Жисмоний ва юридик шахсларга «ягона дарча» тамойили бўйича, шу жумладан олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш;
давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик;
идоралараро ҳамкорликни, энг аввало, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи электрон ҳамкорликни амалга ошириш;
давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларга малакали ахборот ва маслаҳат ёрдамларини тақдим этиш;
ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлаш.
Мобайл-ID тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланиб, шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 8-бандига мувофиқ қуйидагилар Вазирлик тизимига киради:
Вазирлик марказий аппарати;
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари, юридик хизмат кўрсатиш марказлари, давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари;
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти;
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази;
«Адолат миллий ҳуқуқий ахборот маркази» давлат муассасаси;
«Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаси;
«Давлат хизматларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаси;
«Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси;
давлат нотариал идоралари ва архивлари;
Юристлар малакасини ошириш маркази;
Тошкент давлат юридик университети;
юридик техникумлар;
Академик лицей.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)dan Жисмоний шахслар учун электрон рақамли имзо олиш хизматидан фойдаланишингиз мумкин.
Хизматдан фойдаланиш учун қўлланма
Расмий ҳужжатларга апостил қўйиш Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги 129-сонли Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб янги туғилган болага, Ўзбекистон фуқаросига, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсга ва хорижий фуқарога белгиланган намунадаги идентификация ID-картаси берилади.
ID-карта шахсни, фуқароликни тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланиб, Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилади. ID-карта 10 йил муддатга берилади.
ID-карта расмийлаштирилганлиги ва берилганлиги учун давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2030 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.10.2018 йилдаги 797-сон қарори билан тасдиқланган «Судланганлик ҳақида маълумотнома бериш бўйича» давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 5-бандига мувофиқ, ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.
Шунингдек, ушбу регламентнинг 6-бандига мувофиқ ариза берувчининг яқин қариндошлари (ота-онаси, эри ёки хотини ва болалари) ҳам ариза бериши мумкинлиги кўрсатилган.
Мобайл-ИД тизимидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
OneID тизими орқали давлат органлари ва ташкилотларининг портал ва ахборот тизимларига киришда фойдаланувчиларнинг шахсини тасдиқлаш (аутентификация қилиш);
Мобайл-ID тизимидан фойдаланаётган фойдаланувчининг ҳақиқийлигини тасдиқлаш (верификация қилиш);
электрон давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича фойдаланувчилар томонидан берилган аризаларни тасдиқлаш;
фойдаланувчи ўзининг шахсига доир маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари «Электрон ҳукумат» тизими орқали олганда бу ҳақида хабарномалар қабул қилиш;
фойдаланувчи ўзининг шахсига доир маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, нодавлат ташкилотлар «Рақамли ҳукумат» тизими орқали олиши учун рухсат бериш;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.09.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–6065-сон Фармонига мувофиқ идентификация ID-карталарини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
паспорт;
туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);
давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).
Бугунги кунда Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари департаменти биносида ситуацион марказ ўрнатилган. Бу орқали, барча ҳудудларимизда мавжуд давлат хизматлари марказларини онлайн назорат қилиш имконияти яратилган. Бу эса ўз навбатида давлат хизматларини ўз вақтида тезкор ва шаффоф кўрсатилишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, доимий равишда вазирлик ходимлари томонидан Давлат хизматлари марказлари фаолиятини мониторинг қилиш мақсадида «Сирли мижоз» ва рейд тадбирлари ўтказиб борилади.
Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда махсус техник қурилмалар (планшет ёки компьютерга ўрнатилган дактилоскопия, принтер ва бошқалар) ёрдамида кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш тартиби белгиланди.
Ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат хизматлари марказлари;
ариза берувчи — давлат хизмати жойига чиқиш орқали кўрсатилиши истагини билдирган жисмоний ва юридик шахслар.
