Қатор маълумотларни талаб қилиш бекор бўлади
Президентнинг “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига (24.07.2021 йил ПФ-6269-сон) кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан қатор маълумотлар талаб қилинмайди.
Жумладан,
а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи:
▪️ тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;
▪️ лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотларни;
▪️ давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида маълумотларни;
▪️ қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни;
▪️ кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотларни;
▪️ жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотларни;
▪️ олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;
▪️ жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;
▪️ жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;
▪️ фуқаро “Ёшлар дафтари” ёки “Аёллар дафтари”да мавжудлиги тўғрисида маълумотларни;
▪️ ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни;
▪️ олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни;
б) қуйидаги ҳужжатларни:
▪️ молиявий ҳисоботлар нусхаларини;
▪️ жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни;
▪️ ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинади.
Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда юқоридаги ҳужжат ва маълумотларни белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.