайян сенаторга мурожаат қила олиш имконини бериш керак. Ушбу хизматда ҳудудлар бўйича 100 нафар сенаторлар рўйхати мурожаат қилиш субъектларига киритиб чиқилади. Таклифга қўшимча сифатида айтишим мумкинки, қилинган мурожаат ҳақида ўша сенаторга SMS-билдиришнома борадиган қилиш ҳам мумкин. Бу янада иш сифатини оширишга хизмат қилади.

9. Биламизки, Ягона портал орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мурожаат қилиш мумкин. Худди шу жойга юқоридаги сенаторлар билан боғлиқ таклифни ҳам илгари сураман. Яъни ҳудудлардаги сайлов округлари орқали сайланган муайян бир аниқ депутатга мурожаат қилиш имкониятини яратиш керак. Масалан, Сурхондарёнинг Узун туманида истиқомат қилувчи фуқаро бирон масала юзасидан Узун туманидаги сайлов округидан сайланган депутатга мурожаат қилиши мумкин бўлсин. Бу мурожаатлар унумдорлигини янада оширади деб ўйлайман. Худди шунга ўхшаш хизмат Қонунчилик палатасининг расмий сайтида (parliament.gov.uz) йўлга қўйилган, фақат бироз бошқача кўринишда.

10. Ягона портал орқали онлайн хизмат кўрсатишнинг имкони бўлмаган ҳамда ўша хизматдан фойдаланиш учун албатта давлат органларига бевосита бориш шарт бўлган ҳолатлар учун онлайн навбат олиш имкониятини яратиш керак. Масалан, бирон маълумотноманинг қоғоздаги асл нусхасини олиш учун (айтайлик қарздорлиги йўқлиги ҳақида) солиқ органларига бориш керак бўлди. Ягона портал орқали Сиз қайси куни, қайси вақтда боришингизни кўрсатиб, тегишли тартибда рўйхатдан ўтган ҳолда навбат олишингиз ва ўша вақтда олдиндан кўрсатилган инспекторга мурожаат қилиб, юмушингизни ўз вақтида, ортиқча қийинчиликларсиз битиришингиз мумкин бўлсин. Бу фуқаролар учун қўшимча қулайликлар беради ҳамда иш вақтини тўғри тақсимлаш учун шароит яратади. Худди шундай онлайн навбатларни кўплаб давлат органларига, масалан, Ички ишлар вазирлигининг паспорт ёки хорижга чиқиш, келиш бўлимларига, нотариус идораларига, электр, газ масалалари билан шуғулланувчи идораларга ва яна бошқа кўплаб давлат ташкилотларига қўллаш мумкин.

11. Фойдаланувчилар Ягона портал ҳақида ўз мулоҳазаларини қолдириш жараёнини янада такомиллаштириш ва осонлаштириш керак. Шунингдек, ўзгалар томонидан қолдирилган мулоҳазаларга изоҳ бериш функциясини қўшиш керак. Бу борада яна ўша Қозоғистондаги Ҳукумат портали тажрибасини мисол келтиришим мумкин. Уларда бу хизмат анча яхши қўйилган экан.

Egov.kz порталидаги фойдаланувчилар фикрлари

12. Порталнинг 4 ойлик фаолияти таҳлил қилиниб, унда фойдаланувчилар мурожаатларга берилган жавобларга баҳо беришмаётгани эслаб ўтилганди. Сабаби фойдаланувчиларнинг кўпчилиги баҳо бериш кераклигини ва ҳаттоки қаердан баҳо берилишини ҳам билишмайди. Дастурчилар шу муаммони ечиш ҳақида бош қотиришса ёмон бўлмасди. Масалан, фойдаланувчи кабинетига кирганда, билдиришнома катта экранга чиқсин: “Сизнинг мурожаатингизга жавоб беришди, агар жавоб Сизни қониқтирган бўлса, баҳо беринг” деган. Худди шундай функция “Beeline” онлайн қўллаб-қувватлаш чатида мавжуд. Чиқиб кетаётганингизда Сиздан баҳо қўйишни сўрайдиган алоҳида катта ойна очилади.

“Beeline” онлайн қўллаб-қувватлаш чатидаги баҳо бериш функцияси

ШАХСИЙ ТАЖРИБА

Яхшилаб разм солсам, Ягона портал ҳақида роса кўп гапирибман ўзиям. Нега? Сабаби менга мазкур портал фаолияти роса манзур тушган. Анчадан буён шу ҳақида орзу қилиб юрар эдим. Мана аста-секин, тўлиқ ҳажмда бўлмаса ҳам, ўша орзуларим ушалмоқда. Хонадан чиқмаган ҳолда, интернет орқали турли масалаларда давлат органларига мурожаат қилиш, ишонинг, бу жоннинг роҳати!

Мана шунақа жоннинг роҳатидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпман. Шахсий тажрибам ҳақида айтадиган бўлсам, Ягона портал орқали илк мурожаатим Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига эди. Мурожаатим мазмуни реклама соҳасида йўл қўйилаётган қонунбузарликлар ҳақида бўлган. Қўмитадан тегишли тартибда жавоб хатини олдим. Ушбу мурожаат ҳақида, қуйидаги манзилдан батафсил ўқишингиз мумкин.

Шундан сўнг, “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниясига мурожаат қилдим. Ташкилот биноси олдидаги тошлавҳада компания номини нотўғри ёзишгани ва шуни тўғрилаб қўйишлари кераклиги тўғрисида. Ушбу мурожаат ҳақида, қуйидаги манзилдан батафсил ўқишингиз мумкин.

Шунингдек, Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига ҳамда яна бир имловий хатоликни тўғрилаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мурожаатлар юбордим. Ҳар иккала мурожаатга ҳам тегишли тартибда жавоблар олдим.

Барча жавоблар расмий мақомда, тегишли мансабдор шахс томонидан имзоланган ва рўйхатдан ўтказилган. Бундан ташқари, биронта мурожаатга кечикиб жавоб бериш ҳолатлари кузатилмади. Ҳозирча кўнглим тўқ.

Ҳали Ягона портал орқали шахсий ёки жамият манфаатларини кўзлаб, турли масалаларда кўплаб мурожаатлар қилиш ниятим бор. Имконият, шароит нима учун яратилади, агар биз ундан унумли фойдаланмасак? Фойдаланиш керак! Шунақа фойдаланиш керакки, давлат органлари электрон мурожаатларга жавоб ёзавериб, айтилган муаммоларни бартараф қилавериб, берилган таклифларни ҳаётга тадбиқ этавериб чарчаб кетишсин! Майли, шунақа бўлсин! Асосийси ёки биз фуқароларга, ёки жамиятимизга шу мурожаатлардан кичкина бўлса-да фойда бўлсин, шуни ўзи катта гап!

Ягона портал фаолиятига омадлар тилаб қолгувчи,
Хушнудбек.

www.xushnudbek.uz

Поделиться

8505 marta ko`rilgan

Ommabop xizmatlar

Yuborilmoqda...

Qayta aloqa

* belgisi bilan ajratilgan maydonlar to`ldirilishi shart.

Tasvirdagi belgilarni kiriting*
Harflar katta yoki kichikligining ahamiyati yo`q.
Murojaat yuborish

Davlat organi rahbariyati qabuliga yozilish

Tadbirkorlik

Qayta aloqa