Давлат хизматлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Алоқа марказига ёки унинг расмий веб-сайтига («Call-марказ» ёки расмий веб-сайт) мурожаат қилиш орқали кўрсатилади.
Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланишга ариза юбориш учун Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда — БҲМ) 50 фоизи, вилоят марказларида БҲМнинг 40 фоизи, туман (шаҳар)ларда БҲМнинг 30 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.
Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўлов ундирилмайди.
Ушбу Регламент миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, шунингдек, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланиш учун «Call-марказ» ёки расмий веб-сайт орқали мурожаат қилади.
«Call-марказ» орқали сўровномалар соат 09:00 дан 18:00 гача иш вақти давомида қабул қилинади.
Расмий веб-сайт орқали сутканинг исталган вақтида мурожаат қилиниши мумкин.
Ариза берувчи «Call-марказ»га мурожаат қилган тақдирда, «Call-марказ» ходими ариза берувчи номидан, расмий веб-сайт орқали мурожаат этганда эса, сўровномани мустақил равишда тўлдиради.
Давлат хизматларини кўрсатиш вақти ваколатли органнинг иш вақти доирасида белгиланади.
«Call-марказ»нинг масъул ходими ариза берувчига давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгиловчи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган давлат хизматидан фойдаланиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар (маълумотлар) тўғрисида маълумот беради.
Ариза берувчи сўровномада кўрсатилган давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматини кўрсатишда талаб этиладиган барча ҳужжатларни (маълумотларни) тайёрлаб қўйиши лозим.
Сўровнома шакллантирилиб, сўровномадаги тегишли маълумотлар ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг унинг мобил телефон рақамига белгиланган миқдордаги тўловни амалга ошириш учун инвойс автоматик равишда юборилади.
Ариза берувчи томонидан тўлов амалга оширилган вақтнинг ўзида сўровнома ваколатли органга автоматик равишда юборилади.
Ваколатли органнинг масъул ходими томонидан давлат хизматлари қуйидаги шаклларда кўрсатилади:
- давлат хизматларини тўлиқ кўрсатиш (давлат хизматлари маркази давлат хизматларини кўрсатишга масъул бўлганда);
- давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматини кўрсатишга масъул бўлган ваколатли органларга ариза юбориш.
Ваколатли органнинг масъул ходими ариза берувчи билан телефон орқали боғланиб, сўровномада кўрсатилган жойга чиқади ҳамда махсус техник қурилмалар ёрдамида давлат хизматларини кўрсатади ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматини кўрсатишга масъул бўлган ваколатли органларга ариза юборади.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан унинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади ва тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.
Агар ваколатли органнинг масъул ходими сўровномада кўрсатилган жойга етиб келган вақтдан бошлаб 30 дақиқа мобайнида ариза берувчи сўровномада кўрсатилган вақтда ва манзилда бўлмаса, давлат хизматларини кўрсатиш учун тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар (маълумотлар)ни тақдим этмаса, давлат хизматларини кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш рад этилади.
Бунда ваколатли органнинг масъул ходими томонидан ариза берувчига давлат хизматларини кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш рад этилганлиги тўғрисида СМС-хабарнома юборилади (рад этиш сабаблари батафсил кўрсатилади).
Мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатларда давлат хизматларини кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш рад этилган тақдирда, тўланган тўловлар қайтарилмайди.
Ваколатли орган масъул ходимининг айби (кечикиши ёки келмаслиги, ахборот тизими ёки махсус техник қурилмалардаги носозликлар) билан давлат хизматлари белгиланган муддатларда ва тартибда кўрсатилмаган ҳолатларда давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишда ундириладиган тўлов миқдорлари ариза берувчининг мурожаатига асосан унга қайтарилади.
Ариза берувчи мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган ҳолатларда давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишда ундириладиган тўловни қайтариб олиши ёки давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишда ундириладиган тўловни такроран амалга оширмасдан давлат хизматларидан бошқа вақтда фойдаланиши мумкин. Бунда ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланиш учун мазкур бобда белгиланган тартибда мурожаат қилади.
Ариза берувчи хоҳишига кўра, давлат хизматларини кўрсатиш натижасини Давлат хизматлари марказларига бевосита ташриф буюриб, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ёки почта алоқаси орқали олиши мумкин. Бунда почта харажатлари ариза берувчи ҳисобидан қопланади.
Почта алоқаси томонидан кўрсатилган хизмат учун тўлов миқдори почта хизмати томонидан белгиланади.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти:
- давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;
- давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмларни белгилайди;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларига тааллуқли давлат фуқаролик хизмати лавозимига шахсларни тайинлайди ва лавозимидан озод қилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Давлат фуқаролик хизматчисига махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган шаклдаги хизмат гувоҳномаси берилади.
Хизмат гувоҳномасида давлат фуқаролик хизматчиси эгаллаган лавозими, унинг малака даражаси, давлат органининг тўлиқ номи, гувоҳнома берилган сана ва унинг амал қилиш муддати кўрсатилади.
Хизмат гувоҳномаси давлат фуқаролик хизматчиси тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлайдиган идентификацияловчи карта кўринишида ҳам берилиши мумкин.
Хизмат гувоҳномасини бошқа шахсларга бериш мумкин эмас.
Хизмат гувоҳномасининг амал қилиш муддати ўтган ёки давлат фуқаролик хизматчиси лавозимдан озод этилган тақдирда, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда хизмат гувоҳномаси уни берган давлат органига қайтарилади.
Давлат органида давлат фуқаролик хизматчиси учун беш кунлик иш ҳафтаси белгиланади. Бунда иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига қирқ соатдан ошмаслиги керак.
Уч ёшга тўлмаган болалари бор давлат фуқаролик хизматчилари бўлган ота-онасидан бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган иш вақти давомийлиги белгиланади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг лавозим йўриқномаси давлат фуқаролик хизматчисининг мансаб ваколатларини, хизмат мажбуриятларини ва жавобгарлигини белгилайдиган ҳужжатдир.
Давлат фуқаролик хизматчисининг лавозим йўриқномаси давлат органининг раҳбари томонидан тасдиқланади ёки қонунчиликда белгиланади. Давлат фуқаролик хизматчиси меҳнат шартномасини имзолашдан олдин давлат фуқаролик хизматчиси лавозим йўриқномаси билан имзо қўйдириб таништирилиши керак.
Давлат фуқаролик хизматчисига қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин:
- лавозим маошига қўшимча устамалар;
- пул мукофоти;
- навбатдан ташқари малака даражасини бериш;
- миннатдорчилик эълон қилиш;
- қимматбаҳо совға, эсдалик ёки кўкрак нишони ёхуд ёрлиқ билан мукофотлаш.
Давлат фуқаролик хизматчиси алоҳида хизматлари учун қонунчиликда белгиланган тартибда давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.
- Расмий тушунтиришлар
- Таълим
- Лицензиялаш
- Соғлиқ ва ижтимоий ҳимоя
- Тадбиркорлик
- Экология
- Адлия
- УЖКХ
- Кадастр
- Солиқ
- Фуқаролик
- Маълумотномалар
- Маданият ва спорт
- Божхона
- Ахборот ва алоқа
- Транспорт
- Суғурта
- Ижтимоий масалалар ва Тиббий-ижтимоий хизматлар (пункт)
- Ёшлар
- Субсидия
- ФҲДЁ
- my.soliq.uz
- eco-service.uz
- e-visa.gov.uz
- license.gov.uz
- vacancy.argos.uz
- Коррупцияга қарши кураш
- Ўзбекистон ва хориждаги таълим грантлари
- Электрон иштирок
- UZIMEI
- Электрон харид
- Оналар учун имтиёзлар
- Синов тартибидаги хизматлар
- Эълонлар тахтаси
- MyID